Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 10,7 млн киши соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслиги, 16,5 фоизи тамаки ва 4,7 фоизи алкогол истеъмол қилиши, 16 фоизи мева ва сабзавотларни етарли истеъмол қилмаслиги, 36,6 фоизи таомга қўшимча туз қўшиши, 32,9 фоизи ортиқча вазндан қийналиши ва 23,5 фоизида семизлик мавжудлиги, 38 фоизида юқори артериал қон босими ва 8,4 фоизида қондаги қанд миқдорининг юқорилиги, 26 фоизида эса жисмоний фаоллик сустлиги аниқланган.
Бу, ўз навбатида, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш борасида жиддий чораларни қўллашни талаб этади.
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Ўзбекистонда соғлом овқатланиш миллий Концепцияси”ни қабул қилиш, таркибида “ГМО” бўлмаган маҳсулотларни оммалаштириш бўйича таклифи, бу борада стратегик аҳамиятга эга масалаларидан бири ҳисобланади. Концепция аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш, жисмоний фаолликни ошириш, соғлом фарзандлар туғилишига, мухтасар қилиб айтганда, соғлом жамиятни барпо этишга хизмат қилади.
Партиямизнинг “Ўзбекистонда соғлом овқатланиш миллий Концепцияси” қабул қилинган тақдирда, у бир неча муҳим йўналишларда барқарор ривожланиш имкониятларини яратади:
1. Атроф-муҳит ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш: барқарор бўлмаган қишлоқ хўжалиги амалиётлари ва исрофгарчилик сабаб юзага келаётган табиатга бўлган салбий таъсирлар камайишига ёрдам беради, озиқ-овқат мувозанати ва иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича янги ечимлар таклиф қилинади.
2. Соғлом овқатланиш тарғиботи: жамиятнинг барча қатламларида, турли ёш ва касб эгалари орасида соғлом овқатланиш кўникмаларини шакллантириш учун самарали тарғибот ишлари амалга оширилади.
3. Овқатланиш сифатини назорат қилиш: маҳсулотлар таркибидаги зарарли қўшимчалар ва моддалардан фойдаланишни чеклаш ва уларнинг тайёрланиши, сақланиши ҳамда ташилишида белгиланган меъёрларга риоя этилишини назорат қилиш шартлари яратилади.
4. Аҳолининг маълумотлилиги даражасини ошириш: одамлар озиқ моддаларнинг ўзига хос хусусиятлари, уларнинг истеъмол қилиш меъёрлари ва нотўғри овқатланиш сабабли келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатлар ҳақида кенг қамровли маълумотга эга бўлишлари таъминланади.
Умуман айтганда, партиямиз илгари сураётган ушбу ташаббус соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни оммалаштиришга хизмат қилиб, умумий саломатликни яхшилашга ва давлат даражасида ресурсларни самарали бошқаришга кўмаклашади.