Ғарбни емирган дард хавфи

Ғарбни емирган дард хавфи

Бугун инсониятни урушлардан ҳам, табиий офат-у, иқтисодий инқирозлардан ҳам кўпроқ ташвишга солаётгани бир муаммо бор!

Бу она бўлишни истамаётган хотин-қизларнинг бу борадаги қарорларидир. Биламизки, дунёнинг энг қудратли даватларидан бирига айланган, аҳоли сони бўйича ҳам жаҳоннинг етакчи давлати саналган Хитойда 1979 йилдан 2015 йилгача “бир оилага бир фарзанд” сиёсати амал қилди. Лекин хитойликлар ҳанузгача ана шу сиёсат асоратидан азият чекмоқдалар. Чунки энди бу борадаги чекловлар олиб ташланган бўлса-да, мамлакатда туғилиш даражасини оширишга қаратилган уринишлар самара бермаяпти.

ХХР ҳукумати демографик инқирозни олдини олиш учун 2015 йилдан иккитага, 2021 йилдан бошлаб эса учта нафар фарзанд кўришга рухсат берди. Гарчи аҳолисининг 49,6 фоизини аёллар ташкил этаётган ХХРда чеклов юмшатилганига 9 йилдан ошган бўлса-да, бу сиёсатдан азият чеккан оилаларда туғилган қиз фарзандлар (айниқса, тўнғич фарзанд) руҳан она бўлишга тайёр эмас. Аниқроғи, улар буни исташмаяпти. Бу борада рағбат уйғотиш учун эса ҳукумат кўчмас мулк учун субсидия беришдан тортиб, декрет таътилини узайтиришгача бўлган имтиёзларни йўлга қўйди. Бундай “дард” “Болалар ва оилалар агентлиги” фаолиятини йўлга қўйган кунчиқар мамлакат ҳукумати учун ҳам бегона эмас.

Гарчи уларда “бир фарзанд” сиёсати юритилмаган бўлса-да, япон аёллари оналик бахтини тотишга чўчимаяптилар. Миллий демографик тадқиқотлар ва ижтимоий таъминот институти эса вазият тезроқ ўнгланмаса, 2070 йилга бориб Японияда туғилиш даражаси 500 минггача камайиши мумкинлигини маълум қилди. Бўлажак оналарга бериладиган имтиёзларга келсак, Япония вазирлар маҳкамаси 2023 йили келгуси уч йил ичида болалар парвариши учун йиллик харажатларни 2024 йилдан бошлаб 3,5 триллион иен (25 миллиард АҚШ доллари)га оширди.

Япония ҳукумати бундай харажатларни ҳар бир болага оилавий нафақалар нархи бўйича иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти аъзолари орасида етакчи бўлган Швеция даражасига етказишни режалаштирган. Мутахассисларнинг фикрича, аёллар фарзанд кўришни истамаслигининг яна бир сабаби ҳомиладорлик давридаги стрессдан ташқари, туғилиш ва фарзанд ўстириш харажатларининг қимматлигидир. 

Қайд этилишича, айни пайтда Буюк Британия каби бой мамлакатлар миграция ҳисобига маҳаллий аҳолининг камайиши даражасини юмшатиб келмоқда. Айрим мамлакатлар эса ота-оналар учун мақбул таътиллар, болалар учун бепул тиббий хизмат, қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини ишга солишяпти. Аммо ҳалигача бирон бир мамлакатда ушбу   муаммонинг аниқ ечими топилаётгани йўқ. “Одамлар муаммо қанчалик жиддий эканини англамаяптилар. Улар шундай муаммо пайдо бўлса, аёллар кўпроқ бола туғиб қўя қолади, деб ўйлайдилар. Лекин туғилиш даражасини ошириш бу қадар осон ҳал бўладиган иш эмас”, деб ёзади британиялик профессор Мюррей. 

Бошқа тадқиқотчилар эса аёлларни туғишга мажбурлаш керак эмаслиги, уларни таълим ва контрацептик воситалардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмаслик лозимлигини таъкидлашяпти. «Аҳоли сони камайишига жавобан кўплаб мамлакатларнинг бу борадаги сиёсати ўзгаради, аммо бундай сиёсат аёлларнинг репродуктив саломатлиги ва ҳуқуқларига зид бўлмаслиги зарур», дейди яна бир инглиз профессори Штейн Эмил Воллсет.

Дарвоқе, БМТ экспертлари дунёдаги демографик инқироз билан боғлиқ вазият тропик Африка аҳолисининг кўпайиши ҳисобига ўнгланишини тахмин қилишмоқда. Маълумотларга кўра, Африка мамлакатларида туғилиш жорий аср давомида уч баробарга кўпайиб, 2100 йилга бориб жами аҳолининг уч миллиарддан ошиб кетиши башорат қилинмоқда. 

Яна бир тоифа таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бундай вазият дунёни ирқчилик муаммоси домига ташлаши мумкин...

Ғарбга интилиш тўғрими?

Биламизки, яқин тарихда ғарб шарқнинг кўп фарзанд кўришга бўлган ёндашувини иқтисодий танглик билан боғлаб, тизимли равишда қоралаган эди. Аммо бугунга келиб, ғарбча қарашлар-у, оилавий қадриятларга бўлган муносабатлар тамомила ўзгаряпти. Шу билан бирга инсоният бу жараёнда ақлбовар қилмас йўлларга ҳам қадам қўйяпти. Тасаввур қилинг: 50-60 йилча аввал аёлга айланишни истовчи эркак – трансгенденлар билан бир жамиятда яшайсан, дейилса, бу ғирт “сафсата”, дердик. Аммо айнан ғарб таъсирида бу сафсата ростга айланди. Бугун аксарият ёшларнинг вояга етар-етмас эркинлик талаб қилиши ҳам айни “маданият” таъсири эмасми? Аччиқ бўлсада, ҳеч бир сабабларсиз, шунчаки, оналик масъулиятидан қочиб, боласини сотаётганларнинг кўпайиб бораётгани-чи? 

Нафснинг чегараси қаерда?

Эрнест Хемингуэй шундай ёзади: “Шуҳратпарастлик, иззатталаблик – барча иллатларнинг манбаидир. У иккиюзламачиликни туғдиради, ҳасад уйғотади, ёлғончиликка бошлайди. Кўпчилик одамларнинг бойликлари кўпайгани сайин хайр-саховатли фазилатлари камайиб боради. Инсонга зарур нарсаларни беринг ва у дарров қулайликларни истаб қолади”.

Афсуски, бугун қулайликлар, имкониятлар яратилган сари чин инсонийлик чекинаётгандек. Ижтимоий тармоққа қарамлик, боқимандалик, осон пул топишнинг турли усуллари урчиб бораётир. Энг ёмони, замонавийлик ниқоби остида қадриятлар оёқ ости қилиняпти.
Америкалик олимлардан бири сичқонлар ўртасида ўтказилган тажрибадан кейин шундай хулоса чиқарибди: “Сичқонларга ҳамма шароитни муҳайё қилдик. Вақт ўтгани сари сичқонлар ёмон томонга ўзгариб, бир-бирларини ўлдира бошлашди.

Энг даҳшатлиси сичқонлар орасида ЛГБТлар пайдо бўлди. Она сичқонлар турли ноз-неъматлар туришига қарамай, ўз болаларини ея бошладилар... Охир-оқибатда эса... қирилиб кетишди”... Олим бу тажрибани 25 марта такрорлагани, аммо натижа бир хил чиққанини афсус билан таъкидлайди. “Ўта люкс шароит нафақат сичқонларни, балки одамларни ҳам бузади, бунга мисол Ғарб давлатлари...”, дейди олим ўз сўзининг якунида.