“Тренд”дан тушмаётган “масхарабоз”лик
ёхуд санъатни бедарвоза деб ўйлаганлар жиловини ким тортади?
“Раҳматли Ортиқ Отажонов бир суҳбатда Ўзбекистон радиоси фонотекасида сақланаётган нодир санъат намуналарини ёшлар талқинидаги вариантларида сўзлар бузиб айтилаётгани ҳақида гапириб, уларни тозалашга бел боғлаганини билдирган эди. Ўшанда машҳур ҳофиз вақти-соати келиб, келгуси авлод вакиллари “ўша даврларда санъатнинг дарвозаси бўлмаганми?” деган саволларни ўртага қўйишларидан истиҳола қилишини айтган экан...”
Таниқли журналист Ҳусан Эрматовнинг шов-шувли мақолаларидан бирида илгари сурилган ана шу фикрлар қўлга қалам олиб, яна ўша “қўҳна мавзу”да ёзишга ундади.
Гарчи кўпчилик босма нашрларга эътибор қаратмай қўйган бўлса-да, устозларимиздан бири айтганидек: Умид энг охирида ўлади, демак умид билан ёзаверамиз!
Айланайин сени Алёничка,
Сен меникисан, всё точка.
Ёхуд,
Зубайда, Зубайда
Нима қиласан Дубайда,
Зубайда, дайди-дайди…
Ёки,
Ҳей, ока, сизга бай-бай, бўпти пока,
Хафа бўлманг гаплашамиз,
Балки яна кўришамиз
Бешши олинг, борига барака.
Турли телеканаллару, ижтимоий тармоқларда кунига ўнлаб маротаба “айлантирилаётган” шу ва шу каби сон-саноқсиз хонишларни айнан ўзимиздан чиққан “юлдузча”лар ижро этишаётганини таъкидламасдан илож йўқ.
Мени анчадан буён қатор мулоҳаза-ю, саволлар қийнайди: наҳотки, пул ҳамма нарсадан, ҳатто миллат шаъни-ю, тилидан, умрбоқий қадриятлардан ҳам устун бўлса?!
Демоқчи бўлганим, юқоридаги каби алаҳсирашларга “бағишланган” клиплар кўпинча “хизмат кўрсатганлару, халқ артистлари”нинг хизмат кўрсатаётгани кишини жиддий ўйлашга мажбур қилади. Қани энди бир мард топилсаю, номаъқулчиликни йиғиштир, ортингда бутун бир миллат шаъни турибди, деса...
Равшанбек Сувонов – икки йилдан буён партиянинг Сирдарё вилоят Кенгашида ишлайди. Бунгача у қатор йиллар нуфузли олий таълим даргоҳида ёшларга сабоқ берган. Очиғи, китобга ўчлиги боис айни кунда шахсий кутубхонасида 4000 дан зиёд сара асарлар бор. Сир эмас, илм одами, айниқса, китобга ошно инсон мулоҳазали ва босиқ бўлади. Ана шу партиядошимизни яқинда анчайин асабий ҳолатда учратиб қолдим.
– Амакимни битта хусусий клиникага ётқизгандик. Ўтган йигирма кун мобайнида шифокорларнинг қилмаган муолажасию, менинг кирмаган дорихонам қолмади. Ҳамманинг боши қотган чоғда, шу ерда даволанаётган бир отахоннинг маслаҳати билан беморни телевизорсиз хонага кўчирдик. Натижада ҳафта ўтмай оқсоқол оёққа туриб, аста-секин юра бошлади. Иштаҳаси-ю, уйқуси яхшиланди. Энди билсак амакимни хасталик тўшагига тобора михлаётган қусур-телевидениеда берилаётган бетайин сериаллару, тутуриқсиз куй-қўшиқ ва клиплар экан. Бояқиш, телевизордан кўз узмайдиган ҳамхонасининг раъйига қараб, хоҳласа-хоҳламаса уззукун экранга тикилишга мажбур бўларкан. Оқибатда баттар асабийлашган…
– Шулар ҳақида ёзинг, зора телевидениедаги сериалчилар-у, қўшиқчиларга инсоф кириб қолса...
Равшанбекни эшитяпману яна Ҳусан Эрматовнинг “Бугунги ёшлар нимага кўпроқ қизиқмоқда? Миллионлаб томошабин “топган” “Кўк жигули” каби лойиҳалар аслида бизни сергакликка, соҳадаги мутасадди ва раҳбарларни инсофга ундаши керак эмасми?! Санъатнинг тирикчилик индустриясига айланишида томошабин бўлиб турган вазирликдан рози бўлиш мумкинми?! Саволлар кўп…”, деган гапларини эсладим.
Дарҳақиқат, аҳвол шу даражага келяптики, уларнинг қайси бирига жавоб топишни-ю, қайси бирини қайси каттаконга “илиниш”нида билмайсан киши…
“Кўк жигули”, “Қизил Москвич”, “Лада Ламбада”, “Малоҳат”, “Ойша”, “Тренддаман-трендда”, “Эй, ока” каби яна ўнлаб алмойи-алжойи валдирашлар ана шу оғриқли саволларнинг юзага келишига сабаб бўлаётир!
Яна савол туғилади: ҳеч бўлмаса, Маънавият ва маърифат маркази раҳбарлари, фаоллари кун, соат сайин урчиётган бу номаъқулчиликларга чора кўриш, жиллақурса бу ҳолатларга нисбатан ўз муносабатларини билдиришлари керак эмасми?!
Янаям аянчли томони, “мағзава хонишлари” телевидение ва радио, ижтимоий тармоқларда “адашган ит каби” айланиб юрган “юлдузча”ларнинг баъзилари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” ва яна давлат миқиёсидаги унвонлар билан тақдирланган!!! Ушбуни қоралаяпману, 2018 йилда Президентимизнинг илм-маърифат намоёндалари ва санъат аҳиллари иштирокидаги республика Маънавият ва Маърифат кенгашининг навбатдаги йиғилишида билдирган фикрлари, ўтли мулоҳазалари ёдга тушади. Юртбошининг таъкидлашича, Комилжон Отаниёзовдек буюк санъаткорнинг элга қилган хизматлари 25 йилдан сўнггина эътироф этилиб, “Ўзбекистон Халқ артисти” унвони билан тақдирланган экан.
Жаҳоншумул аҳамиятга эга Нобель мукофотини қўлга киритган Турк дунёсининг илк ва ягона вакили Азиз Санжар таъкидлаганидек, дунё тамаддунининг асоси бўлмиш ҳар икки Ренессансга ҳам муносиб ҳисса қўша олган халқмиз. Аждодларимиз томонидан амалга оширилган ишлар, турли кашфиётлару, топилмалар дунё аҳлини ҳануз ҳайратга солиб келаётганлиги-да бор гап.
IX асрда Муҳаммад ал-Хоразмий алгебра фанига асос солган бўлса, X асрда Абу Наср Форобий Аристотельнинг “Метафизика” асарига энг мукаммал шарҳ ёзиб, “Иккинчи устоз” унвонини олди. XI асрда Абу Райҳон Беруний ер билан ой ўртасидаги масофани ўлчади. Ибн Сино медицина Қомуси-“Тиб қонунлари”ни яратди. XIV асрда Амир Темур Евросиёнинг ярмини тасарруфига олди яъни бирон марта мағлубиятга учрамай, 29 та давлатни забт этди ва дунё саркардаларининг энг буюги бўлди. Бу зот эришган ютуқларга ҳозиргача ҳеч бир саркарда эриша олмади. XV асрда эса Мирзо Улуғбек ҳазратлари 1019 та юлдузнинг ҳаракат жадвалини тузди. Алишер Навоий ўлмас “Ҳамса”сини яратди. XVI асрда “Бобурнома” оламга таралди. Унинг муаллифи Мирзо Бобур ҳазратлари 12 минг кишилик қўшин билан ҳиндларнинг 100 минг кишилик лашкарини мағлубиятга учратди. Бу тарихий ғалаба кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жангларнинг энг афсонавийси бўлиб, алалоқибат “Гиннеснинг рекордлари” китобига киритилди. Ер юзидаги ҳеч бир сулола ҳеч қачон Бобурийлар сингари ўзга мамлакатда 360 йил ҳукмронлик қилмаган экан...
… Йигирма биринчи асрга келиб эса ана шундай улуғ аждодларнинг ворислари “Алёничка”, “Зубайда”, “Кўк жигули”, “Қизил Москвич” дея валдираб, қўшиқчилик санъатининг обрўси-ю, қутлуғ номи улуғланишига “муносиб ҳисса қўшиш”япти.
Абдуғаффор Омонбоев,
“Миллий тикланиш” мухбири