Энергетика вазирлигига Парламент сўрови юборилади

Энергетика вазирлигига Парламент сўрови юборилади

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари белгиланган тартиб бўйича январь ойининг сўнгги ҳафтасида ҳудудларда бўлиб, туризм ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар, маданий меърос объектларини асраш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятига халақит бераётган муаммоларни ўргандилар. 

Ўрганишлар давомида жами 395 та объект, жумладан, 80  та маҳалла фуқаролар йиғини, 76  та хонадон, 185 та ижтимоий соҳа ташкилоти, 30 та тадбиркорлик субъекти фаолияти атрофлича ўрганилди. Жойларда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар уюштирилиб, 195 та учрашув ўтказилди. Уларда 4546 нафар фуқаро, шу жумладан 130 нафар тадбиркор билан бевосита суҳбат уюштирилди. 

Шу ўринда сайловчилар томонидан ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ва қуриш, уй-жой, коммунал, соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлиги, пенсия ва нафақа таъминоти, транспорт ва йўл қурилиши, таълим, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларга оид 343 та масала кўтарилганини таъкидлаш жоиз. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида аҳоли томонидан кўтарилган 87 та масала ўша жойнинг ўзида ҳал этилди. 

Жумладан, фракция аъзолари Нодир Тилаволдиев, Сайёра Жумаевалар томонидан Фарғона тумани, “Навкент” маҳалласидаги кўзи ожизлар мактабига брайл алифбосидаги китоблар етказиб берилган бўлса, Азамат Пардаев Оқдарё туманидаги “Ўзбекистон” маҳалласи фуқароси Ж.Каримовга жарроҳлик амалиёти учун вилоят онкология шифохонасига йўлланма олиб берди. Навоий вилоятида ўрганишлар олиб борган депутат Баҳодир Маматхоновнинг саъй-ҳаракатлари навбаҳорлик икки нафар фуқаро тумандаги 3-сонли мактабга ишга жойлаштирилди.

Ҳал этилмаган 253 та ҳамда вилоят даражасидаги 73 та масала ижроси эса депутатлар ҳамда маҳаллий ҳокимият томонидан назоратга олинди.

Ўрганишлар давомида энг чекка маҳаллаларга табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, сотишни ташкил этишнинг замонавий усулларига ўтиш ва бозор муносабатларини шакллантириш масалаларида ҳам очиқ мулоқотлар ўтказилиб, аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган камчилик ва муаммолар аниқланди.

Хусусан, электрон газ ҳисоблагичлардаги нуқсонлар, батарейкаларни етказиб бериш ва алмаштириш, тармоққа янги уланган истеъмолчиларни электрон газ ҳисоблагичлар билан таъминлаш ҳамда ҳисоб-китоб қилишда ноаниқликларга йўл қўйилаётгани билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Айниқса, Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани, Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани ва Марғилон шаҳри каби ҳудудларда айнан ана шундай муаммолар кўпроқ учраганини айтиш жоиз. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга “Табиий ва суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб бериш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, сотишни ташкил этишнинг замонавий усулларига ўтиш ва бозор муносабатларини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Парламент сўровини юбориш ҳақида партия фракциясининг таклифи киритилди.