Депутатларнинг ҳудудларга сайру-саёҳат учун боришлари бекор қилинди

Депутатларнинг ҳудудларга сайру-саёҳат учун боришлари бекор қилинди

•    Етти марта вайрон қилиниб, етти марта тикланган қалъага айниқса, совет даврида жиддий зиён етганди.
•    Ичан қалъадаги ноқонуний қурилишларга ким рухсат берган?
•    Илоҳиёт илмининг етук сиймоси Шайх Мухтор Вали мақбараси қаерда жойлашган?

•    Япон сайёҳи ўзи билан яна 400 нафар ватандошини бошлаб келибди...
•    Нега 70 ёшли Нурулла ота Ўроқов айтишича...
•    Хоразмда ҳам сайидлар авлоди бор экан!

«Партияларимиз ўз сиёсий мақсад ва дастурларини илгари суриш, ижросини таъминлаш билан фақат сайловлар арафасида эмас, балки мунтазам шуғулланишлари зарур. 

Шунинг учун фракция раҳбарлари ўз фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан жонлантиришлари, одамларни қийнаётган ҳаётий муаммоларни парламент муҳокамаларига дадил олиб чиқишлари зарур. Бунинг учун улар халқ ичига чуқур кириб боришлари, электорат билан мулоқотни кучайтириб, сайловолди кампаниясида берилган ваъдаларни амалга ошириш учун чин дилдан ҳаракат қилишлари талаб этилади». 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг янгиланган парламент қуйи палатасида ўртага қўйган ушбу талаби аслида миллионлаб юртдошларимизнинг – сиёсий партияларга мандат берган сайловчиларнинг кўнглидаги талаб бўлди.

Ана шу талабдан келиб чиқиб «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари ҳудудларда бўлиб, аҳолини ўйлантираётган ҳаётий муаммоларни ўрганмоқдалар. Асосий мақсад: одамларнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашларига ҳалақит бераётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш чораларини кўриш, ҳал қилинмаганларини эса қонун асосида ҳал қилиш бўйича таклифлар тайёрлашдан иборатдир. 

Партия фаолларининг ўрганишлари ватанпарвар аждодимиз Мангубердининг юртидан бошланди. 

Партия етакчиси Алишер Қодиров бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг ушбу вилоятдаги биринчи иш кунида шу нарса маълум бўлдики, Хоразмда нафақат маҳаллий кенгашлар, балки парламент даражасида ҳал қилинадиган қатор масалалар мавжуд экан.

Жумладан, Хазорасп туманидаги уч минг йиллик тарихга эга Сулаймон қалъада бўлган ишчи гуруҳ Ичан қалъадан ҳам узоқ ўтмишга эга бўлган ташландиқ ҳолга келиб қолганига гувоҳ бўлди.

Тарихчиларнинг таъкидлашича, мудофаа вазифасини ўтаган қалъанинг энг қадимий қисми антик даврга бориб тақалади. Етти марта вайрон қилиниб, етти марта тикланган қалъага, айниқса, совет даврида жиддий зиён етказилган.

Партия вакиллари тарихий иншоот билан танишаркан, аввало қалъада археологик изланмалар олиб бориб, унинг тарихийлигини тиклаш, музей ташкил қилиш ва шундан сўнг туристик объектга айлантириш лозим, деган қарорга келдилар. Шу боис, Маъмун академияси ва тегишли идораларга бу бўйича таклифлар тайёрланадиган бўлди. 

Ўтган ҳафтада партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджанова бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳам Хоразмда бўлиб, дастлаб «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонасида ўрганишлар олиб борган эди.

Маълумки, Марказий Осиёдаги энг йирик ва ноёб меъморий обида ҳисобланган «Ичан қалъа» асосан мадраса, масжид, сарой ва миноралардан иборат бўлиб, уларнинг қурилиш тарихи асосан тўрт даврга бўлинади. Биринчиси, Хоразмнинг қадим давридан то мўғуллар истилосигача бўлган давр, сўнг бунёдкорлик ишлари XVIII – XX асрларда амалга оширилган пайтлар. 

Қалъа 1961 йилда меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олиниб, музейга айлантирилган бўлиб, 1990 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Қалъа ичкарисида 300 дан ортиқ оила ҳам истиъқомат қилади. Улар асосан ҳунармандчилик ва сайёҳларга хизмат кўрсатади.

– Биз сайёҳлар учун шубҳасиз барча шароитлар яратилган деб ўйлаган «Ичан қалъа»да ҳам етарлича муаммолар бор экан, – деди Феруза Муҳаммеджанова.

Хусусан, «Ичан қалъа»да ўзбошимчалик билан олиб борилаётган қурилишларни дарҳол тўхтатиш, бунинг учун эса амалдаги қонунчиликни кучайтириш, тарихий қиёфага мос келмайдиган хонадонларни шаҳарнинг бошқа қисмига кўчириш, ҳудудда транспорт қатновини чеклаш, маданий мерос объектларини қайта хатловдан ўтказиш ҳамда термит, яъни ҳашоротлардан зарарланган биноларни таъмирлаш лозим. Шунингдек, Урганч ва Хиванинг туристик атласини яратиш каби таклифлар партия ва мажмуа раҳбарияти билан бўлган мулоқотда илгари сурилди.

Ишчи гуруҳ Янгиариқ туманидаги  XIV асрга оид Шайх Мухтор Вали мақбарасида ҳам бўлдилар.

Илоҳиёт илми етук сиймолардан бири ҳисобланган Шайх Мухтор Вали мақбараси бугун туркманистонлик зиёратчилар учун ҳам муҳим масканга айланган. Ривоят қилишларича, ушбу мақбарани тўрт марта зиёрат қилиш бир марта Ҳаж ибодати билан тенгдир.
Ишчи гуруҳ «Урганч бахмал» МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди.

Газлама ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада бугун 800 нафарга яқин ишчи хизмат қиляпти. Маҳсулотлар асосан Европага экспорт қилинади. 

Маълум қилинишича, корхона янада кенгайиб, янги иш ўринлари ташкил қилиши учун «Ислом тараққиёт» банкининг кам фоизли кредитига муҳтож. Лекин масъуллар билан амалий ҳаракатлар олиб бориш қийин кечяпти. Шу боис, партия бу масалани Республика даражасида ҳал қилинишини назоратга оладиган бўлди.

Алишер Қодиров бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг навбатдаги ўрганишлари дастлаб Боғот туманидаги «Қалъажиқ қалъа»сидан бошланди.
Тарихий манбаъларда қайд этилишича, қалъа эрамиздан олдин IV асрда бунё этилган. Унинг ёнида кўл сувининг таркиби Иордания ва Исроил давлатлари ўртасида жойлашган »Ўлик денгиз» суви таркибига яқин ва шифобахш ҳисобланади. Кўл атрофидаги қум барханлари ҳам фойдали хусусиятга эга экани аниқланган.  

Айни пайтда қалъа атрофида археологик, тиббий ва экотуризмни ривожлантириш мақсадида 153 гектарли ҳудудда «турзим шаҳарчаси» бунёд этиляпти. Асрий қумликлар ўрнида саёҳатчилар учун миллий услубдаги меҳмонхоналар, ресторан, ўтовлар ва  чўмилиш ҳавзалари қурилиб ишга туширилган.  Дам олувчилар учун ёпиқ бассейн, амфитеатр, сиҳатгоҳ қурилиши давом этмоқда. Экотуризмнинг қум барханлари бўйлаб туяда сайр қилиш, сунъий кўлларда балиқ овлаш турларини ташкил этиш чоралари ҳам кўриляпти.

– Яқинда бир япон сайёҳи келиб, бу ердаги ишлардан ҳайратга тушди ва орадан кўп вақт ўтмай 400 нафарга яқин япон сайёҳларини бошлаб келди, – дейди тадбикор. 

«Турзим шаҳарчаси»га шу кунгача 35 млрд сўм маблағ сарфланган, ишлар якунлангач, 500 киши иш билан таъминланади. Лекин қалъа атрофидаги айрим ноқонуний қурилишлар бунёдкорлик ишларига ҳалақит беряпти. Йўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммоларга ҳам афсуски ечим йўқ ҳозирча.  

Ишчи гуруҳ «турзим шаҳарчаси»ни тезроқ ишга тушириш бўйича тавсия ва таклифлар бериб, мавжуд муаммоларни қонун доирасида ҳал қилишга кўмаклашадиган бўлди. 

Боғот туманида Нурулла ота Ўдақовни танимайдиганлар кам топилади. 70 ёшдан ошган отахон Янги Ўзбекистон ислоҳотларидан руҳланиб, ўз ҳовлисида иссиқхона ташкил қилиб, боғотликларни қишин-ёзин сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда. Камига уйининг томига қуёш панеллари ўрнатиб, ўз эҳтиёжидан отганини давлатга сотяпти.

– Иссиқхонада фақат газдан фойдаланаганим менга қимматга тушяпти, – дейди отахон. – Бу маҳсулотларим нархига ҳам таъсир қиляпти. Шу боис, ҳозир кўмирда ишлайдиган «котёл» ўрнатиш ҳаракатидаман.
 
Нурулла отанинг айтишича, ҳозир беҳисоб, фойдаси бўлмайдиган харажатлардан қочиш керак. Қачон тўйларимиздаги шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, исрофгарчилик, қарзга ботиш иллатларидан қутиламиз? Тўйларни ихчам, камхарж қилиб ўтказиб, тежалган маблағни фарзандларимиз келажаси – таълим-тарбияси, уй-жойи учун сарфлаганимиз яхши эмасми. Ҳозир отахон бошлиқ маҳалла оқсоқоллари тўйларни ўта даражада камчиқим қилиб ўтказиш бўйича маҳалла раиси билан келишувга эришган.

– Сизга ўхшаган ёшуллиларнинг йўл кўрсатиши билан мамлакатимиз баракали бўлади, – деди Алишер Қодиров отахон билан суҳбатда.
Хоразмликларнинг аксарияти Қўшкўпир туманида Пайғамбаримиз (с.a.в.) набиралари имом Ҳусайн (с.а.) авлодидан бўлган Эшон Саййид Мирмуҳаммад Азиз мақбараси, яъни Пайғамбаримиз (с.a.в.)нинг 30, 31-авлодлари қабри борлигидан хабарлари бўлмаса керак. Бунинг исботини ана шундай табаррук инсонлар дафн қилинган мақбара фақат шу яқин атрофдаги аҳоли томонидан зиёрат қилинишидан ҳам билиш мумкин. 

Алишер Қодиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Саййидлар авлодларининг сўнгги манзили жойлашган Иморат бобо мажмуасида ҳам бўлди.
Хўш, Пайғамбаримиз(с.a.в.) авлодлари ҳисобланган Саййидлар қандай қилиб Марказий Осиёга келиб қолган.  

Тарихий манъбаларда қайд этилишича, Расулуллоҳ(с.a.в.) вафотларидан сўнг у кишининг қавму қариндошлари ҳаёти хавф остида қолади. Шу боис, улар Арабистон ярим оролидан Хуросон ерларига кўчиб ўтадилар. Аммо саййид авлодлари бу ҳуддудан ҳам қувғин қилинади ва Ислом кенг тарқалган мамлакатларнинг яна ҳам ичкарироғига киришга мажбур бўладилар. Бу жойлар Мовароуннаҳр ва Туркистон ерлари эди. 

Марказий Осиё, хусусан, мамлакатимизда асосан Ҳусайний ва Ҳасайний саййидлар истиқомат қилишади. Имом Ҳусайн (р.а.) авлодлари деярли юртимизнинг барча вилоятларида бор. Жумладан, Марғилон, Нурота шаҳарларида, қисман Андижоннинг Балиқчи тумани ва Фарғонанинг Бешариқ туманлари атрофларида яшашади. Энди эса Хоразмда ҳам саййидлар авлоди борлиги аниқланди. 

– Ислом дунёсида Пайғамбаримиз (с.a.в.) авлодларини зиёрат қилиш жуда катта туристик манба ҳисобланади. Агар ушбу йўналишдаги хориж сайёҳларининг маълум қисмини бу ерга жалб эта олсак, катта имкониятга эга бўламиз, – деди Алишер Қодиров. Демак, бу борада Туризм қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликдаги ишларимиз кўп ҳали...

Ишчи гуруҳ ўз томарқасида балиқчилик, чорва ҳамда парранда хўжаликлари ташкил қилиб, нафақат ўзини, маҳалласи аҳолисни ҳам гўшт маҳсулотлари билан таъминлаётган Баҳодир Ибрагимов хонадонида ҳам бўлдилар.

Бир сўз билан айтганда, депутатларимиз жойларда бўлиб, эътиборталаб муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратмоқдалар. Масалан, Баҳодир Маматхонов Навоий шаҳрида ва Шерзод Тўхташев эса Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида ўрганишлар олиб борган бўлса, Азамат Пардаев Булунғур туманининг «Ниёзмат», «Хўжамазгил» маҳаллалари муаммоларини ўрганди, «Бешкуви»да эса ичимлик суви муаммоси ечими бўйича қилинган ишлар билан танишди.

Депутатлар Даврон Арипов ва Дилноза Азизовалар эса наманганликлар муаммосини ўрганиб, ҳал қилиш чораларини кўришяпти. Жумладан, фракция аъзолари дастлаб Давлатобод туманидаги «Меҳрли мактаб» фаолияти билан танишди. Бу ерда ташкил этилган махсус боғча тарбияланувчилари ҳамда ота-оналар билан учрашди.

Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Назира Мухторованинг Жиззахдаги ўрганишлари вилоят марказидаги шаҳар кўп тармоқли поликлиника фаолияти билан бошланди. Депутат энг аввало онкологик касалликларни барвақт аниқлаш борасидаги ишлар билан танишди. Шифокор ва беморлар билан учрашиб, бу борада қонунчилик доирасида кўриб чиқиладиган масалаларни ўрганди.

Фракция аъзоси Руслан Жумамуратов Нукусдан юз килметр узоқликда жойлашган «Қаратав» фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашган бўлса, Шерзод Қулматов Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Норбобо Соатов ҳамроҳлигида партяивий ғоялардан келиб чиқиб, Сайхунобод туманида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолияти билан танишди.

Янги сайланган бўлишига қарамай энг фаол депутатга айланган Васила Файзиеванинг ўрганишлари Яшнобод туманида «Уйсозлар» маҳалласидан бошланди. Аҳоли билан бўлган мулоқотларда туман тиббиёт бирлашмаси узоқ бўлгани боис, маҳаллада унинг филиалини очиш масаласи кўтарилди. 

– Бу борада ишлар бошланган, бироқ ортиқча қоғозбозлик муаммонинг ҳал бўлишини ортга суряпти, – дейди Васила Файзиева ҳужжатлар билан танишиб. 

Депутатнинг Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари ҳамда маҳаллий депутатлар ҳамроҳлигидаги ўрганишлари  435-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида давом этиб, учрашув ва очиқ мулоқот чоғида ушбу боғчанинг капитал таъмирга муҳтожлиги аниқланди. 206-сонли мактаб жамоаси билан учрашувда эса ўқувчилар тарбияси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. 

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида ўрганишлар олиб бораётган депутат Нодир Тилаволдиев эса энг чекка маҳалла «Найман»даги хайрли бир иш устидан чиққанини таъкидлади. 

Депутатнинг ёзишича, ушбу маҳаллада хорижлик инвестор томонидан тикувчилик корхонаси ташкил этилиб, 150 га яқин иш ўрни яратилган. Туман ҳокими эса бунинг учун «Найман»да ўзи етакчи бўлган сектор биносини тадбиркорга бўшатиб берибди. 
«Қани энди барча раҳбарларимиз ана шундай жонкуяр бўлса», – дейди депутат.  
 
Фракция аъзоларининг ҳудудлардаги ўрганишларига доир таҳлилий мақолани келгуси сонимизда кутинг!