Парламентлараро алоқалар: ICАPP делегацияси “Миллий тикланиш”да
“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши биносида Алишер Қодиров бошчилигидаги партия фаоллари билан Осиё сиёсий партиялари халқаро конференцияси (ICАPP) Доимий қўмитаси делегацияси аъзолари ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Жанубий Корея Республикаси ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамда парламентлараро ҳамкорлик масалалари кенг муҳокама қилинди. Айтиш жоизки, ICАPP делегацияси таркибига Корея парламентига бир неча бор сайланган нуфузли сиёсатчилар – Чо Жеонг-сик, Лее Каи-ҳо, Шин Сунг-бум, Ҳан Беонг-до, шунингдек, ICАPP Бош котиби Оҳ Сонг ва бошқарма директори Бюн Да-еонлар кирган эди. Учрашувда, шунингдек, Кореянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён жаноблари ҳам иштирок этди.
Партия етакчиси Алишер Қодиров меҳмонларни Ўзбекистонга ташрифлари билан қутлар экан, мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқалар жадал ривожланиб, Президент Шавкат Мирзиёев даврида ушбу ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Айниқса, икки давлат ўртасида қадриятлар асосида тараққиётга эришиш борасидаги ўхшашликлар мавжудлигига эътибор қаратилди.
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг ICАPP билан мулоқотлар бўйича доимий вакили сифатида, 2025-йилнинг май ойида ўзим ҳам Перм шаҳрида бўлиб ўтган ICАPP Ижроия қўмитаси йиғилишида иштирок этганман. Ўшанда Делегация раҳбари Чо Жеонг-сик учрашув натижаларини юқори баҳолаб, 2026-йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган ICАPP Бош ассамблеясида ҳам вакилларимиз билан кўришишга умид билдирганди.
Бу галги учрашувда ҳам партиялараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, парламентлараро мулоқотни кучайтириш ва ёшлар ташрифлари алмашинуви дастурларини кенгайтириш каби масалалар бўйича фикрлар билдирилди. Бунда Кореяда меҳнат қилаётган ёки таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларнинг жонли тимсоли сифатида тилга олинди.
Шу ўринда партиямизнинг “Ҳар қандай тараққиёт қадриятларга таянган бўлиши керак” деган тамойили корейс тажрибаси билан уйғунликда яна бир бор ўз тасдиғини топгандек бўлди, дейиш мумкин. Зеро, Корея ҳам замонавий тараққиёт билан миллий қадриятларни уйғунликда сақлаб қолишга муваффақ бўлган саноқли давлатларнинг биридир.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари қўмитаси раиси, фракция аъзоси Илҳом Абдуллаев Корея парламентининг Ахборот қўмитаси котиб ўринбосари Шин Сунг-бум жанобларининг делегация таркибида иштирок этаётганидан мамнунлигини билдириб, икки томонлама дўстлик алоқаларини парламентлар даражасида янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш зарурлигига урғу берди.
Мулоқотда қайд этилганидек, ҳозир Ўзбекистонда 180 мингдан ортиқ корейс миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилмоқда. Уларнинг аксарияти мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этаётирлар. Шуларни назар тутиб, келгусида партиямиздан корейс миллатига мансуб номзодларни парламент сайловларига илгари суриш ташаббуси илгари сурилди.
Таъкидлаш жоизки, ўзаро мулоқотлар бугун нафақат ҳукуматлараро, балки фуқаролар ва сиёсий институтлар ўртасида ҳам мустаҳкам алоқаларни шакллантиришга хизмат қилмоқда. “Миллий тикланиш” демократик партияси эса бу жараённинг фаол иштирокчисидир.
ICАPP доирасидаги учрашув ва жонли мулоқотлар Ўзбекистон сиёсий партияларнинг халқаро сиёсий жараёнларда иштирок этиш салоҳиятини ошириш, партиявий дипломатияни шакллантириш ҳамда миллий манфаатларни халқаро минбарларда фаол илгари суришга ҳам хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг ушбу халқаро платформада мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётгани – мамлакатимизнинг сиёсий мустақиллиги, ташқи сиёсий барқарорлиги ва халқаро нуфузининг ошиб бораётганидан ҳам дарак беради.
Учрашув давомида белгилаб олинган мақсад ва келишувлар фақат ҳозирги давр эмас, балки узоқ муддатли стратегик шериклик учун ҳам мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Келажакда ушбу ҳамкорлик сиёсий қарорлар, парламент ташаббуслари, қўшма лойиҳалар ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорлик дастурларига асос бўлади, албатта.
Шундай экан, мазкур учрашув – бу шунчаки дипломатик учрашув эмас, балки Ўзбекистоннинг халқаро сиёсий майдондаги фаоллиги, ташаббускорлиги ва очиқлигининг яна бир кўринишидир. “Миллий тикланиш” демократик партияси бундан буён ҳам халқаро майдонда Ўзбекистон манфаатларини фаол ҳимоя қилади, дўстона ва стратегик шериклар билан алоқаларни янада чуқурлаштиришга интилади.
Наргиза Хамидова,
“Ўқув, тадқиқот ва таҳлил маркази” директори,
ICАPP билан мулоқот бўйича партиянинг доимий вакили