Беҳбудий қайтди...

Беҳбудий қайтди...

Маҳмудхўжа Беҳбудий жамиятни ҳур, озод, фаровон, миллатимизни эса билимли ҳамда зиёли кўришни орзу қилганди. Беҳбудий мероси, унинг синовлар, турли мураккабликлар, мушкулотларга тўла ҳаёти ва фаолияти шу маънода ҳам биз учун ҳали ўқилмаган китоб...

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини қайта-қайта ўқиб, давлатимиз раҳбарининг “...2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади. Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак.

Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”, деган гапларини эсладим. 

Туркистон жадидчилик ҳаракатининг отаси саналган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарор яна бир бор Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг ортга қайтмаслиги ва уларда тарихга холис муносабат масаласида сиёсий ирода кўрсатилаётганининг ифодаси бўлди.

Тарихий ҳужжатда Беҳбудий фаолиятини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш, мутафаккир адибнинг “Танланган асарлар” тўплами, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий-оммабоп китобларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида спектакллар саҳналаштириш ҳамда  бугунги кунга қадар яратилган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” киносериали ва “Халқ юраги” номли бадиий-публицистик фильмларининг оммавий намойишларини ташкил қилиш, энг асосийси, умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари, “Темурбеклар мактаблари” курсантлари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Маҳмудхўжа Беҳбудий сабоқлари” мавзусида иншолар танловини ўтказиш каби тадбирлар аниқ-тиниқ  белгилаб берилди.

Маълумки, Маҳмудхўжа Беҳбудий тарихимизнинг ғоят оғир ва мураккаб бир даврида яшади. Ўлкамизни босиб олган Россия империяси узоқ йиллар зўр бериб, уни турғун ва тутқун сақлашга уринаётган бир шароитда Ватанни бутунлай йўқ бўлишдан сақлаб қолиш, авлодларни озодлик ва мустақиллик руҳида тарбиялаш, маърифат ва тараққиётга бошлаш Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг издошлари зиммасига тушганди. Улар Туркистонда “Усули жадид”, “Усули савтия” номлари билан шуҳрат топган янги мактабларни очиб, ўқитиш тизимини ислоҳ қилдилар. Хусусий мактаблар очиб, болаларга диний фанлар билан бирга аниқ ва табиий фанларни ўқитдилар, шеър ва мақолалари ҳамда саҳна асарлари орқали миллий онгни шакллантириш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришга уриндилар. 

1903 йил аллома ташаббуси билан шогирдлари Сиддиқий Ажзий Ҳалвойи, Абдуқодир Шакурий Ражабамин қишлоғида, Ҳожи Муин Хўжа Нисбатдор маҳалласида жадид мактабларини очишди. Беҳбудий мактаблар фаолиятини ташкил этиш билан бирга, улар учун “Рисолаи асбоби савод” (1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (1905), “Рисолаи жуғрофийойи Русий” (1905), “Китобат ул-атфол” (1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби дарслик ва қўлланмалар ёзди. 

1908 йилда эса “Қироатхонайи Беҳбудия” (кейинчалик “Беҳбудия” номи билан машҳур бўлган) кутубхонасини очади. Ушбу кутубхона икки навбатда – соат 9 дан 17 гача ва соат 18 дан 24 гача ишлаб, 60 дан 110 гача бўлган китобхонларга хизмат кўрсатган. Аллома “Самарқанд кутубхона исломияси” мақоласида кутубхонада 600 та китоб ва рисола, газета ва журналлар эса ундан ҳам кўп бўлганини ёзади. 1914 йилги  саёҳати давомида Кавказ, Қрим, Туркия, Юнонистон, Булғористон, Австрия ва Германиянинг турли шаҳарларида бўлиб, у ерлардан ўз кутубхонаси учун жуда кўп китоб ва рисолалар олиб келади. 

Маҳмудхўжа Беҳбудий бу билан чекланиб қолмади. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бориш, миллат ва Ватан аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлиш учун 1913 йилдан матбуот ишларини йўлга қўяди ва  шу йилнинг апрелидан “Самарқанд” газетаси, август ойидан эса “Ойина” журналини чиқара бошлайди. 1913 йилнинг 17 сентябрида газетанинг 45-сони чиққан бўлиб, бир томондан, мустамлакачилар цензураси, иккинчи томондан, етарли маблағ бўлмагани сабаб тўхтатилади.

“Ойина”нинг обуначилари нафақат Туркистон, балки Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркияда ҳам бор эди. 1915 йилгача нашр қилинган журналда Туркистон аҳолисининг ҳақ-ҳуқуқи, тарихи, тил-адабиёт масалаларига бағишланган ғоят муҳим мақолалар, баҳслар бериб борилган. 

Шунинг учун ҳам “Ойина” журнали таҳририятининг фаолияти мустамлакачилар томонидан доимий назоратда бўлган. Ўзбекистон Миллий архивида Туркистон ҳарбий округининг штаб бошлиғи имзоси билан Самарқанд вилоят ҳарбий губернаторига 1914 йил 19 август куни 100-хат юборилган бўлиб, унда Биринчи жаҳон уруши даврида “маҳаллий матбуотда Россия манфаатига зид мақолалар пайдо бўлиши мумкинлиги боис” Туркистон ҳарбий цензураси Самарқанддаги нашрларни назорат қилиб туришни штаб-капитани Отаевга топширади. “Ойина” журнали тўғрилама-қораламасидан кўчирма журнал босмадан чиқишига икки кун қолгунча цензурага юборилиши бош муҳаррир зиммасига юклатилади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳарбий округга чақиртирилиб, унга ушбу “ўта махфий хат” остига “ўқидим ва маълумот учун қабул қилдим”, дея имзо чектирилади. Шу билан бирга, Туркистон генерал-губернаторлиги нашри “Туркистон вилоятининг газети”да миллий журналда чоп этилган фикрларга қарши чиқишлар кўпайтирилади. “Ойина” бош муҳаррири эса уларга муносиб жавоб бериб боради. Аммо журнал фаолиятини чеклаш учун олиб борилган узлуксиз ҳаракатлар ўз самарасини беради ва 1915 йилга келиб журнал фаолияти бутунлай тўхтатилади. 

Аллома жамият ҳаётидаги иллатлар, нуқсонлар ва илмсизликни саҳнада кўрсатиш орқали халқни тараққийпарварликка даъват этиш мақсадида 1914 йили миллий театрга асос солади. Театр саҳнасида ижро этиш учун “Падаркуш” драмасини ёзади. Муаллиф “Миллий фожеа” деб атаган, 3 парда 4 манзарали бу драма ҳажман ихчам, мазмунан ниҳоятда содда ва тушунарли бўлиб, ўқимаган боланинг бузуқ йўлларга кириб, ўз отасини ўлдиргани, нодонлик ва жаҳолат ҳақида эди.

“Падаркуш” дастлаб 1914 йилнинг 15 январида Самарқандда, 1914 йилнинг 27 февралида эса Тошкентда саҳнага қўйилган. Ушбу саҳна асари Туркистонни жунбушга келтирган қирғинбарот йилларда ҳам саҳнадан тушмайди. Бу бир томондан миллатни маърифат ва тараққиёт сари ундаган бўлса, иккинчи томондан росмана ўзбек театри ва драмачилигининг майдонга келиши ҳамда тараққиётига хизмат қилади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этган. Хусусан, 1907 йили 2-Давлат думасининг мусулмон фракциясига 9 бўлим, 75 банддан иборат “Туркистон маданий мухторият” лойиҳасини тақдим этади. Аммо Россия империясига зид манфаатлар талаб қилинган лойиҳа қабул қилинмайди. Ушбу лойиҳа минтақа халқлари манфаатларининг ифодаси бўлиб, унда давлат ишларини туркий тилда юритиш, миллий идоралар ташкил этиш ва унга туркий миллатга мансуб зиёлилардан аъзолар сайлаш қатъий белгилаб қўйилган эди. Россия империяси таркибидаги мустамлака халқлар номидан Давлат думаси ўз билганича иш тутмаслиги, ҳар бир мамлакатнинг табиий, ижтимоий ва маданий шароитларидан келиб чиқиб қонунлар чиқарилиши кераклиги таъкидланганди.

1917 йилнинг 16–23 апрелида Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон мусулмонларининг 150 вакили иштирок этган қурултойида Беҳбудий нутқ сўзлаб, миллатни ўзаро ихтилофлардан воз кечишга, буюк мақсад йўлида бирлашишга, яъни иттифоқ бўлишга чақиради. “Ихтилофимиз сабабли мустамлакот қоидаси ила бизни идора этурлар”, деб очиқ айтади.

1917 йилда Туркистон жадидлари ўзларининг янги сиёсий ташкилотлари –  “Иттиҳоди тараққий” (Иттиҳод – арабча сўз бўлиб, уюшма, ташкилот деган маъноларни билдиради)га асос соладилар. “Иттиҳоди тараққий” совет ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатини танқид қилиш, ёшларни сиёсий фаоллаштириш ва мактаб ишларини ислоҳ қилиш билан машғул бўлган. Ушбу ташкилот ўз фаолиятини йўлга қўйишда Туркиядаги “Иттиҳод ва тараққий” (1889-1918) ташкилотидан ёрдам сўраган ва 1919 йили Тошкентдан Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев ва Саидносир Миржалилов, Самарқанддан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мардонқул ва Муҳаммадқуллардан иборат махсус вакилларини Туркияга юборган. 

Бу делегациянинг яширин топшириқ билан Туркистондан чиқиб кетишидан ЧК (совет ҳокимиятининг фавқулодда комиссияси) ходимлари хабар топгач, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев Москвада, Саидносир Миржалилов Тифлисда яширинишга мажбур бўлади. Маҳмудхўжа Беҳбудий эса Инқилобий фавқулодда комиссия (ЧК) айғоқчилари ёрдамида Шаҳрисабзда қўлга олинган. Орадан икки ойча ўтиб, Қаршига келтирилиб, зиндонга ташланган. Бир неча кундан сўнг Қарши волийси Нуриддин Оғалиқ (Нуриддинхўжа Оғалиқ Аҳмадхўжа ўғли)нинг буйруғи билан (қатлномада амир муҳри бўлмаган) зиндон яқинидаги “подшолик чорбоғи”да қатл қилинган. 

Ана шу даврда Россия Бухоро амирлигини забт этишга жон-жаҳди билан интилаётгани, амирликнинг ҳам унга қарши курашга шай эканини ҳисобга олсак, Беҳбудийни йўқ қилишдан қайси тараф кўпроқ манфаатли эди, деган савол келиб чиқади. Ғирром сиёсатини мустаҳкамлаш учун советларнинг Беҳбудий сингари халқ ҳурматига сазовор кишиларга эҳтиёжи катта эди. Амирлик эса “Ёш бухороликлар”нинг жиддий кучга айланганини била туриб, Беҳбудийдек раҳнамони ўлдиришга ботина олмасди. Шу сабабли қулай имкониятни кутиш керак эди.

Шунинг учун ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатл қилингани Самарқандда бир йилдан кейин маълум бўлади. Шундан кейин Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Садриддин Айний ва бошқа шоирлар алломага атаб марсиялар ёзишади.

Кейинчалик Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Самарқандда фаолият юритаётган шогирдлари, сафдош ва маслакдошлари унинг қабрини излаб топиш, қотилларни аниқлаш ҳаракатига тушадилар. Улар “Самарқанд комиссияси”сини тузиб, Қаршига келганларида, бу пайтда ушр-солиқ назорати идорасининг бошлиғи бўлиб олган Нуриддин Оғалиқ уларнинг фаолиятига йўл қўймайди. Қарши шаҳридаги ҳукумат аъзолари эса унинг хоҳиш-иродасига қарши чиқолмайдилар.

Амирлик даврида юқори мансабда ишлаган Нуриддин Оғалиқнинг совет ҳукуматида ҳам ўз мавқеини сақлаб қолиши сабаби большевиклар билан ҳамкорликда ўзбекнинг улуғи Маҳмудхўжа Беҳбудийни йўқ қилиб юборгани билан боғлиқлигини ҳеч ким инкор этолмайди, албатта. У “Самарқанд комиссияси” фаолиятига йўл қўймай, “ёпиқлиқ қозон ёпиғлигича қолади”, деб ўйлайди. 

Аммо 1923 йилнинг кузида БХСР ҳукумати тафтиш комиссияси Қарши вилояти солиқ идораси фаолиятини текширувдан ўтказади. Комиссия Нуриддин Оғалиқ ҳамда унинг сафдошлари катта қонунбузарлик ва жиноятга қўл урганларини аниқлайди. Чунончи, Нуриддин Оғалиқ ҳукуматнинг 42 минг пуд буғдойи ва 20 минг олтин қуймасини талон-торож қилганликда, меҳнаткашларнинг 1000-2000 тасини ярим оч, ярим тўқ ҳолатда ўз ерларида ишлатганликда айбланади. Бундан ташқари, буюк мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаётига зомин бўлгани билан боғлиқ жинояти ҳам қўшилиб, суд Нуриддин Оғалиқни отишга қарор қилади.

Ҳукм 1923 йилнинг 19 сентябрида Регистон майдонида 5000 аҳоли иштирокида амалга оширилади. Шундан кейин “Бухоро ахбори” газетасида “Беҳбудий ва рафиқларининг ўлдирилишига сабаб бўлғон фуқаро ҳукуматининг молиға хиёнат қилган мазкур Оғалиқ 19 сентябрда (1923 йил) одил ҳукуматимиз томонидан отилди, демак, Беҳбудий ва рафиқларининг ўчлари олинди”, деб хабар берилади.

Бухоро ҳукумати Қарши вилояти ижроқўми раиси Жўра Зокирий ҳамда Қарши вилоят фирқўми Назаров зиммасига Маҳмудхўжа Беҳбудий қабрини қидириб топиб, унинг ҳайкалини ўрнатиш вазифасини юклайди. Лекин бу мутасадди шахслар ўзларига юкланган вазифани уддалай олмайдилар. “Озод Бухоро” газетасининг 1923 йил 19 октябрдаги сонида “Туркистоннинг машҳур жамоат ходимларидан Беҳбудийнинг исмини умрбод (абадий) қолдирмоқ учун Бухоро Республикаси қурултойи Қарши вилоятини Беҳбудий вилояти деб исмламакка қарор берди”, деб хабар беради. 

Шу тариқа Қарши вилояти 1937 йилга қадар Беҳбудий вилояти деб аталиб, 1937 йил бошланган қатағонлар оқибатида вилоятдан аллома номи олиб ташланади. Ўзбекнинг барча зиёлилари сингари Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам миллат озодлиги ва тараққиёти учун курашгани учун советларнинг қора рўйхатидан ўрин олади.