Ўзбекистон ва Хитой:
Таълим ва илм-фаннинг узун йўли
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан ушбу давлатга расмий ташрифи ҳар икки мамлакатнинг ҳамкорлик алоқалари тарихида янги саҳифа очди, дейиш мумкин. Шунингдек, ушбу ташриф Янги Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги прогматик сиёсати қатъий ва ўзгармас эканини яна бир бор исботлади.
Давлатимиз раҳбари Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиб, ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, ташкилот аъзоларининг бир-бирларини ўзаро тушуниши ва бирдамлиги – бу фақат қимматли бойлик эмас, балки бепоён минтақамизда тинчликни сақлашнинг калити эканини ҳам таъкидладилар.
Маълумки, Ўзбекистонда хитой тили ва адабиёти, Хитой тарихи ва маданиятини ўрганиш минг йиллар қаърига бориб тақалади. Бу эса халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва мустаҳкам қўшничилик ришталари билан узвий боғлиқ ҳамдир. Марказий Осиё халқлари ўртасидаги кўп томонлама савдо ва маданий алоқаларнинг ривожланиши ва гуллаб-яшнаши Шарқ ва Ғарб тамаддунлари ўртасида муваффақиятли алмашинувнинг самарали механизми эканини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу жараёнда эса Ўзбекистон муҳим боғловчи халқа вазифасини бажаради. Қайд этиш жоизки, Хитойнинг тарихий ёзма ёдгорликларида Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Бухоро, Андижон ва мамлакатимизнинг бошқа қадимий шаҳарлари, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилаётган халқларнинг ҳаёти ва турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ тарзда акс эттирилгани эса бугунги алоқалар тасодифий эмаслигидан далолат ҳамдир.
Биламизки, Хитой назми, насри, адабиёти ва санъатининг гуллаб-яшнаган даври, Тан сулоласи (618-907) даврига тўғри келди. Айнан ана шу даврда мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар жуда тез ривожланган. Хитой империясининг йирик шаҳарларида кўзга кўринган санъаткорлар, жумладан, самарқандлик санъаткорларнинг чиқишлари бўлгани эса бу ҳамкорлик бошқа жабҳаларни ҳам қамраб олганини кўрсатади. Бу воқеалар тарихий ёзувлар ва хитой олимларининг асарларида ҳам тўлиқ акс этган.
Ўзаро муносабатларнинг гуллаб-яшнаган даври эса Буюк Ипак йўлининг ривожланишга тўғри келган. Бунда тарихий марказлар сифатида Тошкент, Жиззах, Қўқон, Самарқанд, Бухоро ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари танланган. Амир Темур ва темурийлар хукмронлиги даврида эса мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама муносабатлар янада мустаҳкамланган. Хусусан, Амир Темур, кейинчалик Улуғбек, Шоҳруҳ ва бошқа ҳукмдорлар топшириғи билан Хитойга кўплаб дипломатик ва савдо кишилари юборилган. Ҳатто, Амир Темур саройида Хитой императорининг (Мин сулоласи, 1368-1644) элчиси ва йирик дипломатик ваколатхонаси вакиллари қабул қилинган.
Ёш олимларимизнинг янги тадқиқотлари хитой манбалари асосида амалга оширилаётгани эса бу каби маълумотларнинг аниқ ифодаси бўлишида катта аҳамият касб этмоқда, дейиш мумкин.
Маълумки, Хитой Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва ҳозирда Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори ҳисобланади. Сўнгги йилларда Хитой билан йирик лойиҳаларни ҳам амалга оширяпмиз.
Айниқса, савдо, саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, қурилиш соҳаси билан бирга фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ХХР Таълим вазирлиги ўртасида 1999 йилнинг 8 ноябрида имзоланган Таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим асосида тизимли ишлар амалга оширилаётганини айтишни истардим. Бундан ташқари, таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз Тошкент давлат шарқшунослик университети (ТДШУ) ҳамда Самарқанд чет тиллар иинститутида фаолият юритаётган Конфуций институтларининг хитой тили ва маданиятини ўрганишдаги фаолиятида ҳам яхши натижа бераётир.
Ҳар йили ХХР давлатлараро ҳамкорлик ва ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳамкорлик дастури доирасида Хитой университетларида бир йиллик амалиёт ўташ учун 60 та грант ўринларини ажратади. Мазкур грантлар доирасида талабалар ва стажёрлар Хитойга нафақат тил ўрганишга, балки амалиёт ўташ, таълимнинг турли йўналишлари ва иқтисодиёт тармоқларида малака ошириш мақсадида ҳам борадилар. Шу билан бирга фуқароларимиз Конфуций институтлари орқали грант асосида Хитойда стажировка ўташ имкониятига ҳам эгалар.
Бошқача айтганда, юртимизда Конфуций институтлари ташкил этилганидан буён минглаб ўзбекистонликлар хитой тилини ўрганиб, ушбу халқнинг анъана ва урф-одатлари ҳамда маданияти билан танишдилар.
Конфуций институтлари, шунингдек, хитой тили бўйича янги дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини яратиш, Ўзбекистондаги таълим муассасаларининг соҳа мутахассислари учун турли семинар ва конференциялар, хитойшунослик бўйича малака ошириш курсларини ўтказишга ҳисса қўшмоқда.
Ҳар йили университетимиз ўқув жараёнига Хитойдан волонтёр-мутахассислар жалб этилаётгани эса ҳамкорлигимиз ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшиляпти. Хитойнинг ҳамкор университетлари мутахассислари эса талабаларимиз билан онлайн ва маҳорат дарсларини ўтказишмоқда.
Маълумки, замон талабларига мувофиқ, ўқув режа ва дастурлар доима янгиланиб туради. Шундан келиб чиқиб, ихтисослашган кафедралар ўқитувчилари хитойлик ҳамкасблари билан биргаликда илғор ёндашув ва услубларни жорий этиш ва кенг қўллаш бўйича жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда мазкур режа ва дастурларни танқидий таҳлил қилиб, қайта кўриб чиқадилар.
Университетимиз Хитойдаги бир қатор йирик университетлар, жумладан, Шанхай, Ланчжоу, Минзу, Пекин тил ва маданият, Сиан халқаро тадқиқотлар университети, Шанхай чет тиллар университети, Шимоли-ғарбий Минзу, Ляонин педагогик университети каби 20дан ортиқ университетлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган.
Университетимизда ҳар йили хитойшуносликнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ҳам ташкил этилади. Ушбу анжуман Ўзбекистон, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг академик доиралари ўртасида мулоқот майдони вазифасини ҳам ўтайди. Конференциянинг асосий мақсади хитойшуносликни ривожлантириш муаммоларини муҳокама қилиш бўлиб, унда иштирокчилар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар ва маданий алоқаларнинг бугунги ҳолати, тарихи ва истиқболлари, шунингдек ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича ҳам фикр алмашадилар.
Шу ўринда кейинги 3 йилда университетда хитойшуносларнинг илмий салоҳияти кўрсаткичи сезиларли даражада ошганини, бу жараёнда қатор диссертациялар ҳимоя қилинганини айтиш жоиз. Мазкур илмий ишлар, тил, ёзув ва адабиёт тарихи, қиёсий тадқиқотлар, таржима муаммолари, атамашунослик, хитой тилини ўқитиш методикаси, шу билан бир қаторда, Конфуций фалсафаси, халқаро муносабатлар, маданий дипломатия, давлатларнинг ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал этиш тажрибаси сингари долзарб муаммоларга бағишланган.
Ўтган йили хитойшунос олимларимизнинг 24 жилдлик монографиялари чоп этилгани эса Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига ажойиб туҳфа бўлди.
Бугунга келиб эса фан ва таълимни маълум даражада интеграциялаш, илмий тадқиқот ишларини хўжалик юритувчи субъектлар, ташқи савдо ва хусусий бизнеснинг амалий эҳтиёжлари билан яқинлаштириш талаб этилмоқда. Бу эса хитойшунослар учун грантлар ва ноанъанавий манбаларни жалб этиш учун мутлақо янги платформадир.
Шубҳасиз, Хитой олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик хитой тилини яхши биладиган, хитойшунослик соҳасида кенг ва чуқур билимга эга бўлган кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш имконини ҳам беради. Бу эса, ўз навбатида, дўстлик ришталари билан боғланган мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик учун янги уфқлар очилаяпти, деганидир.
Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, Президентимизнинг Хитойга навбатдаги ташрифлари доирасида имзоланган ҳужжатлар, шубҳасиз, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Гулчеҳра РИХСИЕВА,
Тошкент давлат Шарқшунослик университети ректори