Бу бепарволик эмас, жиноят!
Бугун ижтимоий тармоқ шунчаки ахборот алмашиш майдони эмас, балки дид, дунёқараш ва маънавий муҳитга таъсир кўрсатувчи кучли воситага ҳам айланди.
Кейинги пайтларда айнан ана шу “восита” орқали “замонавийлик”, “эркинлик” ва “тренд” шиорлари остида миллий одоб-ахлоқ меъёрлари, асрлар давомида шаклланган қадриятларимиз ва халқимизнинг маданий дидига мутлақо зид бўлган ахборотларни тарқатувчи контентлар сони кўпаймоқда.
Энг ташвишланарлиси, бундай ҳолатлар айрим кимсалар томонидан “ижод” ва “санъат” сифатида кўрсатилмоқда. Ваҳоланки, ҳақиқий санъат инсонни юксалтиради, унинг онги ва дидини бойитади, маънавиятини эса юксалтиради.
Шу ўринда ижод эркинлиги ҳеч қачон миллий қадриятларни менсимаслик, ахлоқий чегараларни бузиш ёки миллий либос ва рамзлардан машҳурликка эришишнинг жуда арзон воситаси сифатида фойдаланиш ҳуқуқини ҳам бермайди.
Миллий либос бу оддий кийим эмас, у халқнинг тарихи, ҳаёси, диди ва ўзлигининг тимсолидир. Уни шов-шув ва томошабоплик қуролига айлантириш эса миллий ғурурга нисбатан ҳурматсизликдир.
Кўпроқ кўрилиш ва тез машҳур бўлиш илинжида айрим блогер ва ижодкорларнинг инсоний ва миллий шаънимизга тўғри келмайдиган йўлларни танлаётганлари шу маънода ҳам жуда ачинарлидир. Унутмайлик: беҳаё қўшиқ, одобсиз хатти-ҳаракат ва сунъий шов-шув асосига қурилган контент маданият эмас. Аксинча, бундай ҳолатлар ёшлар онгида бузуқ дидни шакллантириб, жамиятнинг маънавий иммунитетини заифлаштиради.
Ушбу масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳам бор. Жамоат тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларини қасддан менсимаслик, ҳақоратомуз ёки беҳаё мазмундаги материалларни тарқатиш қонун доирасида ҳам баҳоланиши мумкин. Демак, бундай ҳолатларга фақат ахлоқий эмас, ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳам ёндашиш зарур.
Шу маънода ҳам кенг жамоатчиликнинг бундай чиқишларга нисбатан кескин муносабати бежиз эмас. Чунки одамлар буни ўзбек миллати маданиятига, миллий қадриятлари ва маънавий меъёрларига нисбатан очиқ ҳурматсизлик сифатида қабул қилмоқда. Бу аслида жамиятнинг ўз маънавий чегараларини ҳимоя қилишга бўлган табиий муносабатидир.
Бугун энг зарур масала – тақиқ эмас, масъулиятдир. Контент яратувчилар ҳар бир “ижод намунаси”ни оммага тақдим этишдан олдин унинг нафақат қизиқиш уйғотиши, балки маънавий ва ҳуқуқий оқибатини ҳам ўйлаб кўришлари шарт. Чунки миллионлаб инсонлар кузатаётган майдондаги бепарволик шахсий хато бўлиб қолмайди ва сўзсиз ижтимоий оқибатларга эга бўлган ҳолатга айланади.
Шу боис, миллий қадриятларни таҳқирлаш ва ахлоқсизликни тарғиб қилишга нисбатан таъсирчан чораларни кучайтириш, масъул идораларнинг бундай контентларга муносабатини аниқ ва принципиал намоён этиш, шунингдек, баҳсли медиа маҳсулотларига маънавий ва ҳуқуқий баҳо бериш механизмларини такомиллаштириш зарур.
Чунки жамиятни емирувчи таҳдидлар доимо очиқ ва дабдабали шаклда келмайди. Баъзан улар қўшиқ, ҳазил, қисқа видео ёки енгил кўнгилочар лавҳа қиёфасида кириб келади. Аммо уларнинг таъсири енгил бўлмайди. Бас шундай экан, миллат ва элатлар ўз диди, ҳаёси ва маънавий таянчларини асрай олсагина келажагини мустаҳкам қура оладилар.
Хулоса ўрнида яна такрорлаймиз, одоб ва ахлоқ меъёрларига риоя қилиш – бу шахсий хоҳиш эмас, жамиятга ҳурмат ва келажак авлодлар олдидаги масъулият ҳамдир. Миллий ғурури, маданияти ва қадриятларини асраган жамият эса маънан кучли ва барқарор бўлади.
Азамат Пардаев,
Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати





