Авлодлар тўқнашуви: ким ҳақ?

Авлодлар тўқнашуви: ким ҳақ?

Авлодлар тўқнашуви: ким ҳақ?

Бугунги глобаллашув даври нафақат инсонларнинг ҳаёт тарзига, балки уларнинг дунёқараши, қадриятлари ва мақсадларига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бу ўзгаришлар орасида энг кўп муҳокама ва қаршиликларга сабаб бўлаётгани — ёшларнинг катталарга нисбатан ўзгариб бораётган муносабатидир. Авлодлар ўртасидаги қарашлар тафовути кўплаб тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Катталарга ҳурмат йўқолиб бораётгани тез-тез таъкидланади. Олдин ёшларнинг итоаткорлиги ҳурмат белгиси сифатида талқин қилинган бўлса, бугун мустақил фикр билдириш аксинча, ҳурматсизлик сифатида қабул қилинмоқда.

Аслида эса бу ҳолат тарбия ёки одобнинг заифлашуви эмас, балки ижтимоий муҳитнинг ўзгариши билан боғлиқ жараёндир. Бугунги ёшлар — З авлод вакиллари — ахборот чекланмаган, танловлар кўп ва фикр эркинлиги нисбатан кенг бўлган муҳитда улғайди. Уларнинг даврига келиб ахборот монополияси деярли йўқолди. Аввалги авлод билимни асосан ўқитувчи, ота-она ва китоб орқали олган бўлса, З авлод учун ахборот манбалари интернет ҳисобига кескин кенгайди. Энди улар маълумотни олиш, солиштириш, текшириш (фаcт-чеcк) ва шундан кейин қабул қилиш имконига эга.
Шу сабабли улар тайёр фикрни қабул қилмайди, далил талаб қилади, савол беради ва “шунчаки шундай бўлиши керак” деган изоҳ билан чекланмайди. Босимга бўйсунишни истамаган ёшлар стереотипларни шубҳа остига қўяди. Мослашишдан кўра ўзлигини сақлашни муҳим деб билганлари учун ҳам улар ҳамма юрган йўлни эмас, ўз йўлини танлашга интилади. Натижада қарорларни мустақил қабул қилади, фикрини очиқ айтади ва баҳсдан қўрқмайди. З авлодни бошқа авлод вакилларидан фарқловчи жиҳат фақат қарашларнинг ўзида эмас, балки фикрни ифодалаш усулининг ўзгарганидадир. Яъни улар шаклланган фикрни ичида сақламайди, балки очиқ билдиради. Шу боис аввал итоаткорлик билан ўлчанган ҳурмат бугун мулоқот ва тушунтириш орқали намоён бўлмоқда. Демак, муаммо ҳурматнинг йўқолишида эмас, балки унинг ифодаланиш шакли ўзгарганидадир.
 
Шундай экан, бугунги авлодлар ўртасидаги зиддиятни фақат “тарбия ёмонлашди” деган оддий изоҳ билан тушунтириб бўлмайди. Бу — дунё ўзгаргани сари инсоннинг фикрлаш усули ҳам ўзгараётганининг табиий натижасидир. Аввал ҳурмат сукут ва бўйсуниш орқали намоён бўлган бўлса, бугун у тинглаш, тушунтириш ва мулоқот орқали ифодаланмоқда. З авлод катталарни рад этаётгани йўқ — улар шунчаки тушунмасдан қабул қилишни истамаяпти. Улар учун ҳурмат кўр-кўрона итоат эмас, балки ўзаро англашувдир. Демак, муаммо авлодлар қарама-қаршилигида эмас, балки бир-бирини эски мезонлар билан баҳолашдадир. Катталар итоатни ҳурмат деб билган даврда улғайди, ёшлар эса тушунишни ҳурмат деб биладиган даврда яшамоқда. Шу сабаб бугунги жамият олдида турган вазифа ёшларни ўзгартириш эмас, балки авлодлар ўртасида мулоқотни тиклашдир. Чунки тушунтирилган фикр қаршилик туғдирмайди, тушунилган фикр эса ҳурматни йўқотмайди.                  

Мафтуна Муҳиддинова