Миллийлик ва диний қарашлар уйғун эди. Аммо...
Йиллар ўтгани сайин «босмачилик ҳаракати», дея онгимизга сингдирилган давр ҳақиқатлари юзага чиқяпти. Миллий озодлик учун кечган курашларда дин ва эътиқод ҳимояси ҳам муҳим ўрин эгаллаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ана шундай курашларда жонини жабборга берган миллат фарзандларидан бири Мадаминбекнинг Фарғона фронти қўшинлари қўмондони М.Сафоновга ёзган хатида: «...Сиз халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини эълон қилдингиз, шундай экан нега сиз уларни бизга бермайсиз? Ёки биз фақат мусулмон бўлганлигимиз учунми?», деган нидо бежиз янграмаган эди. Зулмга асосланган сиёсат нафақат эрк, озодликни, балки диний эътиқодни ҳам бўғишга қаратилгани учун ота-боболаримиз шундай сўзлар билан «жангга» кирганлар. Шу ўринда Миллий озодлик учун курашганларда дин ҳимояси бошқа масалалардан кам қўйилмаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, ислом инсонни бировга зулм қилиш, мулкига тажовуз қилиш, ноҳақ қон тўкишдан қайтариб, ҳалол ва ҳаромни фарқлашга ўргатган.
Яна бир маълумот: Ўзбекистоннинг янги тарихи, иккинчи китоб 95-бет, дарслигида шундай ёзилган: «Миллий озодлик ҳаракатига раҳбарлик қилган ва унинг ғоявий мафкурачилари бўлган ислом уламолари орасида яссавийлик ва нақшбандийлик тариқатининг пирлари кўп бўлган. Хорижлик тарихчи олим Мэри Броксапнинг ёзишича, Фарғонадаги энг қаттиққўл қўрбоши Холхўжа Эшон яссавийлик тариқатининг вакили эди. Ислом Паҳлавон ва Мулла Деҳқон қўрбошилар эса тасаввуф шайхлари бўлганлар». Шу ўринда бир ҳақли савол туғилиши мумкин: нега дин масаласи айни шу муаммо билан бирга ўртага чиқди?
Бу борада дастлаб, Д.Зуевнинг «Фарғонадаги босмачилик (1918-1922 йиллар)» номли мақоласидан жавоб топдик. Китобнинг 45-бети «Босмачиликнинг иккинчи тўлқини», деб номланади. Муаллиф 1920 йилнинг ёзи ўрталаридан Фарғонада босмачилик ҳаракати қайта авж ола бошлагани, советлар учун жиддий хавф уйғотаётгани, вилоят иқтисодиётини узил-кесил издан чиқарганини афсус билан ёзар экан, бунга икки сабабни рўкач қилади. Биринчиси, ташқи сабаб. Буни муаллиф Афғонистондан келаётган панисломизм ғояси билан боғлайди. Яъни Афғонистоннинг Англия устидан ғалаба қозониб, ўзини мустақил деб эълон қилганидан кейин барча мусулмонларнинг ғайридинларга қарши кураши авж олгани билан.
Иккинчиси – ички сабаб. Муаллиф асарнинг 46-бетида шундай ёзади: «Ички сабаб, туб аҳолининг шариатга асослаган турмуш тарзи билан келишмасдан, ўйламасдан ижтимоий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар билан боғлиқ. Бу ерда у Россияда черков давлатдан алоҳида қилингани каби, масжид ва мадрасаларни ижтимоий ҳаётдан ажратиб бўлмади. Негаки шариат эътиқодли мусулмон учун фақат диний, балки ҳаётидаги майда-чуйдагача белгилаб берувчи (нонни қандай синдириш, таом ейиш, ухлаш ва ҳ.к) юридик ҳамда ижтимоий кодекс эди». Муаллиф шулар ҳақида ёзар экан, совет ҳукуматининг никоҳ масаласи, мерос ҳуқуқи, ер, мактаб ва бошқа соҳалардаги тадбирларида шариатга, демакки динга зид ишлар қилинганига урғу беради. Масалан, хотин-қизлар бўлимлари ташкил этилганини алоҳида келтиради. «Айниқса, меҳнат мажбурияти, озиқ-овқат развёрсткаси ва хусусий савдони тақиқлашдек фармойишларга тоқат қилиб бўлмади», дейди. Шунинг учун ҳам муқаддас исломга, шариатга, эътиқодимизга зид ишлар миллатнинг «мудраб» ётган ҳужайраларигача уйғотди. Бу масала ҳаёт-мамот масаласи бўлгани учун қўлга қурол олинди. Ўлимга тик борилди. Эътиқодни, динни оёқости қилганлар, ҳақорат қилганларга ишониш мумкинмиди? Эътиқодга қаратилган босқин миллатни ёппасига курашга чорлади. Шу сабаб Мэри Броксап айтганидек, ўшанда катта уламолар ҳам қўлларига қурол олдилар.
Навбатдаги факт: Рус олими Сергей Павловнинг 2019 йилги диссертацияси – «Ўрта Осиёда ишчи-деҳқон қизил армия миллий ҳарбий тузилмаларини шакллантириш тарихи (1920-1938 йиллар)» деб номланган ишида олим «Ўрта Осиёда ҳарбий-сиёсий ва диний партизанлик ҳаракати (босмачилик)га қарши курашда миллий қуролли тузилмалар» иборасини ишлатган. Бу Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатида дин ҳимояси ҳам кўзда тутилганига яна бир далил эди.
С.Павловнинг ёзишича, 1921 йилда аксилинқилобий ҳаракатлар Туркистон республикасининг кўп қисмини эгаллаб олади. Шунинг учун ҳам Фарғона, Самарқанд ва Хўжандда шўро амалдорлари ҳатто қўриқчисиз ҳаракатланишга ҳайиққанлар. «Босмачиликни қўллаб-қувватлашни қандай қилиб бартараф этиш бўйича совет ҳукуматининг боши қотиб қолди. Бу муаммо ечими бўйича Москвадан ҳам тайинли жавоб олинмайди. Биров муаммони ечиш учун террорни кучайтиришни таклиф қилса, яна бировлар масалани тинч йўл билан ҳал этиш, Фарғона минтақасига мухторият мақомини беришни таклиф қилаётганди» деб ёзади олим.
«Правда» газетасининг 1920 йил 10 октябрь сонида эса ўша пайтда миллатлар масаласи бўйича нарком вазифасини эгаллаган И.Сталиннинг мақоласида шундай ёзилганди: «Қолоқ районларни зудлик билан советлаштириш мақсадида кавалерия рейдларини қўллаб бўлмайди». Қолоқ, дея камситилганда асосан Туркистон назарда тутилаётган эди. Хўш, нега Сталиндек мустабид кимса аҳолига террор қўлламасликни, яъни рейдларни ўтказмасликни тавсия қиляпти. Бунинг жавобини С.Павлов ўша даврда қизил армиянинг кучсизлангани, аҳоли билан тил топиша олмаётгани билан изоҳлайди. Ва, Фарғона фронти қўмондонининг «Қизил армия қисмлари аҳоли ичига кира олмадилар», деган гапларини келтиради. Натижада Туркистон совет ҳукумати юзага келган мураккаб вазиятда Москвадан ёрдам сўрашга мажбур бўлади. «Шахсан Лениннинг раҳбарлигида иқтисодий ва сиёсий ҳарактердаги радикал чора-тадбирлар қабул қилинади. Анъанавий қозиликни тиклаш, ер участкаларини эгаларига қайтариш, диний мактабларни легаллаштириш бўйича қарор қабул қилинади», деб ёзади С.Павлов.
Олимнинг ёзишича, совет ҳукумати ҳатто диндорлар билан фаол ҳамкорлик қилиб, қозиларнинг уъезд ва вилоят қурултойларини ташкил этиш ва ўтказишга ҳам рухсат берган.
Яъни, халқ билан тил топишиш, миллий озодлик ҳаракатига узил-кесил зарба бериш учун шундай сиёсий усул ўйлаб топилади. Вақтинча, омонатгина бўлса-да эътиқод масаласида ҳам ён берилади.
Чўққисоқолнинг бундай «муруввати» негизидаги ҳақиқатни англагандирсиз? Шўроларнинг шариат мезонларини қайта тиклаш, диний мактаб, яъни мадрасаларга қонуний фаолият олиб боришга имкон бериши сизга нималарнидир эслатмаяптими?! Юқорида С.Павлов санаб ўтган 3 та муҳим масаладан 2 таси диний эътиқод билан боғлиқлиги-чи? Чиндан ҳам миллий озодлик ҳаракати етакчилари, уларга эргашган халқ қўлига қурол олиб қаттиқ қаршилик кўрсатишида эътиқод масаласи қанчалар муҳим эканини шўро амалдорлари тушуниб етишган эди. Дин ва эътиқод ҳимояси билан боғлиқ масала айни пайтда аждодларимизга сунъий ёпиштирилган «босмачи» тамғасининг қанчалар сунъий эканини ҳам кўрсатиб қўяди.
Олим Абдусаттор Жуманазарнинг «Бухоро таълим тизими тарихи» китобида ёзишича: «1920 йили август-сентябрь ойларида Бухоро давлатининг ағдарилиши оқибатида ҳокимият тепасига шўролар келди. Минг йилдан ошиқ вақт дарс ўтиб келинаётган Бухоро мадрасалари фаолияти жуда қисқа фурсатда тўхтади. XII асрларда «ношаръий илмлар» ўрганилиши бутунлай чеклаб қўйилган бўлса, энди ўқув таълими соҳасидан «шаръий илмлар» буткул чиқарилиб ташланди. Мадрасалар бинолари ижарага бериладиган ётоқ жойларига айлантирилди, баъзиларида турли давлат маъмурий бошқарув идоралари жойлашди, баъзиларидан эса турли маиший хизмат бинолари ва омборхоналар ўрнида фойдаланишди. Баъзилари бутунлай бузиб юборилди. Шайх Дарвеш, Чўбини каппа, Хожа Қурбон, Хожа Давлат, Насриддинбой Қаршигий, Назарча каби яна бир қанча мадрасалар инқилоб замонида вайрон қилинган эди».
«Шўролар маърифатнинг «Бухоро таълими тизими» деган катта бир тарихий китобини шу тариқа ёпиб қўйган эдилар...».
Ҳа, чиндан ҳам, Ислом дини орқали миллат онгига сингиб келаётган маърифат булоғини босқинчилар узил-кесил ёпиб қўйишди. Мана шундай улкан жиноят учун, ислом дини, ислом маданияти, ислом маърифатини ҳимоя қилиш учун аждодлар қўлига қурол олишганди. Миллат тарихига, миллат маънавияти ва маърифатига қаратилган ҳақорат, тубанликка қарши курашмаслик мумкин эмас эди. Кетмон билан, паншаха билан бўлса-да, ўт-олов олдига чиқмасликнинг иложи йўқ эди. Гап ҳаёт-мамот масаласи – дин ва эътиқод ҳимояси ҳақида борарди. Мана шунинг учун ҳам вазиятни бироз юмшатиш, миллат қалбидаги оташни бироз сўндириш мақсадида юқоридагидек сиёсий чора қўлланилганди. Афсуски, ғаразли мақсадларига эришганларидан кейин шўролар яна динни, эркни бўғишда, зулмни кучайтиришда давом этдилар.
Хулосадан олдин яна бир муҳим маълумотни келтирсак: Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракатининг ўзига хос миллий хусусиятлари, улар ҳаракатидаги қўрбоши дасталари ва гуруҳлари фаолиятида, мақсад ва истакларида ўз ифодасини топган эди. Буларда ислом шариати қонун-қоидалари асосидаги миллий давлат барпо қилишдан тортиб, миллий демократик тартибдаги мустақил давлат тузиш каби ғоялар мужассамлашганди.
Демак, муҳорабани бошидан охиригача қўллаб турган асосий ғоя, бу – Туркистон мустақиллиги учун кураш эди...
Алижон САФАРОВ,
ЎзЖОКУ кафедра мудири,
филология фанлари доктори, доцент





