САРОЙМУЛКХОНИМ ЁКИ БИБИХОНИМ НОМИНИ ОЛГАН ЗУККО АЁЛНИНГ ЎША ДАВР ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ҲАЁТИДАГИ ЎРНИ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР

САРОЙМУЛКХОНИМ ЁКИ БИБИХОНИМ НОМИНИ ОЛГАН ЗУККО АЁЛНИНГ ЎША ДАВР ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ҲАЁТИДАГИ ЎРНИ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР

САРОЙМУЛКХОНИМ  

ЁКИ БИБИХОНИМ НОМИНИ ОЛГАН ЗУККО АЁЛНИНГ ЎША ДАВР ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ҲАЁТИДАГИ ЎРНИ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР

Шоҳида Шакирова, 

Ўзбекистон Республикаси 

Президенти ҳузуридаги

 Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси,

 мустақил тадқиқотчиси

 

 

 

Барлос уруғининг кўрагон тармоғига мансуб бўлган Амир Темур 1336 йилнинг 9 апрелида Кеш шаҳрида (ҳозирги Шаҳрисабз) таваллуд топган. Унинг отаси Тарағай Баҳодир XIV асрнинг биринчи ярмида барлос уруғининг нуфузли қабила бошлиқларидан бири сифатида ижтимоий-сиёсий майдонда муайян мавқега эга эди. Онаси Тегина бегим учун Амир Темур ягона фарзанд бўлиб, бу ҳолат боланинг оилавий ижтимоийлашув жараёнида она омилининг ҳал қилувчи аҳамият касб этишига замин яратади.

Ўша даврдаги сиёсий беқарорлик, ҳокимият, тахт ва нуфуз йўлидаги  кескин курашлар натижасида Амир Темур маълум муддат отасидан айри ҳолда, онаси билан Занжирсаройда яшашга мажбур бўлади. Ушбу ҳолат социологик жиҳатдан таҳлил этилганда, эрта болалик давридаги ижтимоий муҳит ва тарбиявий таъсирлар Темур шахсининг шаклланишида муҳим рол ўйнаганини кўрсатади. Айниқса, оилавий барқарорликнинг вақтинчалик издан чиқиши унинг мустақиллик, сабр-тоқат ва иродавий сифатларини эрта шакллантиради. Шу сабабдан ҳам отаси Тарағай Баҳодирга Темурнинг тарбияси билан  кейинроқ шуғулланиш насиб қилади.

Тарағай Баҳодирнинг ислом дини, илм-маърифат ва маънавий қадриятлардан чуқур билимга эга экани Амир Темурнинг интеллектуал ва маънавий камолотига бевосита таъсир кўрсатади. Унинг  жуда ёш пайтиданоқ  Қуръон ўқиши, шатранж ўйнаши, от миниш ва ҳарбий-жисмоний машқларга қизиқиши унда суворийлик маданияти ва мусулмончилик ахлоқининг эрта эгалланишига имкон беради.  Бу эса ўз навбатида Темур шахсиятида ҳарбий маҳорат билан маънавий-ахлоқий қадриятларнинг уйғун тарзда шаклланишига йўл очади.

Амир Темур оиласида шарқона урф-одатлар, катталарга ҳурмат, интизом ва маънавий масъулият каби ижтимоий нормаларга қатъий амал қилинган. Бундай қадриятлар ёш Темурда лидерлик сифатларининг эрта шаклланиши ҳамда жамоатчилик олдидаги масъулият ҳиссининг мустаҳкамланишига туртки берган. Кейинчалик Амир Темур айнан ана шундай қадриятлар асосида ўз оиласи ва сулолавий бошқарув тизимини мустаҳкамлайди ҳамда фарзандларини ҳам шарқона қадриятлар асосида тарбиялайди.

Тарихий манбаларда қайд қилинишича, соҳибқирон Амир Темир бир неча марта уйланган. 1335 йили у отаси амир Муҳаммад Тарағай ташаббуси билан амир Чақуй Барлоснинг қизига уйланади. Ушбу  никоҳ ўша даврда сиёсий-ижтимоий муносабатлар ва қудратли қабилалар ўртасидаги иттифоқни мустаҳкамлашга қаратилган стратегиянинг ифодаси ҳам эди. Амир Темурнинг хотинлари орасида Сароймулкхоним ўзининг юқори ижтимоий мақоми, тадбиркорлик қобилияти ва оқилона зеҳни билан  бошқалардан батамом ажралиб турарди.

Соҳибқирон Сароймулкхонимни ўз никоҳига олгач, «Кўрагон» номини олишга мушарраф бўлади. Шу ўринда Сароймулкхонимнинг хон авлодига мансублиги унинг ҳарамдаги барча маликалардан юқори мавқеини таъминлаб, уни катта хоним ёки Бибихоним деб аташларига сабаб бўлганини айтиш жоиз. Сароймулкхоним чиндан ҳам ўз замонасининг юксак фаросатли ва ақл-идрокли соҳибаси бўлиб, у нафақат инсонпарвар, саховатли аёл балки, мамлакатнинг ижтимоий, маданий ва қурилиш ишларида ҳам фаол қатнашган, хусусан, мадрасаларда таълим олаётган толиби илмларга ҳомийлик қилган.

Гарчи, Амир Темир Сароймулкхонимдан фарзанд кўрмаган бўлса ҳам, ўзининг суюкли фарзандлари ва набиралари – яъни, ўғли Шоҳрух Мирзо ва набиралари Муҳаммад Султон Мирзо, Халил Султон Мирзо, Улуғбек Мирзолар тарбиясини Сароймулкхонимга топширган. Зеро, саройда оилавий муносабатларда соғлом психологик иқлимни яратишда  Сароймулкхонимнинг хизмати беқиёс эди.

Соҳибқироннинг мақсади  фақат соғлом авлоддан баркамол инсонлар дунёга келишини таъминлашдан иборат бўлган. Шу боис у: «...ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ва келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини текширдим. Холис одамлар орқали унинг соғлиғини, жисмоний камолотини аниқладим. Келин насл-насабли, одоб-ахлоқли, соғлом ва бақувват бўлса, энг катта тўй-томоша билан эл-юртга келтирдим», деб ёзган эди.

Шунингдек, Амир Темир фарзандларига нисбатан доимо масъулиятли эди, у шароб ичиб, хотинларига яқинлашишни қатъиян тақиқлаган. Бундай қараш шароб таъсирида пайдо бўлиши мумкин бўлган насл-насабнинг бузилишини олдини олишга қаратилган эди.

Кўриниб турибдики, Буюк соҳибқирон ўз оиласини мустаҳкамлаш ва фарзандларини тарбиялаб вояга етказишда анъанавий шарқона урф-одатлар ҳамда этнопсихологик хусусиятлардан оқилона фойдаланган. Шу сабабли ҳам Амир Темир нафақат йирик давлат арбоби, қонуншунос ва истеъдодли меъмор, балки яхши оила бошлиғи, ватанпарвар ота ва бобо сифатида ҳам тарихда ном қолдирган.

Бугунга келиб ҳам буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темурнинг ҳаёти-фаолияти ҳамда яшаган давр тарихига оид  фикрларни таҳлил қилиш ва ўрганиш ҳамда концептуал асосда баҳолаш илмий-сиёсий жиҳатдан катта аҳамиятга эга.

Ана шундай талаб эътиборга олиниб, мустақиллик йиллари тарихчи олимларимиз томонидан Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид бир қатор илмий асарлар яратилди. Шунингдек, Соҳибқирон ва унинг давлатчилиги тарихини тизимли тарзда ўрганувчи илмий анжуманлар ўтказилди.

Янги Ўзбекистонда ҳам Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Амир Темур меросини илмий ва маданий жиҳатдан кенг тарғиб қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Темурийлар тарихи ва меросини тадқиқ этишга қаратилган илмий лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа йирик  шаҳарларда Темурийлар билан боғлиқ тарихий-маданий ёдгорликлар қайта тикланяпти ёки реставрация қилинмоқда.

Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий анжуманлар, форумлар ва халқаро конференциялар мунтазам равишда ташкил этиляпти. Ҳатто, Темурийлар тарихи ва маданий мероси юзасидан давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, таълим ва тарғибот жараёнларига интеграция қилинаётир.

Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда Темурийлар меросини халқаро майдонда изчил тарғиб қилиш ва «Темур» тарихий имиджини ривожлантиришга бирламчи эътибор қаратиляпти.

Шубҳа йўқки, бу ишлар Буюк Амир Темур меросини замонавий тадқиқотлар нуқтаи назаридан қайта баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, ХХ асрнинг 90йилларида бир гуруҳ олимлар, ёзувчилар, рассомлар ва журналистлар бирлашиб “Амир Темур маърифий жамияти”ни ташкил қилишган, бу эса ўша даврдаёқ миллий тарихий меросни чуқур ўрганиш ва тарғиб қилишда муҳим қадам, дея баҳолаган эди. Қайд этиш жоизки, 1992 йилда ташкил этилган мазкур жамият тарихшунослик соҳасида илмий изланишлар ва музей ишларини қўллабқувватлади ва Амир Темур сиймосини миллий тарихнинг марказий поғонасига олиб чиқди.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Темурийлар тарихи илмий асосда қайта ўрганила бошланганини  ва Амир Темур тарихи миллий давлатчилик тарихи билан узвий боғланганини айтиш жоиз. 1996 йил эса “Амир Темур йили” деб эълон қилиб, Соҳибқироннинг 660йиллиги кенг нишонланди. Шу билан бирга 1996 йилнинг 14 мартида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро Амир Темур жамғармасини қўллабқувватлаш тўғрисида”ги ва “Темурийлар тарихи давлат музейини ташкил этиш чоратадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди. Ушбу муҳим ҳужжатлар Амир Темурнинг тарихий меросини илмий тадқиқ қилиш ва маданий меросини сақлаш учун ниҳоятда муҳим институционал асосга айланганини айтиш жоиз. Шундай қилиб, ўзбек тарихшунослигида Амир Темур шахси ва унинг давлатчилиги тарихи бутун мураккаблиги билан қайта кўриб чиқила бошланди, қарашлар ва талқинлар эса ҳуқуқий ва илмий қарашлар асосида шакллантирилди.

1996 йили Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Самарқанд, Шаҳрисабз ва Тошкентда Соҳибқироннинг ҳайкаллари барпо этилди.

Айни пайтда эса Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат кутубхонасининг Амир Темур тарихига доир минглаб илмий ва оммабоп нашрлар, беш мингдан ортиқ библиографик манбалар билан бойитилгани  ҳам ушбу йўналишда  фаол ишлар олиб борилганидан далолатдир.

 Бир сўз билан айтганда, буюк Соҳибқирон, буюк саркарда Амир Темур жаҳон тарихида беқиёс ўрин эгаллаган улкан тарихий шахс сифатида ҳамон илм аҳлини қизиқтириб келмоқда. Ўрта асрлардан то ҳозирги кунга қадар унинг шахсиятига бўлган қизиқиш ҳеч қачон сусаймади. Мағриб ва Машриқ тарихчилари, адабиёт ва санъат аҳли ҳам унинг сиймосини ёритишга, Соҳибқироннинг тарихи ва феномени моҳиятини англашга доимо интилиб келдилар.

Шунинг учун ҳам Соҳибқирон Амир Темур даврида шаклланган ижтимоий-иқтисодий муносабатлар унинг авлодлари томонидан давом эттирилди. Албатта, вақт ўтиши билан амирлар, беклар ва султонлар ўртасида юзага келган ўзаро сиёсий-ҳарбий тўқнашувлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётига салбий таъсир кўрсатди. Шунга қарамай, иқтисодий ва маънавий ҳаёт тўхтаб қолмади, балки муайян шароитларда изчил ривожланди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг жаҳоннинг илғор ва етакчи давлатлари қаторида муносиб ўрин эгаллаши учун мамлакат ўз манфаатларини ҳар жиҳатдан – сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ҳамда маънавий-руҳий жиҳатдан ҳимоя қила оладиган салоҳиятга эга бўлиши зарур. Бу жараёнда эса, шубҳасиз, тарихда ўтган буюк шахслар мероси, хусусан, Амир Темурнинг ҳаёти ва давлатчилик фаолияти  асосий мезон бўлиб хизмат қилади.

Амир Темурнинг мураккаб сиёсий, ҳарбий, иқтисодий ва дипломатик вазиятлардан оқилона йўл топиб чиқа билиш заковати, жасорати, юксак ватанпарварлик руҳи, топқирлиги, шунингдек, мустаҳкам иродавий сифатлари бугунги ва келажак авлодлар учун ҳам ибрат ва ҳаёт мактаби ҳисобланади.

Амир Темур шахсиятининг энг муҳим жиҳатларидан яна бири — унинг мамлакатда кучли ва самарали давлат бошқаруви тизимини йўлга қўя олганидир. Айниқса, ер муносабатлари ва иқтисодий фаолиятни тадбиркорона, оқилона ва мақсадли тарзда ташкил этилган.

Хусусан, ерга эгалик қилиш тўрт хил шаклда олиб борилган бўлиб, улар: “мулк девоний’' - давлат ерлари; “мулк ерлари”-хусусий ерлар; “мулки вақф”-вақф ерлар ва жамоа ерлари. Ҳар бир шаклдаги ер эгалиги ўзига хос мажбуриятлар, имтиёзлар ва ваколатларга эга бўлган. Ўз навбатида Амир Темур солиқ солиш, унинг миқдори ва ундириш ишларини ҳам тартибга солиб, солиқ ва ўлпон йиғувчиларнинг фаолияти устидан қатъий назорат ўрнаттирган.

Соҳибқирон ўз тузукларида: “Амир этдимки, раиятдан мол хирож йиғишда уларни тушириб қўйишдан сақланиш керак. Негаки, раиатни хонавайрон қилиш давлат хазинасини камбағаллаштиришга олиб келади”, дея солиқларнинг давлат ва жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтган.

Амир Темур тадбиркорликка ҳам алоҳида аҳамият қаратган. Хусусан, Мовароуннаҳр ҳамда Хуросонда ҳунармандчилик, савдо ва товар-пул муносабатларини ривожлантиришга қатъий эътибор қаратган. Натижада  ҳунармандчилик ривож топиб, касб-ҳунар билан боғлиқ маҳаллалар, кўчалар, гузарлар, бозор расталари ва усти гумбазли бозорлар пайдо бўлган.

Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Амир Темур қуйидаги ижтимоий-иқтисодий чоралар билан аҳолига реал ёрдам кўрсатган:

«Сармояси қулдан кетиб қолган миқдорда олтин берилсин. Деҳқонларнинг қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг уй иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналарни етказиб бериб, унга ёрдам берилсин».

Кўриниб турибдики, Соҳибқирон тадбиркорликни мамлакат иқтисодий ҳолатини яхшилашда энг самарали воситаларидан бири сифатида қараган. Шу боис нафақат Мовароуннаҳр ва Хуросонда, балки Буюк Ипак йўли орқали Европа мамлакатлари билан ҳам савдо алоқалари олиб борган. Савдо муносабатларини ривожлантиришда элчилик алоқалари муҳим аҳамиятга эга бўлган. Шунинг учун ҳам Темурий ҳукмдорлар элчилик ва савдо карвонлари орқали Осиё ва Европа мамлакатларига бориб, дипломатик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаганлар. Бу фаолият мамлакат ташқи иқтисодий фаолияти ривожига сезиларли таъсир кўрсатган.

Амир Темурнинг “Сипоҳ сақлаб туриш тузуги”, “Сипоҳга ҳақ бериш тузуги” ва “Сипоҳга ҳақ тақсимлаш тузуги” каби меъёрий ҳужжатлари орқали эса мамлакатда молиявий ва ҳарбий ресурсларни самарали тақсимлаш тизими яратилган. Ушбу тузуклар орқали ҳар бир тоифа сипоҳга ҳақ белгиланган ва уни олиш тартиби ҳамда бунга масъул шахслар аниқ кўрсатиб қўйилган. Қайси ҳолларда зарар ёки фойда юзага келгани ҳамда мукофат ва жарималар белгиланиши ҳам аниқ қоидалар асосида амалга оширилган. “Сипоҳга ҳақ тақсимлаш тузуги”да қайд этилгани каби, зарур маблағ манбаси ва уларнинг назорати ҳам самарали ташкил қилинган.

Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти комплекс таҳлил қилинганда унинг давлатчилик, иқтисодий, ҳарбий ва маданий сиёсатдаги ҳаётий қарорлари бир-бири билан узвий боғлиқ экани аниқланган. Масалан, тадбиркорлик фаолияти, ҳунармандчилик ва савдо муносабатларини ривожлантиришдан мақсад нафақат иқтисодий барқарорликни таъминлаш, балки мамлакат аҳолисининг ижтимоий фаровонлигини ошириш бўлган. Амир Темур қонунлар ва тузуклар орқали давлат ресурсларини аниқ ва самарали тақсимлаш, ҳарбий ва молиявий структураларнинг барқарорлигини таъминлаш билан бир қаторда адолатли ижтимоий муҳитни сақлаш ҳам назарда тутилган.

Шу ўринда бу жараёнларда Сароймулкхоним ва Тегина бегим каби шахсларнинг фаол иштироки натижасида, улар орқали оила институти ва шахсий тарбияда аёллар омили юксалганини айтиш жоиз. Улар нафақат Амир Темурнинг шахсий камолотига таъсир кўрсатишган, балки давлат бошқаруви ва маданий ҳаётда ҳам сиёсий роль ўйнаганлар. Бу эса Темурийлар даврида оилавий муҳит ва аёлларнинг лидерлик потенциали давлатчилик жараёнларига тўғридан-тўғри таъсир қилганини кўрсатади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Амир Темурнинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий сиёсати ҳамда оилавий тарбияда тутган қоидалари ижросида  аёлларнинг роли муҳим аҳамият касб этган. Улар ҳатто давлатнинг барқарорлиги, ижтимоий фаровонлиги ва тарихий меросини шакллантиришда ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.