СЕНАТ Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан "прегрессив" деб аталган ва жиддий муҳокамалардан ўткан қонун лойиҳасини қайтарди!

СЕНАТ Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан "прегрессив" деб аталган ва жиддий муҳокамалардан ўткан қонун лойиҳасини қайтарди!

 

 СЕНАТ  Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан  “прегрессив” деб аталган ва жиддий муҳокамалардан ўткан қонун лойиҳасини қайтарди!

 

Биз узоқ йиллар давомида Қонунчилик палатасида кўпчилик овоз билан қабул қилинган қонун лойиҳаларининг Сенатда ҳам осонгина маъқулланишига гувоҳ бўлиб келдик.

Аммо кейинги пайтларда Сенаторлар томонидан бир нечта қонунлар қуйи палата ёки қонун ташаббускорларига қайтарилдики, бундай ҳолат “Ниҳоят Сенат аъзолари виждонан ишлай бошладилар”,  “Аҳоли манфаатига зид қонунлар Сенатдан қайтяпти” каби мулоҳазаларга замин ярата бошлади. Албатта, қонунларнинг пишиқ-пухта бўлиши, энг асосийси, халқ манфаатига хизмат қилиши нуқтаи-назаридан  Сенат аъзоларининг бундай муносабати ҳар қанча қадрланса, қўллаб-қувватланса арзийди.  Бу шубҳасиз, парламентда ҳудудлар манфаатини ҳимоя қилаётган халқ вакилларига бўлган ишончни ҳам мустаҳкамлайди.

Аммо  Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари, кейин палата ялпи мажлисларида бир неча марта муҳокама қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига кирадиган хизматларни кўрсатиш, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолиятини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг кутилмаганда Сенат томонидан маъқулланмагани депутатларни ўйлантириб қўйди.

Сир эмаски, бугунга келиб, ҳурматли сенаторларимизга ишонч билдирилган аксарият ҳудудларда айнан тиббиёт энг оғриқли соҳалардан бири бўлиб қолди. Малакасиз шифокорлар, ўз билими ва салоҳиятини оширишга ошиқмаётган врачлар эса мавжуд муаммоларни баттар чигаллаштиряпти.

Шунингдек, ҳудудларимизда ҳар қадамда дорихоналар фаолияти йўлга қўйилиб, соҳа беморларга эмас, айрим шахсларга фойда келтирадиган даромад манбаига айланди.

106 нафар депутатнинг қатъий фикрича, сенаторлар томонидан маъқулланмаган қонун айнан ана шундай ҳолатларни бартараф этишга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда муҳим  эди...

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг маъқулланмагани бежиз эмас. Хусусан, унинг нормаларини ишлаб чиқишда бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаби инобатга олинмаган. Масалан, Қонун лойиҳасининг 41-моддасига мувофиқ, ўз касби бўйича 3 йилдан кўп узлуксиз ишламаган тиббиёт ходимларининг тегишли фаолият билан шуғулланишига тегишли таълим ташкилотларида қайта тайёргарликдан ўтганидан ёки уларга малака тоифаси берилганидан кейин йўл қўйилиши назарда тутилмоқда.

Бироқ амалдаги Меҳнат кодексининг 502-моддаси бешинчи қисмида агар шифокорнинг мутахассислиги бўйича иш стажида 3 йил ёки ундан ортиқ танаффус мавжуд бўлса, шифокор ўз касбий фаолиятини қайта бошлашдан олдин аввалги йилларда олинганлиги тўғрисида ҳужжат билан тасдиқланган мавжуд базавий, асосий ёки қўшимча мутахассисликка мувофиқ ихтисослашув курсларидан ўтиши шартлиги белгиланган.

Сенаторлар юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда мазкур қонуннинг 41-моддаси ва Меҳнат кодексининг 502-моддасини ўзаро мувофиқлаштириш зарур, деб ҳисобламоқдалар.

Шу ва шунга ўхшаш бир қатор ноаниқликлар сабаб Сенат мазкур қонун юзасидан Қуйи палата билан келишув комиссияси тузиш керак, деган қарорга келди.

Сенат аъзоларининг таъкидлашларича, ҳар қандай янгилик ва ўзгартиришлар соҳада янги муаммолар, қўшимча бюрократик тўсиқларни туғдирмаслиги,  аксинча, қонунчиликка киритилаётган ҳар бир янги тартиб ўзини оқлаши лозим. Мазкур қонун лойиҳасига кўра, тиббий олий маълумотга эга бўлган мутахассиснинг қўшимча давлат рўйхатидан ўтказилиши талаби бир қарашда уни ушбу йўналишдаги таълим муассасасига нисбатан ишончсизлик белгиси сифатида баҳоланиши мумкин. Ваҳоланки, бу ишончсизликни бартараф этиш ҳукуматнинг рўйхатдан ўтказиш комиссияси зиммасига юкланиши нечоғлиқ мантиқли?

Аслида бу ишончсизлик замирида тиббий таълимга ишончсизлик борлигига урғу бериляпти. Унда тиббий мутахассислар етиштираётган муассасаларнинг таълим сифати, диплом бериш олдидан имтиҳонларнинг янада шаффофлантирилиши, қолаверса, тиббиётдек инсон ва жамият учун ўта муҳим йўналишга талабаликка қабул қилишда суперконтрактларни бекор қилиш йўли билан ҳал этиш, курашиш мантиқан тўғри бўлмайдими?

Албатта, қонунчиликда бахс-мунозара ва тортишувларнинг  бўлиши  табиий  ҳамда айнан холис мунозаралар мавжуд бўлгандагина тўғри хулоса чиқариш имкони пайдо бўлади. Аммо инсон саломатлиги ҳақида гап кетганида бир модданинг иккинчи бир моддага мослиги эмас,  кўпроқ ушбу масаланинг ўта долзарблиги, халқ манфаатига қай даражада хизмат қилиши инобатга олинса, мақсадга мувофиқ бўлармиди?

Шу ўринда парлемент қуйи палатаси аъзолари тиббий хизмат кўрсатиш ва дори воситалари сотиш тизимини тартибга солиш, шифокор ва фармацевтлар малакасини доимий тарзда кузатиб бориш имконини берадиган қонун лойиҳаси қуйи палатага  бир кун олдин топширилиб, эртасига муҳокамага қўйилмаганини таъкидлашяпти.

Эътибор беринг: ушбу Қонун лойиҳаси 2024 йилнинг 17-декабрида қабул қилингунга қадар масъул қўмита томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари аъзоларининг фикрлари, таклиф ва эътирозлари эътиборга олинган. Шунингдек, Қонун лойиҳасининг концепцияси билан дупутатларни обдон таништириш мақсадида қонун ташаббускорлари томонидан  махсус семинар ташкил этилиб, барча саволларга жавоблар қайтарилган.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида эса бир нечта моддаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, бир нечта қисмлари қонунчиликдаги лингвистик атамаларга мувофиқ таҳририй ўзгартирилди ҳам.

Шундан кейин лойиҳа 2025 йилнинг 18 февралида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва 26 феврал куни Сенатга юборилди. Аммо Олий Мажлис Сенатининг 2025 йил 2 августдаги СҚ-161–В-сонли Қарори билан Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2025 йил 16 апрелдаги 24.2-сонли хулосасида баён этилган асосларга кўра, қонун лойиҳаси рад этилди ҳамда келишмовчиликларни бартараф этиш учун келишув комиссиясини тузиш таклиф этилди.

Қўмита эса қонун лойиҳасининг ниҳоятда муҳимлигини инобатга олиб, юзага келган келишмовчиликларни тезроқ бартараф этиш мақсадида келишув комиссиясини тузиш, лозим деган хулосани қабул қилди.

Аммо Қонунчилик палатаси депутатлари Сенаторлар фикрига кескин қарши чиқиб,   тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, фармацевтлар масъулиятини кучайтиришга қаратилган  муҳим қонун лойиҳасини қайта ишлаш ва қисқа муддатда яна қонунчилик палатасига киритиш учун ташаббускорга қайтариш тўғри деган фикрга келдилар.

Шу ўринда депутатларнинг мазкур Қонун лойиҳаси аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва дори-дармонлар сотишдаги тартибсизликларга тезроқ барҳам беришга, шифокор ва фармацевтлар малакасини кузатиб боришга қаратилгани ҳақидаги фикрларига эътибор бермаслик мумкин эмас.

Айрим депутатлар Сенаторлар томонидан билдирилган эътирозлар қонун мазмунига зарар етказиши мумкинлигини айтишяпти. Шунинг учун ҳам депутатлар масъул қўмитанинг келишув комиссияси тузиш тўғрисидаги таклифини эмас, балки муҳолиф партия вакилларининг қонун лойиҳасини ташаббускорга қайтариш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватладилар.

Бошқа бир депутатларнинг фикрича,  прогрессив, деб аталаётган ушбу  қонун лойиҳаси тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, хусусан, соҳадан малакасиз ва замонавий тиббиёт талабларига мос тарзда иш олиб бормаётган ходимларни четлаштиш ҳамда фармацевтикани беморларга эмас, ўз манфаатига хизмат қилдираётган шахслардан қутилиш имконини беради. Шунинг учун ҳам улар Қонун ташаббускори –  Вазирлар Маҳкамаси ушбу лойиҳани қайта ишлаши ва қисқа муддатларда яна қайта Парламентга киритиши керак, деб ҳисоблайдилар.