Қонунга ким қарши чиқиши мумкин?

Қонунга ким қарши чиқиши мумкин?

Электрон сигаретлар оддий хавф эмас!

Депутатлар нега “вейпинг”га қарши? 

Хайпсевар блогерлар, нега сукут сақлаяпсиз?

Кейинги беш йилда ёшларнинг электрон сигареталарга бўлган қизиқишлари кескин ортган... 

Тўғри, дастлаб бунга анъанавий тамакига бўлган қарамликни камайтириш воситаси деб қаралди. Аммо, тадқиқотлар электрон сигаретанинг оддий тамакидан бир неча бор хавфли эканини кўрсатди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, кейинги саккиз йилда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан, электрон сигареталарнинг кириб келиши, охирги тўрт йилда эса бундай маҳсулотларнинг айланмаси ва улардан фойдаланиш бир неча баробарга ортган.

Хусусан, 2021–2023 йилларда мамлакатимизга қиймати 28,5 млн долларлик 5,4 млн дона электрон сигаретлар олиб кирилган, бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан 80 бараварга ошганини англатади. Ундан олдинроқ – 2018–2020 йилларда 349 минг долларлик 182 минг дона электрон сигареталар импорт қилинган бўлса, уларнинг 95 фоизи Хитойдан келтирилганди...

Тадқиқотларда аниқланишича, электрон сигареталарда никотин моддасидан ташқари 80 хил заҳарли кимёвий бирикма ва оғир металлар бўлиб, улар инсон соғлиғи ва атроф-муҳитга жиддий зиён етказади. Яна бир хавотирли рақам: бугун 30 мингга яқин ўғил бола ва 9 мингга яқин қизларимиз чекишга мойил, 12 минг нафардан ортиқ бола ва ўсмирлар ана шу заҳри қотилни  мунтазам “истеъмол” қилади!

Шу ўринда никотинга қарамлик болалар ва ўсмирларда мия шаклланишининг бузилишига, интеллектнинг пасайишига, қобилият ва кўникмаларнинг ёмонлашишига, тажовузкорликнинг эса ривожланишига, астма, бронхит, пневмония, марказий асаб тизими, буйрак ва жигар фаолиятининг ишдан чиқиши, инсульт, инфаркт ва бошқа касалликларга олиб келаркан. Янаям қўрқинчлиси, тадқиқотлар давомида электрон сигареталар инсон ДНК тузилмасининг шикастланиши, аёлларда репродуктив қобилиятнинг пасайиши, шунингдек, ҳомиладорликда туғма касалликлар ва болалар ўлими билан боғлиқ мутаген таъсирга олиб келиши аниқланган.

“Миллий тикланиш” демократик партияси Фракциясининг жорий йил 6 январь кунги йиғилишида айни шу масала муҳокама қилинди. Партия етакчиси Алишер Қодировнинг таъкидлашича, катта ёшдагилар ароқ ёки тамакини танлов асосида истеъмол қилади, лекин электрон сигареталар мактаб ўқувчилари ёки 30 ёшгача бўлган болалар орасида қизиқиш ёки тақлид сабаб кенг тарқалмоқда. Истеъмолчининг 3 нафаридан 2 таси ёшлар, уларнинг ярми қизлар экани эса муаммонинг ниҳоятда жиддийлигини англатади.

Агар ушбу иллат йўли ҳозир тўсилмаса, 20 йилдан кейин ҳеч қандай қонун ёки давлат дастури сезиларли кўп интеллектуал заиф қатламга ёрдам бера олмайди. Алишер Қодиров яна бир фикрни билдирди: тездан чора кўрилмаса, 20 йилдан кейин юртимизда онги тўла шаклланмаган бир қатлам пайдо бўлади... 

Бу гаплар йиғилишни ёритган ОАВда, ҳатто партиянинг ўз сайтларию, телеграм каналларидан ҳам кесиб ташланди. Чунки А.Қодировнинг ҳис-ҳаяжонга тўла таъкидлари оддий таъкид эмас эди. 

Ўзлари “яратиб”, ўзлари қутула олишмаяпти...

Мутахассисларнинг айтишича, электрон сигареталар уч қисмдан иборат: никотин эритмаси бўлган сигарет найчаси, буғланиш мосламаси ва батарея. Атомизатор аккумулятор таёқчасидан қувватланади ва у сигарет бомбасидаги суюқ никотинни туманга айлантира олади, шунинг учун фойдаланувчи одатдагидек чекиш ҳиссини ҳис қилиши ва “булутларда пуфлаш” ни амалга ошириши мумкин.

Ҳатто хоҳишга қараб, қувурга шоколад, ялпиз ва бошқа лаззатларни қўшиши мумкин. Ғарблик ёшларнинг фикрича, бир марталик ишлатиладиган электрон сигареталар вейпинг дунёсидаги сўнгги тенденциядир. Улар бир қути сигаретадан анча арзон туради... Айтишларича, бугун қизлар ўртасида ҳатто кийим-кечакка мослаб электрон сигарета харид қилиш ҳам урфга кирибди. 

Буюк Британияда ўтказилган тадқиқотларда 18 ёшли Иззи Эспозито исмли қиз қатнашган экан. Унинг айтишича, дўстлари чекишни синаб кўрганларида у ҳам чекишни бошлаган. Аввалига онда-сонда хумори тутганда, кейинчалик эса кун бўйи чеккан. “Бу шундай даражага етдики, ҳафтасига иккита вейпни тугатаман, ҳар бири 3500 марта пуфлашга етарди”, – дейди Иззи. 5-6 ой ўтиб, Иззининг милклари қонай бошлаган, оғзи ва лабларида яралар пайдо бўлган, ҳатто тишларини юва олмаётганидан шикоят қилган. Шифокорлар эса дарҳол вейпингдан воз кечишини айтишган...

Ноттингем университетининг фахрий профессори, ҳукуматнинг чекишни ташлаш ҳақидаги ҳисоботи бўйича маслаҳатчиси профессор Жон Бриттон шундай дейди: “Вейпингни хавфсиз деб айта олмайсиз, бу хавфлар мувозанати. Агар сиз шундоғам никотинни бирор шаклда қабул қилмаётган бўлсангиз, электрон сигаретни чекишни бошлаш жинниликдир.”

Дарвоқе, профессор Бриттон 2020 йилги ҳисоботида 40 ёки 50 йил ичида электрон сигарет чекиш натижасида одамларда ўпка саратони, сурункали бронхит ва бошқа ўпка касалликлари кўпайиши мумкинлиги ҳам айтилганди. Аммо 40-50 йил эмас, 4-5 йилда электрон сигарета чекишнинг оғир оқибатлари ўзини намоён қила бошлади. 

Лондон Университет коллежи (ЛУК) ҳисоб-китобларига кўра, биргина Англияда 16 ёшдан 17 ёшгача бўлган 74 минг электрон сигарет чекувчи бор.
Бир марталик вейплар ҳам 18 ёшлилар орасида оммалашиб бормоқда, уларнинг ярмидан кўпи аллақачон улардан мунтазам фойдаланишга ўтган. Афсуски, ғарбликлар вейпингни ўзлари “яратиб”, энди ўзлари қутула олишмаяпти...

8 йиллик курашда ким ғалаба қозонади?

Ёдингизда бўлса, 2017 йили “Миллий тикланиш” демократик партияси жамоатчилик эътиборини чилим ва электрон сигаретларнинг инсон саломатлиги учун зарарли оқибатларига қаратиб, буни таъқиқловчи қонун қабул қилиш ташаббусини кўтариб чиққанди. Ҳатто, 2018 йилда “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигаретларни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилиб, қуйи палата муҳокамасига киритилганди. Аммо ўшанда ушбу қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан фақат жамоат жойларидагина чеклаш шарти билан қабул қилинганди. 

Албатта, “Миллий тикланиш”нинг “замонавий оғу”ларни чеклаш ташаббуси бу билан тўхтаб қолмади. Аксинча, янада кучайди. Хусусан, партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида электрон сигарета ва никотинли снюсларни қатъий тақиқлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ибн Сино” жамоат фонди ҳамкорлигида мунтазам маҳаллий ва халқаро мутахассислар иштирокида семинар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, матбуотда турли мақолалар чоп этилди, кўрсатувлар тайёрланди. 

Шу тариқа бу масала 2021 йили яна кун тартибига чиқди. Ўша йилнинг ноябрь ойидаги фракция йиғилишларидан бирида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири муҳокама қилингач, депутатларимиз электрон сигареталарни тақиқлаш бўйича қатъий чеклов киритишни таклиф қилдилар.

“Дунёнинг 37 мамлакатида электрон сигареталар чекланган экан, нима учун биз чекламаслигимиз керак? 

–Ким нима деса десин, ушбу қонун лойиҳасига электрон сигареталарни қатъий тақиқлаш бўйича чеклов киритилмас экан, биз ушбу қонуннинг қабул қилинишига қарши овоз бераверамиз”, – деган эди ўшанда партия раҳбари Алишер Қодиров. Аммо, афсуски, ялпи мажлисда “Миллий тикланиш” таклифи иккинчи марта ҳам инобатга олинмади. Айрим ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатига “ўйинчоқ” бўлган депутатларнинг овози бу сафар ҳам тарози палласида тош босган эди. 

2025 йилга келиб миллат генафондини асрашга қаратилган масала яна кун тартибига қўйилди. Айни шу масала 6 январь куни партия фракцияларида, 7 январь куни эса Парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан мамлакатимизда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталар ва улар учун суюқликлар муомаласи – ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш тақиқланяпти ҳамда бундай ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарликкача белгиланяпти.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болалар ва ўсмирлар орасида тамаки ва никотин маҳсулотлари истеъмолининг камайишига, БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари” ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадли кўрсаткичга эришишга, яъни аҳоли орасида асосий юқумли бўлмаган касалликлардан барвақт ўлимни 30 фоизга камайтиришга, келажак авлод соғлиғини сақлаш ва миллат генофондини соғломлаштириш ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Юқорида таъкидланганидек, айни пайтда дунёнинг 40 га яқин мамлакатида электрон сигаретлар батамом тақиқланган. Франция, Бельгия, Буюк Британия, Ирландия, Германия, Шотландия, Уэльс каби Европа мамлакатларида эса бир марта ишлатиладиган электрон сигареталарни тақиқлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Германияда ҳам жамоатчилик мамлакат ҳукуматини ушбу маҳсулотни бутун Европа Иттифоқи бўйлаб тақиқлашга ундамоқда.

– Бу сафар қонун лойиҳаси партиямиз кўтарган таклифлар асосида қабул қилинишига шубҳа йўқ. Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишида ҳам биринчи ўқишда мутлақ кўпчилик овоз билан маъқулланди, – дейди фракция аъзоси Нодир Тилаволдиев. 

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти масъул ходими Шуҳрат Шукуров ҳам ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинишига шубаҳа қилмаганини таъкидлаб, бунинг учун “Миллий тикланиш” партиясига алоҳида миннатдорлик билдирди.

– Қайд этилишича, яқин йилларда ёшлар орасида электрон сигарета чекувчилар сони оддий тамаки чекувчиларга қараганда уч-тўрт баробарга кўпаяр экан. Бугун мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил қилаётганини эътиборга олсак, келажак авлод саломатлиги йўлида муҳим қонун қабул қилиниши арафасида турибмиз, – деди Ш.Шукуров.  

“Ҳечдан кўра кеч ҳам яхши” деганларидек, аслида электрон сигареталарни тақиқлаш масаласи Марказий Осиёда биринчи бўлиб Ўзбекистонда – “Миллий тикланиш” партияси томонидан кўтарилган бўлса-да, уни қабул қилишда Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан ортда қоляпмиз. Лекин нима бўлганда ҳам партиянинг яна бир муҳим ташаббуси қонунга айланмоқда. Бу ташаббус ёшларимизнинг соғлом улғайишига, миллат генофондини асрашга хизмат қилади, албатта. 

Қувонарлиси шундаки, ялпи мажлисда ушбу қонун лойиҳасини бешала партия етакчилари ҳам бир овоздан маъқулладилар. Айниқса, O`zLiDeP раҳбари Актам Хаитов, экологлар етакчиси Абдушукур Ҳамзаевларнинг дадил фикрлари кишини қувонтирди. Аммо ХДП раиси Улуғбек Иноятовнинг “иккинчи ўқишда кўриб чиқиладиган масалалар борлиги” ҳақидаги фикри “Миллий тикланиш” етакчиси Алишер Қодировнинг: “...ҳали иккинчи ўқишда лоббичилар ҳам пайдо бўлади,” деган гапи бежиз эмаслигини англатгандек бўлди. 

Худди шундай фикр депутат Бобур Бекмуродовнинг саволидан кейин ҳам пайдо бўлди. Депутатнинг фикрича, айни пайтда электрон сигаретларга талаб бор, улар расман сотилиб, ишлаб чиқарувчилар солиқ ва божхона тўловларини амалга оширишаётир. Ана шундай бир шароитда улар тақиқланса, ўсиб бораётган талаб хуфёна иқтисодиётга ўтиб кетмайдими? 

Ҳа, чиндан ҳам қонун лойиҳаси бўйича ҳали очилмаган “қирралар” кўп. Иккиланаётган депутатлар ҳам бор парламентда. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўзи ҳам ялпи мажлисдаги чиқишида ғалати  бир фикрни билдирди, яъниким, электрон сигаретлар тўла тақиқланмаётганини, бошқача айтганда табиий никотин билан чекиладиган электрон сигаретлар тақиқланмаётганини таъкидлади.
Шунга қарамай, олдинги чақириқда ҳам ушбу қонунни ўтказа олмаган “Миллий тикланиш” етакчиси Алишер Қодировнинг айтишича, ҳамма фракцияларнинг қўллаб-қувватлаётгани партияга жуда катта умид беряпти.

Айниқса, А.Қодировнинг бу миллат генофонд билан боғлиқ масала экани ҳақидаги ва ҳали иккинчи ўқишда лоббичилари пайдо бўлиши ҳақидаги мулоҳазалари депутатларни сергакликка ундади, дейиш мумкин.      
 
–– Шунинг учун ҳам ҳурматли депутатларимиздан Ўзбекистон ҳудудида электрон сигаретларни ишлатиш, ишлаб чиқариш, сақлаш ва фойдаланиш тамоман тақиқланишини қўллаб-қувватлашга чақираман. Бу масалада ҳеч қандай даромад ҳақида ўйламаслик керак. Агар ушбу соҳа бизга даромад келтирадиган бўлса, бундай даромаддан воз кечишимиз керак...

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоиз: ушбу муҳим қонун учинчи марта парламент муҳокамасига киритиляпти. Гарчи қонун лойиҳаси ҳайпсевар журналисту, блогерлар эътиборини тортмаган, яъни, бу ҳақда ижтимоий тармоқда деярли ҳеч бир муносабат берилмаган бўлса-да, қонуннинг миллат келажаги билан боғлиқ экани унга нисбатан бефарқ бўлмасликни талаб этади.