Маҳаллий кенгаш депутатлари Сенатга эмас, партияга суянишлари керак!
Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг асосий нишони бу шубҳасиз, парламент ва маҳаллий кенгашлар бўлди. Ва, бу бежиз эмас эди!
Кейинги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш ҳамда ваколатларини кенгайтириш мақсадида кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Илгари ваколатлари ушбу институт сони 20 тага ҳам етмаган бўлса, бугун 150 дан ошди. Депутатлар илгари фақат ҳокимнинг йиллик ҳисоботини эшитган бўлса, бугун маҳаллий даражадаги 60 дан ортиқ органнинг ҳисобот ва ахборотини эшитяпти. Кейинги йилларда улар фаолиятига оид 700 га яқин қонунчилик ҳужжати қайта кўриб чиқилиб, 300 дан ортиғини мақбуллаштириш чоралари кўрилди.
Узоқ кутилган ўзгариш – янги таҳрирдаги Конституцияда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳокимлар эмас, депутатлар орасидан сайланган кенгаш раислари бошчилик қилиши бу борадаги энг муҳим сиёсий ўзгариш бўлди. Энди вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.
Албатта, бундай ўзгаришлар маҳаллий Кенгашлар иш ҳажмининг ошишига ҳам сабаб бўлмоқда. Жумладан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларининг сони ва уларда кўриб чиқилаётган масалалар ҳам кундан-кунга ортиб боряпти. Шу сабабли бугун маҳаллий Кенгашлар фаолиятида бошқарувни янада такомиллаштириш, Кенгаш раиси ва Кенгаш сессиялари иш ҳажмини енгиллаштириш мақсадида Кенгаш раиси ўринбосари ва Кенгаш раёсати институтларини жорий қилиш зарурати пайдо бўлди.
Фракциянинг навбатдаги йиғилишида бу борада ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳада жамоатчилик асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси ўринбосари институтини жорий этиш ва унга бир вақтнинг ўзида Кенгаш котибияти мудири вазифасини бажариш вазифасини юклаш, Кенгаш раиси ўринбосари – Кенгаш котибияти мудирига Кенгаш котибияти ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ваколатини бериш, шунингдек, ташкил этиладиган Кенгаш Раёсати иш фаолиятини белгилаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, “Кенгаш соати” институтини амалиётга киритиш белгиланяпти ва бу Кенгаш депутатлари томонидан зудлик билан чора кўришни талаб қиладиган ва кечиктирилиши мумкин бўлмаган шошилинч масалалар бўйича бериладиган саволларига давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан бериладиган жавобларни улар иштирокида Кенгашда муҳокама қилиш имкониятини беради.
Фракция аъзоси Илҳом Абдуллаев қонун лойиҳасига муносабат билдирар экан, ушбу йўналишдаги барча ишлар бевосита Президент ташаббуси асосида амалга ошаётганини таъкидлади.
Депутатнинг қайд этишича, сўнгги йилларда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолияти билан боғлиқ жуда жиддий ўзгаришлар амалга ошяпти. Децентрализация, яъни бошқарув, ҳокимият ёки ваколатларни ягона марказдан қуйи бўғинларга ўтказиш бу демократиянинг асоси ҳисобланади. Шу маънода, маҳаллий депутатлар мустақиллиги, Кенгашлар фаолиятини кучайтириш бўйича янгидан янги институтлар ташкил қилиняпти. Лекин ушбу институтлар кимларнинг олдида жавобгар, деган масалани унутяпмиз. Эртага хато қарорлар қабул қилиниши, халқимиз манфаатига зид ҳаракатлар юз бериб қолиши ҳам мумкин. Лекин ким уни ҳудуд даражасида аниқлаб, тўхтатади, тўғрилайди. Кўпчиликда Сенат бунга масъул деган қараш шаклланган. Аммо қонунчиликда Сенат бундай ваколатга эга эмас. Албатта, бу борада партиялар олдинги сафга чиқиши ҳар жиҳатдан тўғри бўлади. Партиялар депутатлари орқали Кенгашлар раисларига таъсир қиладиган кучга айланиши лозим.
Фракция раҳбари Алишер Қодиров ушбу фикрларни қўллаб-қувватлаб, барча соҳаларда катта ўзгаришларга юз тутган Янги Ўзбекистон ислоҳотларида маҳаллий кенгаш депутатларининг роли сезилмаётганини таъкидлади.
Ҳақиқатан ҳам партиялар депутатлик гуруҳлари орқали маҳаллий Кенгашлардаги иштирокини таъминлаши керак. Аммо қонунчиликда бўлмаса-да, бугун маҳаллий кенгашлар партия олдида эмас, Сенат олдида ҳисобдор деган қараш пайдо бўлди ва бу партияларнинг фаоллашмагани, депутатлик гуруҳлари ишини назорат қилмагани, бошқармагани билан боғлиқ.
“Миллий тикланиш” ана шундай масалаларни ҳал этиш мақсадида фракция билан маҳаллий депутатлар алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидан бормоқда. Масалан, депутатлар – фракция аъзоларига ҳудудларга чиққанида маҳаллий кенгаш депутатлари билан учрашиш мажбурияти юклатилган. У маҳаллий кенгашдаги депутатлар билан ҳамкорликда ўрганишлар олиб боради, қонунчиликдаги ўзгаришларни тушунтиради, аҳоли мурожаатларини ҳал қилишда йўл-йўриқ кўрсатади, партия топшириқларини етказади, ҳисоботларини, қонунчилик билан боғлиқ таклиф-ташаббусларини парламентга олиб келади.
Шу ўринда яна бир фикр: жойлардаги депутатлик гуруҳлари раҳбари партиянинг туман ёки шаҳар Кенгашларида раис вазифасини ҳам бажаради. Энди бу тизимини вилоят Кенгашларига ҳам татбиқ этишга тайёргарлик кўрилмоқда. Агар раҳбар ёки раис партиянинг мақсад ва вазифаларига зид ҳаракат қилса, депутатлик гуруҳлари уларга ишончсизлик билдириши мумкин. Депутатларнинг маҳаллий ҳокимият раҳбарлари ёки Кенгаш сессияларида кўтарадиган масаласи албатта, партия ғоялари билан ҳамоҳанг бўлиши керак. Мақсад, партиянинг ўз депутатлик гуруҳлари орқали маҳаллий Кенгашлардаги иштирокини таъминлаш, фаоллигини ошириш, энг асосийси партия сиёсатини юритишдир.
Сўнгги вақтларда маҳаллий депутатларнинг партия билан алоқаси деярли узилгани, ҳисобдор бўлишни унутаётгани учун ҳам шундай йўл тутиляпти. Бас шундай экан, қуйи бўғиндаги депутатлар энг аввало, ўз партиясига суяниши керак.
– Фракция партия олдида ҳисобдор бўлгани каби, аслида Сенат аъзолари ҳам партия олдида ҳисобдор бўлиш керак. Чунки сенатдагилар ҳам партия аъзолари ва уларнинг номзодини партия илгари сурган. Кенгаш раислари ёки маҳаллий депутатлар ҳокимлар олдига масала қўйишда журъатли бўлмаса, ҳоким депутатлардан хавотирга тушмаса, бу борада қилинган ишлар кутилган натижа бермайди, – деди Алишер Қодиров.
Шаҳноза Жолдасова ушбу қонун лойиҳаси билан котибиятга янги жорий этилаётган Кенгаш раиси ўринбосари вазифасини ҳам юклашга қарши чиқди. Котибиятнинг иши кўп сайин кўпаймоқда. Унга жамоатчилик асосида янги лавозим бериб, вазифасини юклаш қанчалик тўғри, деган масалани кўтарди депутат.
Азамат Пардаев эса ушбу ўзгаришлар тўғри ва ўз вақтида киритилаётганини таъкидлаб, қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллаш керак, деган таклифни илгари сурди. Шу билан бирга депутатлик гуруҳлари яратилган имкониятлардан самарали фойдаланмаётганини таъкидлади. Партия гуруҳлари фақат эшитув билан шуғулланаяпти, холос. Муаммоларни обдон ўрганиб, сессияларга киритиш ва сўнгра ундан келиб чиқиб, қонунчиликка таклифлар бериш механизмидан умуман фойдаланмаяпти.
Бир пайтлар маҳаллий Кенгаш депутати бўлиб ишлаган Одилжон Тожиев ҳам сўз олиб, ҳамкасбларни киритилаётган ўзгаришларни маъқуллашга чақирди. Котибият бошлиғига Кенгаш раиси ўринбосари мақомининг берилиши ҳам шубҳасиз, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Йиғилишда қизғин муҳокамалар ва билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, маҳаллий кенгашлар фаолиятини янада самарали ташкил қилиш учун янги қонун лойиҳасига эҳтиёж бор деган хулосага келинди ва “Миллий тикланиш” бу борада ташаббус кўрсатиши маълум қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур қонун билан банд солинган ёки гаровга қўйилган мулк эгаларининг ҳуқуқлари ҳимояси кучайтириляпти. Интернет, ижтимоий тармоқларда оммавий тарзда уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш, жамоат тартиби ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Фуқароларнинг ўзга давлат ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш ҳам чекланяпти. Шунингдек, ўзи содир этган ҳуқуқбузарлигини тарғиб қилувчи “контент”ларни ОАВ, ижтимоий тармоқларда тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланяпти.
Чунки кейинги пайтларда ёшлар орасида осон йўл билан “шуҳрат” топиш, “лайк” тўплаш, обуначилари сонини ошириш мақсадида ўз ҳуқуқбузарликларини, масалан, қасддан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, одоб-ахлоқ талаблари ёки жамоат тартибларига риоя этмаслик ҳолатларини тасвирга олиб, Интернет оламида тарқатиш оммалашиб бормоқда. Бу ҳаракатлар жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик, ҳуқуқбузарликлар содир этишни тарғиб этишдан бошқа нарса эмас.
Энг ёмони, бундай ҳаракатлар ёшларда жазо муқаррарлигига шубҳа уйғотяпти. Улар онгида шундай хатти-ҳаракатлар билан обрў олиш, машҳур бўлиш мумкин экан, деган қарашнинг пайдо бўлиши ҳамда деструктив – бузғунчи, вайронкор ғоялар шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, келгусида вояга етмаган шахслар, шу жумладан ёшларни маънавиятли ва етук мутахассис бўлиб етишларини таъминлаш ҳамда асрлар давомида шаклланган одоб-ахлоқ қоидалари ва ўзбек маданиятини асраб қолиш мақсадида ҳуқуқбузарликни тарғиб қилганлик учун жавобгарлик белгилаш таклиф қилиняпти.
Алишер Қодиров ушбу қонун лойиҳасига муносабат билдириб, унда ахборот майдонида қонунни билмаслик орқали келиб чиқиши мумкин бўлган жавобгарлик борлигини, шу маънода, бу борада катта тарғибот-ташвиқот ишларига зарурат мавжудлигини таъкидлади.
Чунки ёшлар орасида бугун кенг тарқалиб кетаётган бир катта муаммога ҳуқуқий ечим таклиф этиляпти. Лекин бу кўпчиликка билиб-билмасдан зарар бериш қўйиши мумкин. Аксарият ота-оналар ижтимоий тармоқда ўтирган фарзанди нима иш билан машғуллигини билмайди, ҳатто қизиқмайди ҳам. Қачонки фарзанди ижтимоий тармоқда кимнидир ҳақорат қилганидан сўнг келиб чиқадиган жавобгарлик – жарима ёки маълум муддатга озодликдан чекланганидан кейингина кўзи очилади, холос.
Фракция раҳбарининг таъкидлашича, аввало фарзандларимизга, атрофимиздагиларга бундай қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш баробарида жамоатчиликка ҳам “ҳар қандай ноқонуний ҳаракат учун, айтилган ҳақоратомуз сўз учун жавобгарлик бор, энди нафақат кўча-кўйда, ижтимоий тармоқларда ҳам маданиятли бўлишимиз лозим” деган қарашни сингдиришимиз лозим. Бу жараёнда депутатлар фаол бўлмоғи лозим. Агар қонунларни қабул қилавериб, уларнинг тарғиботи билан вақтида шуғулланмасак, албатта, одамлар биздан норози бўлади.
Депутат Азамат Пардаев эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги моддалар бугун амалиётда энг кўп учраётган оғриқли нуқталар билан боғлиқ эканини таъкидлади. Чунки сўнгги йилларда интернет тизими ҳаётимизга кириб келиши билан жазосизлик деган қараш пайдо бўлди ва айрим ёшларимиз бунинг оқибатларини билиб-билмай бошқа ғояларга, оқимларга кириб кетишяпти. Албатта, бундай хуружлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Қаердандир кириб келиб, ёшлар онгига, танасига сингдириляпти.
Биз ушбу қонун лойиҳаси билан ичкаридаги оқибатларга жазо қўллаяпмиз, холос. Лекин ташқаридан кириб келишига рухсат бераётган, имконият яратаётган тизимга нисбатан ҳам жазо механизмлари қўлланилиши керак, – деди депутат.
Йиғилишда маданий Маданий мерос агентлиги фаолияти билан боғлиқ қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йиллардаги маъмурий ислоҳотлар доирасида маданий мерос соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти, тузилмаси, вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилиб, янгича давлат бошқаруви тизими шакллантирилди. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 19 июндаги қарори билан Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди.
2023 йил 25 январдаги Фармон билан эса Маданий мерос агентлиги алоҳида мақомга эга бўлган мустақил ижро этувчи ҳокимият органи этиб белгиланди. Бу эса қонунчилик ҳужжатларига агентликнинг расмий номларини аниқлаштириш учун тегишли ўзгартиришлар киритилишини тақозо этади. Ушбу қонун лойиҳаса шу мақсадда ишлаб чиқилган бўлиб, у билан Маданий мерос агентлигининг ваколатлари ҳам аниқлаштирилиб, ўзаро мувофиқлаштирилмоқда.
Депутатлар «Миллий тикланиш» маданий мерос объектларини ҳимоя қилувчи ягона партия эканидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини бир овоздан икки ўқишда маъқулладилар.





