«Гидлар уюшмаси» ташкил этилиши керак!
Бухоролик партиядошларимиз бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Бухоро шаҳридаги туристик объектлар ва уларга туташ ҳудудларда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ҳолатини ўргандилар.
Якунда маълум қилинишича, 2025 йилнинг олти ойида Бухорога келувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сони ортган, энг муҳими, меҳмонлар хавфсизлигига оид жиноий ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар қайд этилмаган.
Бунга тарихий обидалар жойлашган ҳудудларда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани ва сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган жойларда қўшимча патруллик йўналиши жорий қилингани сабаб бўлганмиш.
Таъкидланишича, айни пайтда Бухоро шаҳрининг тарихий қисми – Арк қўрғонида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар 57 та электромобил, 43 та скутер, 200 та электросамокат, 180 та велосипедда меҳмонларни ташимоқдалар ёки ижарага беришяпти. Сайёҳлар бундай хизмат турлари кўпаётганидан мамнун эканликларини билдирсаларда, айрим электромобил ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаётганликларини, ҳудудда хавфсизлик тўсиқларининг йўқлиги ва қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш ҳолатлари рўй бераётганидан хавотирда эканликларини билдиришган. Шу боисдан, ҳайдовчиларнинг бир хил кийимда бўлиши, вояга етмаганларни ушбу фаолиятга жалб этилмаслиги лозимлигини билдиришган.
Шунингдек, ўрганишларда тарихий ҳудуддаги уйлар орасидаги йўлакларнинг торлиги ва ёнғин ўчириш автомобилларининг ҳаракатланиши учун кўчаларнинг камлиги, аксарият уйларнинг эса ёнғинга бардошлилик даражаси ИВ ёки В даражани ташкил қилиши ҳам маълум бўлди. Энг ёмони, айрим гидларларнинг сайёҳларга етказаётган маълумотлари тўлиқ эмас, баъзан эса нотўғри экани аниқланиб, гидлар фаолиятида ягона стандартлар йўқлиги туфайли тартибсизликлар юзага келаётгани маълум бўлди. Бунинг олдини олиш учун эса соҳада расмий аттестация тизими ва «Гидлар уюшмаси»ни ташкил этиш, Гидлар реестри ва гувоҳнома тизимини яратиш лозим деган таклифлар ишлаб чиқиладиган бўлди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, демак туризм соҳасида, хусусан, зиёратгоҳу тарихий манзилларда бартараф этилиши керак бўлган муаммоларимиз ҳали кўп. Зеро, олиб борилган ўрганишлар уларни зудлик билан аниқлаб, бартараф этиш лозимлигини кўрсатди.
Муслима Рўзиева