Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомағрупов ижодига чизгилар
Бисмиллаҳир раҳмонир раҳийм!
Халқимиз томонидан эъзозланаётган санъаткор куйламоқда: “Оға, соғ борсангиз аввал, онамларга салом айтинг...”
Гарчи 1916 йилда яратилган тарихий қўшиқда сўзма-сўз айтилмаса ҳам хаёлингдан кинолентадек “Оқ подшо”нинг “Мардикорликка олиш ҳақидаги фармони”га қарши Туркистонда кўтарилган халқ қўзғолони, Россиянинг совуқ ўрмонларига дарахт кесишга, фабрика-заводларидаги оғир ишларга жалб этилиб, қулдек ишлатилган, Сизрань ва Магадан ўрмонларининг қаҳратон иқлимига мослаша олмай ўпкасини совуқ олдириб, сил ҳамда зотилжам дардига чалинган юртдошларимизнинг аянчли тақдири гавдаланаверади.
Ҳофиз ота-онаси, ака-сингиллари, ёр-биродарларини соғинган ўғлоннинг ноласини мусиқа ошуфтаси бўлган қалбларга етказмоқда-ю, ўғлоннинг дардкашига айланиб қолганини сезмаётган тингловчининг кўзида беихтиёр ёш томчилаганини ўзи ҳам сезмаяпти. Ушбу қўшиқда дард бор, миллатимиз тарихидаги “қора кунлар” деб битилмиш кунларнинг акс-садоси бор.
Қизиғи шундаки, ичида шунча дарди бўлган қўшиқнинг “лирик қаҳрамони” қариндош-уруғига соғинчли саломини йўллайди-ю, бироқ яқинларининг “кўзини ёшлатмаслиги учун” ёмон аҳволимни уларга билдирманг, “соғ-саломат” деб айтинг” дея уларни аяйди. Бу эса жигарпораларини асраш учун қилинаётган юксак инсонпарварлик, ўзбекона меҳр-оқибатнинг бир кўриниши эмасми?!
Ҳақиқий санъат асарининг, вазифаси инсоннинг юксак “санойи нафиса”сини юксалтириш, унинг маънавий қиёфасини қайсидир жиҳатдан шакллантиришдан иборатдир. Ҳақиқий ижодкор, санъаткор умуминсоний қадриятларни инкор қилмаган ҳолда халқининг миллий қадриятларини юксакка кўтаради. Халқчил қўшиқ куйланаётганида эса миллат келажагини, унинг руҳияти ва ҳатто савиясини кўрасан.
Абдулла ака Шомағруповга бир неча марта “Куйлаган қўшиқ ва ашулаларингизнинг “хит” даражасига чиқиши учун нега реклама қилмайсиз?” деб савол беришганига бир неча бор гувоҳ бўлганман. Бироқ савол бераётганлар англашмасмиканки, “хит-қўшиқ”ни сўзини росамадисига “тўй-қўшиқ” ҳам дейиш мумкинлигини... “Шашмақом” ёки бошқа шундай миллий мумтоз ашулаларимизнинг ўлмас экани тўғрисида кишининг гапи тугагунича, қанчадан-қанча “хит-қўшиқлар”нинг “жаноза”си ўтиб кетганлигига ҳам гувоҳмиз.
Созларни моҳирона чала билган мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳазрат Алишер Навоийнинг илтимосига кўра, “Рисолайи мусиқий” номли мусиқа ҳақида асар ёзиб, мусиқанинг инсон руҳига қанчалик таъсир қилишини исботлаб берган эканлар.
Ушбу асарнинг “Илми таълиф” ва “Илми иқоъ” қисмлари бор. Жомий “мусиқанинг таркибий қисмларини ўрганиш “яна-да гўзал ва нафис санъат” яратиш учун керакдир”, - деб ёзади. Шунингдек, мумтоз мусиқанинг 20 дан ортиқ ижро этиш усуллари хусусида баён этар экан, “янги усуллар яратишда чегара йўқлиги, ихтиёр этган киши янги усул ярата олиши”ни билдиради”.
Абдулла Шомағрупов бу борада ўлмас наволаримиз унутилиш арафасида турганида “Сенсан севарим хоҳ инон, хоҳ инонма” (Лутфий ғазали), “Рухсоринг” (Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазали), “Салламно” (Огаҳий ғазали), “Парвона қилгансиз”, “Мастона бўлдим”, “Савдои муҳаббат” (Машраб ғазали), “Салом айтинг” (Худойберди Қорабоев шеъри)ни куйлаган ҳамда уларга “Масиҳ анфоси ила жон бахш этган” виртуоз хонандаларимиздандир.
Хонанда ашулани куйлабгина қолмай, унинг “жон томири”ни топа билади. Сабаби, танбур, дутор, қашқар рубоби, афғон рубоби, тор, ғижжак, доира сингари мусиқа созлари орқали куйларни маҳорат билан оҳангга соладилар. Мумтоз қўшиқлар ижрочиси моҳир, маҳоратли бўлмаса, қадимий куйларимизнинг синоати томошабин қалбига етиб бормайди. Фақат мусиқа илмига меҳр қўйган инсонгина буни уддалаши мумкин. Бу илмни қайсидир жиҳатдан “илми ақсо” га ўхшатаман.
Унинг сеҳрли кучи инсон руҳиятига таъсир қилиб, қалбни даволай олиш ва гипноз қила билиш хусусиятида яққолроқ кўринади. Абу Наср Фаробийни подшо саройидаги мажлис аҳлини ғижжак чалиб, муқораба ҳолатига солиб саройдан чиқиб кетганлиги тўғрисида ровийлар ривоят ёзиб қолдирган эканлар.
Абдулла Шомағруповнинг ижодини кузатган шинавандалари хонандани тордан ҳам кўра танбурда куй ижро этишларини жуда яхши билишади. Юқорида келтириб ўтганимиз “Салом айтинг” қўшиғи ҳам ҳеч бир созсиз, танбурда якка ижро этилган.
Абдулла Шомағруповдан аввал хонандалар Исроилжон Усмонов, Алижон Ҳасанов, Дадахон Ҳасанов ва Илҳом Иброҳимовлар ушбу қўшиқни тор орқали бошқа мусиқа асбоблари жўрлигида ижро қилишган. Бироқ қўшиқнинг ушбу ижроси яккахонлиги билан бошқа ижролардан ажралиб туради ва оҳанглари ҳам замон билан ўта ҳамнафас. Абдулла Шомағруповнинг танбурда куй ижро этишларини негадир салаф устозлари Жўрахон Султонов (ҳофизни кўрмаганлар, бироқ маънавий устоз деб биладилар),
Турғун Алиматовларга ўхшатаман. Жўрахон Султоновдан ашулаларини нега танбурда ижро этишларини ва ушбу созга юқори ихлос қўйганларини сўрашганида, у киши “Танбур сипо одамга ўхшайди. Енгил-елпи, бачкана куйларни танбурда ижро этиш тингловчида яхши таассурот қолдирмайди. Ундан ташқари, танбур берадиган алоҳида нозик оҳангларни беришга бошқа созлар одатда чоғи келмайди”, - деб жавоб берган эканлар.
Кўзани билдирмай синдирдинг нима-ю, атайлаб синдирдинг нима? Натижа – кўзанинг сингани: хулоса эса бунга баҳо берувчининг дунёқараши ва “кўза синдирувчи”га муносабатига боғлиқ. Шунга ўхшаш миллий мусиқа ва қўшиқларимизга сайқал бераман деб, уларни COVER (кавер) услуби ҳамда усули орқали куйлаб ЭЖОД қилаётганлар ўзбек мусиқа санъатини энди қабул қила бошлаган мусиқа маданиятига оид нозик дидининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатмаётганмикан?!..
Яқинда ўрта ёшлардаги хонанда йигитнинг телетанловда “Хоҳ инон, хоҳ инонма” ашуласини “кавер” усулида ижро этиши мумтоз мусиқанининг ҳақиқий шинавандаларини ғашини келтирди.
Ал-Хоразмийдан (780-850 йиллар) даво усулидан қайси бири сизга маъқул деб сўрашганида, у зот “Менинг ватанимда қадим замонлардан бери касалликларни даволашда сўз, дори-дармонлар, тил ва мусиқадан фойдаланишади. Моҳир созанданинг созидан чиққан ҳазин куй ҳар қандай доридан яхши таъсир қилади” – деган экан. Қайд этиш жоизки, чиндан ҳам мусиқа мувозанатни йўқотган хулқни тартибга келтиради, камол топмаган руҳни мукаммал қилади ва инсон хулқининг мувозанатини сақлаб туради.
Яхши мусиқа руҳни кўтаринки қилса, ёмон мусиқа ва сўзлар руҳни сўлдиради. Руҳан сўлган инсоннинг кайфияти кўтаринки бўлмайди, буюк ишларни қила олмайди. Ёмон мусиқа эса инсон руҳиятига ҳам таъсир қилади.
Абдулла Шомағрупов Орифхон Ҳотамов, Турғун Алиматов, Муроджон Тошмуҳаммедов, Камолиддин Раҳимов ва Бахтиёр Отаев сингари устозлардан мусиқа ва куйлаш маҳоратини ўрганган. Айни пайтда ўзлари ҳам Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институтида ёшларга мусиқа илмидан сабоқ бермоқдалар.
Мумтоз хонандаликни касб этишга киришган шогирд ўзига хос сабоқ жараёнини ўташга мажбур. Бу жараён одатий тарзда назарий ва амалий машғулотлар билан боғлиқдир. Асосий мақсад – ижрочилик сирларини ўрганиш, устозларнинг ижрочилик услубларини керак даражада идроклашдир. Ашула ижрочилигини, созни маҳорат билан чалиш мунтазам амалий машғулотни талаб этади.
Бундан ташқари мумтоз мусиқа ижрочилигида устозлик жиҳатлардан яна бири бу – адабий меросни, унинг ички қонуниятларини тушуниш, сўз ва оҳанг мутаносибликда талқин этилиши билан ўзига хосдир. Мумтоз қўшиқлар ижрочиси тарих, адабиёт, маданий мерос масаласига жиддий қизиқиши шарт. Шундагина у юксак поғонага кўтарилиши, эл меҳрини қозониши мумкин. Ушбу сифатлар Абдулла Шомағрупов ижодида мужассам.
Мумтоз мусиқамизга қўйилган улкан меҳр, соз чалиш ва ашула ижросидаги моҳирлик ила маҳорат, тинимсиз меҳнат санъаткорни эл кўзига доим нурли қилиб кўрсатиб келмоқда.