Эркаклик бу эркалик эмас

Эркаклик бу эркалик эмас

Эркаклик  бу эркалик эмас

 

Аллоҳ таоло ҳар биримизни маълум бир мақомда яратди: фарзанд, она, ота, аёл ва эркак...

 Бу мақомлар тасодиф эмас — тақдир ва қадар масаласи. Масала шундаки, биз ушбу мақом ва мукофотларга лойиқмизми?

Бугун шу муҳим мақомотлардан бири – "эркак" ҳақида мулоҳаза қиламиз.

Аввало, эркак бўлиш – биологик жиҳатдан ҳам синов. Қанчалар ғайритабиий туюлмасин, эркак бўлиш хавфлидир. Уруғланган даврдан бошлаб эмбрион эркак бўлиши учун курашмоғи лозим. Курашмаса, эркак бўлолмайди. Яъни, кураш асли эркак фитратида бор.

Доктор Альфред Хоэтнинг қайдларига кўра: “Инсон организмининг асосий яшаб кетишга қодир шакли – аёл. Эркак эса қўшимча (эпифеномен) саналади.”

Докторлар Михаэль Л. Густафсон ва Патрисия К. Донахью таъкидлайдики, эркак пайдо бўлиши учун бачадонда қатор молекуляр ва морфологик ўзгаришлар ўтиши керак. Бу жараёнда бирор нуқсон бўлса, эмбрион қиз сифатида шаклланади.

Доктор Эшли Монтегю эса Y-хромосомага эга бўлишнинг хавфини қайд этади: у Х-хромосомадан беш баробар кичик ва кўплаб генетик касалликларга масъул.Натижада, 30 дан ортиқ касалликлар эркакларда кўпроқ учрайди: туғма ақлий нуқсонлар, скелет муаммолари, тери безлари етишмаслиги ва ҳ.к.

Физологик жиҳатини кўрдик. Одам бир қоп гўшт эмас, у маънавий мавжудод. Келинг энди масаланинг ҳал қилувчи психологик ва маънавий томонини мулоҳаза қилсак. Диний қадриятларда эркак мақоми шунчаки жинсий аъзолар билан белгиланган ҳолат эмас, балки масъулият ва раҳбарлик мақоми ҳисобланади. Жумладан,

Қуръон каримда «Эркаклар аёллар устидан қаввомдирлар…» (Нисо, 34). Қаввом – моддий, маънавий ва муҳофазавий жиҳатдан оилани бошқарувчи ва ҳимоя қилувчи шахс. Бундан ташқари, “Ҳар бирингиз раъийдир (масъулдир) ва ҳар бирингиз қўли остидагидан масъулдир.”, деган мазмунда Бухорийдан ҳадис келтирилади.

Демак, бу жиҳатдан эркаклик – Аллоҳ олдида жавобгарлик ва адолатли раҳбарлик демакдир.

Энди аналитик психология нуқтаи назаридан эркаклар ҳаётида маълум босқичлар иборатлигига тўхталсак.

– Эркакнинг ҳаёти бир йўналишда кетмайди, – дейди Карл Густав Юнг — у турли босқичларда турли қиёфаларга киради:

  1. Бола – ҳимояга муҳтож ва ҳаётни ўрганувчи.
  2. Ёш йигит – орзу ортидан эргашувчи ва ўзини изловчи.
  3. Оилабоши – масъулият ва таянч манбаи.
  4. Раҳбар ёки устоз – тажрибасини бошқаларга етказувчи.
  5. Дон ишига (донишмандлик) қайтган оқсоқол – наслга мерос қолдирувчи.

Агар эркак ушбу босқичларни англамаса, у ички зиддиятлар, муносабатларда тушунмовчилик ва ҳаётдан қониқмасликка дуч келади.

Эркаклик – табиат берган жисм эмас, балки Аллоҳ берган масъулиятдир. У – биологик жиҳатдан мураккаб, маънавий ва психологик жиҳатдан оғир, аммо шарафли мақом. Ҳар бир эркак ўз мақомига лойиқ бўлиш учун доимий равишда ўзини тарбия қилиши ва ривожлантириши лозим. Бугун жамиятда, ижтимоий тармоқларда кўзга ташланаётган "катта болалар" ҳаракати психологик улғаймаган болаларнинг яққол кўринишидир. Бир босқичда қолиб кетган, улғайишни истамайдиган эркалар тармоқларда алқаланиши бу нотабиийлик аломати саналади. Эркакни тарбияси, унинг ҳар босқичдан пишган ҳолда ўтиши оила, жамият ва давлатнинг кун тартибидаги муҳим масаласи ҳисобланади. Илло, эркак бўлиш эркалик эмас, аввалидан то охиригача машаққат ва кураш деганидир.