ЮЗ ЙИЛЛИК ҚУРУЛТОЙ

ЮЗ ЙИЛЛИК ҚУРУЛТОЙ

ЮЗ ЙИЛЛИК ҚУРУЛТОЙ

Бундан роса юз йил муқаддам туркий дунё олимлари биринчи туркология қурултойини ўтказиш учун Бокуда жам бўлди.

Бу тарихий анжуман Озарбайжон пойтахтида 1926 йил 26 февралдан 6 мартгача бўлиб ўтади. 131 нафар делегат иштирок этган, тўққиз кун давом этган анжуманда 17 та мажлис ўтказилиб, 38 та маъруза тингланади. Унда туркий тилларнинг алифбо ва тил масалаларига оид етти йирик муаммо муҳокама қилинади.

Қурултой муносабати билан буюк Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини тантанали нишонлаш учун ўн кишилик комиссия тузилади. Бу тарихий тадбирга ҳам кенг миқёсда тайёргарлик ишлари олиб борилади. Алишер Навоийнинг «Вақфия», «Муншаот» асарлари, «Мир Алишер Навоий» номли мақолалар тўплами ҳамда Султон Ҳусайн Бойқаронинг «Девон»и нашр этилади. Табиийки, қурултойга қадар ҳам Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди хусусида Озарбайжоннинг вақтли ва илмий нашрларида Исмоил Ҳикмат, Али Нозим, Мирза Муҳсин Иброҳим, Салмон Мумтоз, Бекир Чўбанзода каби олимларнинг мақолалари босилган эди.

Боку қурултойи олдидан Ўзбекистонда ҳам бу анжуманга ҳозирлик кўриш ва Алишер Навоий юбилейини ўтказиш масалалари муҳокама қилинади. Жумладан, жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд «Ер юзи» журналининг 1925 йил 3-сонида босилган «Навоий учун» мақоласида ёзади: «Навоийни танимағон бир ўзбек бўлмаса керак. Эскиларимиз ва эски мактабларимиз ғазаллари билан, янгиларимиз ва янги мактабларимиз суратлари ва шахсияти билан танишдирлар... Навоий турк тилини тиргизган ва чиғатой адабиёти деган бир адабий мактабнинг бу кунгача яшамоғиға сабаб бўлғон бир кишидир. Шунинг учун уни танимоқ, уни тақдир этмоқ бутун турклар учун бир вазифадир. Мана шу ҳолни назарга олиб, бу кун турк дунёсининг ҳар ерида – Туркияда, Озарбайжонда ва бизда уни эслаб йиллик тўйини ўтказмак истайдирлар».

Муаллиф юбилейга тайёргарлик ҳақида ҳам маълумот беради: «Балки 1926 йил февраль ойида бўладурғон қурултой турк дунёсининг буюк шоири ва тил мутахассиси Навоийнинг 500 йиллигига тўғри келиб қолғонидан Бакуда катта бир тантана берилса керак. Турк олимларидан Кўпрулузода Фуод ва Чўбанзода ўртоқлар бу тўғрида фикрларини ёзиб ўтдилар. Ўзбекистонда ҳам бу юбилей феврал сўнгларида, март бошларида ўтказилса керак; бунинг учун катта ҳозирлик кўрилмоқдадир».

Туркий жумҳуриятлар Боку қурултойига ҳозирлик кўраётган бир паллада ўзбек матбуотида ҳам бу анжуманга тегишли хабарлар, режалар босилиб туради. Вадуд Маҳмуд «Тил ва ҳарф масалалари» («Маориф ва ўқитғувчи» журнали, 1925 йил 5-6-сон) мақоласида шундай фикрларни ёзади: «Бу кун турк дунёсининг энг муҳим масалаларидан бири ҳар ерда кўтарилмакда бўлғон тил ва ҳарф масалаларидир». Муаллиф туркий тилларнинг умумий ёзувига доир қарашларни дастлаб Исмоилбек Ғаспрали ўртага ташлагани ва ХХ асрнинг 20 йилларида бу ташаббус билан «Турктотор илмий сарфи», «Турктотор лисониятина мадҳал» отли илмий нарсалар эгаси Қрим дорулфунуни мударриси дўқтур Чўбонзода» машғул эканини эслаб ўтади.

Вадуд Маҳмуд яна ёзади: «Машҳур прўфессур С.Самойлович ҳам шу фикрдадир. Бу фикр тарафдорлари турк миллатининг маданиятига кириш учун «тил бирлиги»ни энг биринчи омил деб биладир. Прўфессур Самойлович Ленинград шарқ дорилфунунида, Чўбонзода Қрим ва Қафқосда олий мактаб талабаларига шу фикрни талқин этмакдадирлар. Бу масалалар олий, илмий ихтисос муассасаларида жиддий суратда текширилмакга бошланғондир».

Тил ва ҳарф масалалари таҳлили ва талқинига муносабат билдирган Вадуд Маҳмуд масалани Боку қурултойига боғлаб ёзади: «Илова ўлароқ шунида билдирайликки, Бакуда йиғилмоқчи бўлғон бутун дунё туркшунослар қурултойи шу масалаларнинг кўтариш натижасидир ва бунда бизнинг шу ечилмаган тугунларимиз ҳал қилинса керак. Агарда бу қурултой бизнинг эҳтиёжимизни тузук тушуниб, амалга ошириши мумкин бўлғон фойдали йўллар кўрсатса, бизнинг маданий ҳаётимиз учун биринчи «ёрдамчи» моҳиятини қозонғон бўладир».

Кейинчалик Вадуд Маҳмуд «Туркиёт қурултойи» деган алоҳида мақола ҳам ёзади. Маънавий оламда миллатнинг ўз аслиятини сақлаш эҳтиёжи «ғарбиёт», «русиёт», «шарқиёт» сингари тушунчаларни юзага чиқарган. Шуларга ўхшаш Вадуд Маҳмуднинг ёзишича, туркиёт, туркология тушунчалари «туркни танимоқ илми» маъносини англатади.

«Туркиёт илми ғарбда ва бизда бошқа-бошқа эҳтиёжлар орқали туғилди. Ғарб миллатлари илмга хизмат учун, балки биздан истифода этмак ва бизни яхшироқ-осонроқ идора этмак учун иш бошладилар. Биз эсак ўзимизнинг кимлигимизни билмак ва бошқалар орасида мавқеимизни билмак учун киришдик; бизнинг бу ишимиз икки жиҳатлидир: бир ёқдан билимга хизматдир, иккинчи ёқдан ўзимизни билмакдир.

Ҳар илмни илгари суриш учун мутахассисларнинг бир-бировлари билан муносабатда бўлишлари, хабарлашиб туришлари кўб ёрдам берадир, бу кунги туркшунослар бир-бировларининг ишлари билан танишмоқ ва келгуси ишларининг планларини чизмак истаганларидан биринчи ўлароқ бир туркист қурултойи чақиришга қарор бергандир» (Вадуд Маҳмуд. «Туркиёт қурултойи» мақоласи, «Маориф ва ўқитғувчи» журнали, 1925 йил, 11-сон).

Туркий дунё олимларининг ўзаро ҳамкорлиги масаласи учун Боку қурултойи алоҳида қиймат касб этиши табиий эди. Турк дунёси олимлари ва туркиёт билан шуғулланадиган мутахассислар бу қурултойда тил ва адабиёт тарихи, дин ва маданият тарихи тўғрисида маърузалар қилиши режалаштирилади.

Қурултойга вакиллар юбориш масаласи ҳам маҳаллий зиёлиларнинг йиғилишларида кўриб чиқилади. Қурултойда Ўзбекистон Илмий Кенгаши раиси Абдурашид Абдулжабборов раҳбарлигида унинг ўринбосари Ғози Олим Юнусов, самарқандлик журналист Раҳим Инъомов, Тошкентдан тилшунослар Машриқ Юнус ўғли Элбек ва Шокиржон Раҳимий, Фарғонадан тилшунос, журналист Ашурали Зоҳирий, хоразмлик тилшунос Бекжон Раҳмонoв, Бухородан тилшунос Исмоил Садрий ва бошқалар қатнашади.

Шокиржон Раҳимийнинг анжумандан кейинги ҳисобот маърузасида айтилишича, қурултойда Можористон, Олмония, Туркия мамлакатларидан олимлар қатнашган, жумладан, академик Бартольд, профессор Монтал, академик Олдинбург, профессор Муҳаммад Фуод Кўпрулузода, Самойлович, Малов, Бекир Чўбанзода каби туркологлар қизиқарли маърузалари билан бир неча марталаб минбарга кўтарилади (Шокиржон Раҳимий. «Туркиёт қурултойининг якунлари». «Қизил Ўзбекистон», 1926, 14 май). Режага мувофиқ, лотин имлосига ўтишнинг тамал тоши ана шу анжуманда қўйилади.

1926 йили Бокуда нашр қилинган «Мир Алишер Навоий» номли мақолалар тўплами муқаддимасида шундай фикрлар баён қилинган эди: «XV асрдаги туркий тилли адабиётнинг энг муҳим сиймоларидан бири Навоий эканини қайд этиб, китобчада чоп этилган илмий ишларда унинг шахсияти ва адабий фаолияти юз саҳифадан ортиқ ҳажмда кенг тарзда тадқиқ этилди».

Қурултой арафасида Султон Ҳусайн Бойқаронинг «Девон»и ҳам Бокуда нашрдан чиқади. Китобга Исмоил Ҳикмат ва Бекир Чўбанзоданинг «Ҳусайн Бойқаро: ҳаёти ва ижоди» ҳамда «Ҳусайн Бойқаро «Девон»и» номли мақолалари киритилган эди.

Бекир Чўбанзода Ҳусайн Бойқаронинг «Девон»ини нашрга тайёрлар экан, ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири Абдурауф Фитратдан олинган манбадан фойдалангани ҳақида «Сўзбоши»да қайд этиб, шундай ёзади: «Бу нусха ўзбек шоир ва адибларидан бўлган Фитратнинг кутубхонасидаги нусхадан бизнинг илтимосимизга кўра кўчирилган. Фитрат дўстимизда кўрган қўлёзма нусха ёзув жиҳатидан жуда очиқ ва чиройли бўлса-да, ундан тайёрланган нусха жуда ибтидоий ёзув билан кўчирилган. Бунга сабаб бизнинг шошилганимиз бўлса керак. Ҳар ҳолда, жуда катта меҳнат қилиб биз учун бу нусхани кўчиртириб берган Фитрат дўстга «Раҳмат, соғ бўл!» дейиш бизнинг бурчимиздир».

Қурултой туркий тилларга доир масалалар муҳокамаси, адабий-илмий алоқалар ривожи, муҳими, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини биргаликда ўрганиш ҳамда оммалаштириш учун ҳам улкан қийматга эга эди.

Дарвоқе, Боку қурултойидан кейин лотин ёзувига ўтиш ҳаракати тобора оммавийлаша борди. Лойиҳалар эълон қилинди, миллий жумҳуриятларнинг ҳар бири ўзларида бу ёзувга ўтиш масаласини муҳокама қилди, анжуманлар уюштирди. Махсус расмий қарорлар чиқариш, вақтни белгилаб, шарт қўйиш даври ҳам яқинлашиб қолди. 1929 йили туркий жумҳуриятларнинг кўпчилиги, жумладан, Ўзбекистон лотин имлосига ўтди.

Боку қурултойи муносабати билан туркий дунё олимлари томонидан ҳазрат Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ҳамкорликда атрофлича тадқиқ этиш анъанаси бугун ҳам давом этаётгани қувонарлидир.

 

Алмаз Улви БИННАТОВА, Баҳодир КАРИМ,

«Jadid» газетасининг 2026 йил 27 февраль сонидан олинди.