2023 йилнинг май ойидан кучга кирган, юртимиз тақдири, халқимиз фаровонлиги, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаб берадиган Бош Қомусимизни ҳеч бир иккиланишларсиз халқ Конституцияси деб атасак хато бўлмайди.
Маълумки, Конституция давлатнинг Асосий қонуни сифатида шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларини тартибга солади. Зеро, ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қонун, фармон, қарор ёки бошқа бўладими, энг аввало Конституцияга асосланади.
Маълумки, Конституция давлатнинг Асосий қонуни сифатида шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларини тартибга солади. Зеро, ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қонун, фармон, қарор ёки бошқа бўладими, энг аввало Конституцияга асосланади.
Қайд этиш лозим, янгиланган Конституциямизга парламент ҳаёти ва қонун ижодкорлиги фаолиятига оид кўплаб янги нормалар ҳам киритилди.
Хўш, янги таҳрирдаги Конституция парламентни кучайтирдими ёки аксинчами?
Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Конституция билан миллий парламентимиз фаолиятига оид 4 та тоифадаги ўзгаришлар юз берди.
Биринчиси, айрим ҳуқуқий бўшлиқлар тўлдирилди. Масалан, Қонунчилик палатаси депутати бир вақтнинг ўзида бошқа вакиллик органи депутати бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
Иккинчиси, соҳавий қонунларда парламент фаолиятига оид айрим нормалар Конституция даражасида мустаҳкамланди. Айниқса, парламент назорати билан боғлиқ кўпгина қоидалар Конституциямиздан ўрин олди. Масалан, Олий Мажлис палаталари томонидан Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани эшитиш ваколати киритилди.
Парламент текширувини ўтказиш институти ҳам Конституцияга киритилди. Шунингдек, ушбу назорат шаклини ўтказиш талаблари ҳам ўзгарди. Илгари бундай назорат шаклини ҳар бир палата алоҳида ўтказиши мумкин эди. Эндиликда бу палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига киритилди.
Қатор парламент эшитувлари, шунингдек, парламент сўровини юбориш масаласи ҳам конституциявий институт сифатида Бош қомусимиздан жой олди.
Айримлар бу қоидалар амалдаги қонунларда бор эди-ку, уларни яна Конституцияга киритишга қандай эҳтиёж бор эди, дейишлари мумкин.
Айтиш лозимки, аслида парламент ваколатларининг ўзи Конституцияда белгиланиши лозим. Қолаверса, бундай қоидаларнинг Конституцияга киритилиши билан уларнинг мақоми ошади, яъни улар конституциявий нормага айланади ҳамда улардан воз кечиш ёки орқага қайтиш бўлмайди.
Илгариги қонунчилигимизда парламент хўжалик бошқаруви органлари устидан ҳам назорат олиб бориши назарда тутилган бўлса, янги таҳрирдаги Конституциямизда юртимизда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотлардан келиб чиқиб, хўжалик бошқаруви органлари парламент назоратининг объекти сифатида кўрсатилмади.
Шу муносабат билан хўжалик бошқаруви органларига парламент сўрови ҳамда депутат ва сенатор сўровларини юбориш, шунингдек, уларнинг ахборотини эшитиш ваколатларини ҳам бекор қилдик. Хўш, энди уларни назорат қилишга зарурат туғилса нима бўлади? деган саволлар ҳам келиб чиқди. Зарурат туғилганда, тегишли хўжалик бошқаруви органи фаолиятига масъул бўлган давлат органига ёки Ҳукуматга сўровлар юборилиши мумкин, деган фикр мавжуд.
Яна бир масала! Янги таҳрирдаги Конституциямизда парламент назоратининг таъсирчанлигини ошириш мақсадида Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг ҳисоботини эшитиш якунларига кўра, уни истеъфога чиқариш тўғрисидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Президентига киритишга ҳақли экани белгилаб қўйилди.
Энди ҳақли бир савол туғилиши мумкин: амалдаги қонунларда, аниқроғи “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунда парламент назорати натижаси бўйича ҳукумат аъзосини истеъфога чиқариш тўғрисида Президентга таклиф киритилиши мумкинлиги белгиланган. Яъни, фақатгина ҳисоботни эшитиш якуни бўйича эмас, балки бу талаб ҳар қандай назорат шакли бўйича ҳам бўлиши мумкин.
Яна бир муҳим фикр: Конституция тўғридан-тўғри амал қилади, деб ёзилди. Шунинг учун эндиликда фақат ҳисобот эшитиш якуни бўйича истеъфога чиқариш ҳақида таклиф бериладими? Назаримда, Конституцияда ёзилган қоидалар тўғридан-тўғри амал қилади. Конституцияда ёзилмаган, бошқа қонунлардаги қоидалар, агар улар Конституцияга зид бўлмаса, қўлланилиши мумкин.
Шу боис, Конституциямизда хисоботни эшитиш якуни бўйича истеъфога чиқариш ҳақида таклиф бериш назарда тутилган. Лекин бошка назорат шаклларини амалга ошириш натижалари буйича кўриладиган чоралар назарда тутилмаган, яъни чекланмаган. Шу боис, фикримизча, бошка назорат шакли натижалари бўйича хам Қонунчилик палатаси юкоридаги чорани кўра олади.
Шу боис, Конституциямизда хисоботни эшитиш якуни бўйича истеъфога чиқариш ҳақида таклиф бериш назарда тутилган. Лекин бошка назорат шаклларини амалга ошириш натижалари буйича кўриладиган чоралар назарда тутилмаган, яъни чекланмаган. Шу боис, фикримизча, бошка назорат шакли натижалари бўйича хам Қонунчилик палатаси юкоридаги чорани кўра олади.
Учинчиси, янги таҳрирдаги Конституциямизда Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари, ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилди. Жумладан, агар илгариги Конституция бўйича Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 та бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияга асосан улар сони 12 тага етказилди.
Хўш, бу ваколатлар нимани ҳисобидан кўпайди? Уларнинг аксарияти илгари ҳар икки палатанинг биргаликдаги ваколати эди. Эндиликда Сенатнинг ваколатлари доирасидан чиқарилиб, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатларига ўтказилди. Улар қуйидагилар:
Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва Ҳисоб палатаси ҳисоботини кўриб чиқиш;
Президент тақдимига биноан Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;
Бош вазир, Ҳукумат аъзолари ҳисоботлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш ва бошқалар.
Худди шундай, Сенатнинг мутлақ ваколатлари ҳам илгариги 14 тадан – 18 тага оширилди. Мисол учун, Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашишдек ўта муҳим ваколати Бош Қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, “Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Олий Мажлиснинг қонунларни қабул қилишга доир ваколатини ким бажаради” деган саволга аниқ жавоб ёзилди ва бу ваколат Сенатга берилди, деб аниқ ёзиб қўйилди.
Бундан ташқари, Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари ҳам кучайтирилди. Масалан, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш каби муҳим ваколат палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига киритилди.
Шунингдек, парламентнинг назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларини лавозимга қўйиш борасидаги функциялари ҳам кучайтирилди ҳамда Президентнинг бу борадаги айрим ваколатлари парламентга ўтказилди.
Масалан, янги таҳрирдаги Конституцияда Бош прокурор, Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиши, шунингдек республика коррупцияга қарши курашиш органининг раҳбари ва республика монополияга қарши кураш органининг раҳбари Сенат томонидан сайланиши амалиётини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция билан парламент фаолиятининг ташкилий масалалари бўйича ҳам қатор янги қоидалар белгиланди. Авваламбор, юртимизда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотлардан келиб чиқиб, Сенат таркибини ихчамлаштириш, шу жумладан сенаторлар сонини амалдаги 100 тадан 65 тага ўзгартириш белгиланди.
Бундан ташқари, давлат бошқарувига меритократия тамойилларини татбиқ этиш, давлат органларидаги нуфузли лавозимларни монополлаштиришга йўл қўймаслик мақсадида айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Олий Мажлис Сенатининг Раиси, Қонунчилик палатаси Спикери бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
Тўртинчиси, қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳам туб ўзгаришлар бўлди. Авваламбор, қонунларни Сенат томонидан кўриб чиқишнинг аниқ муддатлари белгилаб қўйилди. Жумладан, қонун Сенат томонидан олтмиш кун ичида кўриб чиқилиши белгиланди. Агар Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида шу муддат ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси томонидан қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилиши назарда тутилди.
Шу ўринда Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш институти ҳам ўзгарганини айтиш жоиз. Агар илгари еттита ташаббускор субъектда истаган мавзуда қонун лойиҳасини ташаббус қилиш ҳуқуқи бўлса, эндиликда ушбу ташаббускор субъектлардан учтаси, яъни Конституциявий суд, Олий суд ва Бош прокурор фақатгина ўз ваколатларига оид масалалар юзасидангина қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Албатта, бу тўғри норма бўлди. Лекин уни амалиётда қўллашда менинг назаримда олимларимизнинг шархлари ҳам керак бўлади. Масалан, Конституция ва қонунларимизга мувофиқ, прокуратура барча қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширади. Шундай экан, Бош прокурорнинг ваколат доирасига кирмайдиган қонун лойиҳаси қайси бўлиши мумкин, деган савол келиб чиқаверади.
Яна бир инқилобий янгилик. Эндиликда нафақат еттита қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари парламентга масала киритади, балки сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Омбудсман, Марказий сайлов комиссиясига қонунчилик таклифларини киритиш ҳуқуқи берилди.
Бош Қомусимизга бундай қоиданинг киритилиши давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг иштирокини кенгайтиради. Ислоҳотларнинг ташаббускори сифатида инсонлар ўзларининг келажаги, орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш учун муҳим қарорлар қабул қилишда, жамиятдаги муаммоларни ўз вақтида хал этишда тўғридан-тўғри иштирок этишлари учун шароит яратилади.