3 минг йиллик қалъа йўқ бўлиб кетадими?

3 минг йиллик қалъа йўқ бўлиб кетадими?

Жаноб «Маданий мерос»чилар нега жимсиз, тарихни асраш асосий вазифангиз эмасми? 

Хоразмнинг шарқий ҳудудида жойлашган Ҳазораспда «Девсолган», «Ҳазорасп» ва «Сулаймонқалъа» номлари билан машҳур бўлган қалъа бор. Олимларнинг фикрича, ушбу тарихий иншоот 2700 йил аввал, айрим манбаларда эса 3000 йил олдин қурилган. 

Маълум қилинишича, ХХ асрнинг 50-йилларида Ҳазорасп шаҳар компартиясининг биринчи котиби топшириғи билан қалъа деворлари ва у ердаги бошқа обидалар бузилган ва унинг тупроғидан ғишт ишлаб чиқариш тўғрисида қарор чиқарилган. Машҳур археолог ва этнограф Сергей Павлович Толстовнинг Москвага – Марказқўмга ёзган шикоятидан кейингина бу бузғунчиликка барҳам берилганди. Журналист Эрпўлат Бахт шундай ёзади: «Яқин йилларгача ҳам ушбу обида Ҳазорасп шаҳри марказида ўзига хос кўрк бағишлаб, салобат касб этиб турарди.

Бундан 20 йиллар муқаддам қалъага қилган ижодий сафаримиз жараёнида беш-олти ўсмирнинг болалар қалъа деворларини бузиб, тупроғини элакдан ўтказиб, ғишт қуйиб юрганига гувоҳ бўлган эдик. Ўшанда бу болалар тупроқни элаш жараёнида тилла ва кумуш тангалар топганини гапириб беришганди. Бу аянчли ҳолат юзасидан маҳаллий телевидение орқали бонг урилгач, бузғунчилик ишларига чек қўйилгандек бўлди. Ҳазорасп тумани собиқ ҳокими Ботир Раҳимов қалъа ёшини тадқиқ қилиш мақсадида олимларни жалб қилди, бузилган деворларни қайта таъмирлаш ишларига бош-қош бўлди. Афсуски, ана шу хайрли ишлар бугунга келиб, тўхтаб қолган. Қисқа муддат ичида «Сулаймонқалъа» ғарбий деворларининг икки жойи бузилган. Агар қўйиб берилса, яна беш-олти йилдан сўнг бу тарихий обида ўрни теп-текис майдонга айланиши мумкин».

Халқ депутатлари Ҳазорасп туман кенгаши депутати Шарқия Ахмедованинг айтишича, «Сулаймонқалъа» ўз пайтида Хоразмга бостириб келган ёвларга мудофаа истеҳкоми вазифасини ўтаган ва шу пайтгача етти марта бузилиб, қайта тикланган. Қалъа жуда бой ва улкан тарихга эгадир. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Соломон подшо Давид (Довуд)нинг ўғли бўлиб, милоддан аввалги 1015 – 975 йилларда, яъни 40 йил тахтда ўтиради. Кучли заковат эгаси бўлган Соломон ўз давлати сарҳадларини кенгайтиради. У Хоразмга келган вақтида булоқлардан сув ичаётган қанотли отларни кўриб ҳайратга тушади.

Шунда у Сомон исмли девига булоқлар сувига оғу солиб, отларни ушлаб олиш ва қанотларини кесиб, хонакилаштириш, булоқлар атрофини эса баланд девор билан ўраб, қалъа барпо этишни буюради. Қалъага эса «Ҳазорасп», яъни «минг от» деб ном берилади. Кейинчалик маҳаллий халқнинг тилида ушбу қалъа «Дев солған» номи билан юритила бошланган. Демак, ўтмишда тўқилган афсона ва ривоятларнинг бироз бўлса-да ҳақиқатга яқин асоси бор деб қаралса – Ҳазорасп қалъасининг ёши салкам 3000 йил эканлиги ойдинлашади.

Этнограф ва ўлкашунос тадқиқотчилар шаҳарнинг номи афсонавий отлар билан эмас, балки шу ерда қачонлардир яшаган «хазор» ва «ос» қабилаларининг номи билан боғлиқ деган қарашни ҳам илгари суради. Чунки шу кунгача сақланиб қолаётган ва қалъа яқинидан ўтадиган ариқнинг номи ҳам «Ҳосоёп» дейилади ва у бир неча минг йил илгари Ос қабиласи ерларини сув билан таъминлаган. Ҳазорасп ҳақидаги дастлабки ёзма маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги авлодлардан қолган ёдгорликлар» асарида келтирилган. Машҳур тарихчи ат-Табарий эса 712 йилда араблар истилосига учраган Хоразмда учта йирик шаҳар – Кот, Гурганж ва Ҳазорасп бўлганини қайд қилган. Яна бир йирик араб тарихчиси ал-Истаҳрий қалъа яқинидан бир нечта ариқлар оқиб ўтади ва улардан бирининг номи Ҳазорасп эканини таъкидлаган.

– Ўлкамиз тарихига қизиқаман, – дея суҳбатни давом эттиради Шарқия Аҳмедова. – Шунинг учун ҳам Ҳазорасп тарихини акс эттирувчи манбаларни тўплаб бораман. Ҳар куни қадимий қалъа бўйлаб ишга кетаётиб, бир кун келиб қалъа обод бўлар, камарбаста инсонлар майдонга келар, деган ният қалбимда яшарди. Чекка бир ҳудуддаги туман кенгаши депутати сифатида 25 йилдан буён 3000 йиллик тарихни бағрига яширган ушбу обидани обод қилиш борасидаги таклифларни билдириб келаман.

Ниҳоят, «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров бошчилигидаги депутатлар ва туман ҳокими Зафар Абдиримовнинг мутасадди ташкилот раҳбарлари билан бу ерда бўлиб, вазиятни ўрганишгани барчани бирдек умидлантирди. 

Очиғини айтиш керак, бутун дунёда тарихининг бир парчаси ҳам бўрттирилаётган, ҳатто, йўқ тарихни бор қилиб кўрсатишга уринилаётган бир пайтда биз ўз ўтмишимизни, тарихимиздан гувоҳлик берувчи маданий мерос объектларимизнинг йўқ бўлиб кетишига йўл қўйиб бораётганимиз оддий лоқайдлик эмас, албатта. Тарихчиларимизга қулоқ солайлик: ватанимизнинг ҳар бир ҳудудида «Сулаймонқалъа» каби шонли тарихимиз бешиклари бор. Ҳар бири ўзига хос ҳикоя ва афсонадир.

Умид қиламизки, «Миллий тикланиш» ташаббуси билан 25 йилдан буён кўтарилаётган, аммо жиддий эътибор қаратилмаётган муаммо – Ҳазораспдаги бу қалъанинг йўқ бўлиб кетишининг олди олинади. Ажабмас, маълум бир вақт ўтиб, қалъа обод, минг-минглаб сайёҳларга узоқ тарихимиздан «сўзловчи» файзли бир манзилга айланиб, миллатимиз манфаатига хизмат қила бошласа...