Олий Мажлис Сенатига Малайзия халқаро тадбиркор аёллар уюшмаси президенти Норазизаҳ бинти Борҳан ташриф буюрди.
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова билан учрашувда ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг турли соҳалардаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича асосий масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, томонлар аёллар тадбиркорлиги соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларини ва истиқболга мўлжалланган режаларини ҳам кўриб чиқди.
Сенаторлар давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди.
Ушбу ўзгаришлар давлатнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга ҳамда уларга қулай шароит яратишга қаратилган.
Н.Борҳан мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди ва аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятида иштирокини кенгайтириш ва уларнинг иқтисодий имкониятларини оширишда Ўзбекистоннинг роли ортиб бораётганини таъкидлади.
Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.