30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Сенат Раиси Танзила Норбоева ёш олимлар ва инноваторлар билан учрашди.
Тадбирда сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, ёш олимлар, тадбиркорлар, инноваторлар, стартапчилар, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси иштирокчилари, Ёшлар академияси ва техник йўналишдаги олий таълим муассасалари ректорлари, шунингдек, инновацион туман ва шаҳарлар ҳокимларининг масъул ўринбосарлари ҳамда ташаббускор ва фаол ёшлар иштирок этди.
Сенат Раиси ўз нутқида ёшларга оид давлат сиёсати, ижтимоий соҳани инновацион ривожлантириш, илм-фан ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ёшларга оид юздан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Олий таълим муассасалари сони 3 баробарга ошиб, ёшларнинг олий таълим билан қамраб олиниши 42 фоизга етган.
Хотин-қизлар учун шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаб бериш амалиёти жорий қилиниши натижасида, уларнинг олий таълимдаги иштироки 11 баробарга ошган.
Шунингдек, 1,5 мингдан ортиқ иқтидорли ёшлар дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги етти йилда 2,3 минг ёшлар хорижда ўқиш имкониятига эга бўлди.
Илмий даражага эга ёш олимлар сони 4 мингдан ошиб, 2 баробарга кўпайди. Ёш олимлар умумий сони қарийб 11 мингни ташкил этмоқда.
Инновация ва илм-фан соҳаларига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар 1,5 триллион сўмдан ошган. Охирги 4 йилда инновацион фаолиятни молиялаштириш бўйича махсус институтлар сони 28 тадан ошган. Президент қарорига мувофиқ 28 та туман ва шаҳар инновацион ҳудудга айлантирилди ва уларда ҳоким ўринбосари лавозими жорий этилди.
Ёшлар академияси ташкил қилиниб, унда 4,2 мингдан зиёд иқтидорли ёшлар бирлашган. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Инновацион ривожланиш стратегияси доирасида инновацион инфратузилмалар ривожлантирилиб, ёш ихтирочилар жаҳон бозорига чиқишига шарт-шароит яратилмоқда.
IT Park резидентларининг сони 2025 йилга келиб 2,5 мингдан ошди. Стартаплар сони 260 тадан ортиб, улар орқали 17,9 миллион долларлик инвестиция жалб қилинган.
2026 йилгача Ўзбекистонни жаҳоннинг ТОП-50 инновацион давлатлари қаторига киритиш, инфратузилма субъектлари сонини 75 тага, стартаплар сонини эса 1 минг 437 тага етказиш белгиланган.
Учрашув давомида ёш олимлар ва фаол ёшлар давлат сиёсатининг амалдаги самаралари ва ўз ҳаётларидаги ижобий таъсири ҳақида фикр билдирди. Сенат билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган янги лойиҳалар бўйича таклифлар илгари сурилди.
Иштирокчилар бундай учрашувлар анъанавий тарзда мунтазам ташкил этилишидан манфаатдор эканлигини таъкидлади.