Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Туркия Буюк Миллат Мажлиси ўртасида ҳамкорлик баённомаси имзоланди

Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Туркия Буюк Миллат Мажлиси ўртасида ҳамкорлик баённомаси имзоланди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Туркияга ташрифи давом этмоқда. Сенат Раиси Анқарада Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш билан учрашди.

Унда икки давлат раҳбарларининг мустаҳкам сиёсий иродаси ва дўстона муносабатлари туфайли Ўзбекистон-Туркия алоқалари ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.

Парламентлар давлатлараро ҳамкорликни чуқурлаштиришда тобора фаол иштирок этаётир. Олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назорати, тегишли қўмиталар ва дўстлик гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорлик  кучайтирилмоқда. 

Маданий-гуманитар алоқалар, айниқса, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди. Туркий тилли мамлакатлар парламентлари ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги алоқаларни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия Буюк Миллат Мажлиси ўртасида ҳамкорлик баённомаси имзоланди.

Бу нафақат икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, балки бутун минтақада барқарорлик ва тараққиётга хизмат қилувчи муҳим дипломатик қадамдир.

***

Ташриф давомида делегация аъзолари Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий тараққиётига бағишланган китоблар ва нашрлар тақдим этилган парламент кутубхонаси фаолияти билан танишди. Т.Норбоева Туркия Буюк Миллат Мажлиси Фахрий меҳмонлар китобида ёзув қолдирди. 

Шунингдек, Т.Норбоева Туркия Республикасининг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк хоки қўйилган Аниткабир ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Туркиянинг буюк давлат арбоби Отатурк қабрига гул қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

Н.Абдураимова, ЎзА