Нима учун китоб ўқиш керак?
Бугунги шиддатли давр инсонни тез қарор қабул қилишга ундайди. Кўпчилик учун китоб ўқиш гўёки ортиқча машғулотдек туюлади. Аслида эса вақт топилмайди — вақт ажратилади.
Инсон ўз ҳаётида ҳамма нарсани бошдан кечира олмайди. Аммо китоб орқали у турли даврлар, халқлар ва уларнинг ҳаёти билан танишади. Масалан, тарихий асарлар орқали ўқувчи ўтмиш воқеаларини ҳис қилади, бадиий асарлар эса инсон руҳиятининг энг нозик жиҳатларини англайди.
Айрим манбаларга кўра, дунё бўйича ҳар йили 2 миллиондан ортиқ янги китоб нашр этилади. Бу инсоният билимлари ва тажрибаси қанчалик тез кенгайиб бораётганини кўрсатади. УНЕСCО маълумотларига кўра эса, бугунги кунда дунёда мавжуд китоблар сони 130 миллиондан ошган. Бу улкан “билим хазинаси”дан фойдаланиш эса ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ.
Китоб ўқиш инсоннинг фикрлаш қобилиятини сезиларли даражада оширади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мунтазам китоб ўқийдиган инсонларнинг луғат бойлиги ўқимайдиганларга нисбатан анча кенг бўлади. Бундан ташқари, улар мураккаб вазиятларда тезроқ ва тўғрироқ қарор қабул қилишади. Чунки китоб инсонни таҳлил қилишга, сабаб ва оқибатни англашга ўргатади.
Масалан, бизнес ва шахсий ривожланиш йўналишидаги китоблар бугунги кунда жуда машҳур. Сўнгги йилларда энг кўп ўқилган китоблар қаторига “Атомиc Ҳабитс” — 15 миллиондан ортиқ, “Рич Дад Поор Дад” эса 40 миллиондан ортиқ нусхада сотилган. Бадиий адабиётлардан эса “Ҳаррй Поттер” серияси — 500 миллиондан ортиқ ва “Тҳе Лорд оф тҳе Рингс” — 150 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилиб, китобхонлар қўлига етиб борган.
Китоб ўқишнинг яна бир муҳим жиҳати — бу руҳий тарбия. Буюк аллома Абу Али ибн Сино китобни билимлар хазинаси деб атаган бўлса, Алишер Навоий уни инсоннинг энг яқин дўсти сифатида таърифлаган. Ҳақиқатан ҳам, китоб инсонни ёлғизликда тарк этмайди, унга йўл кўрсатади ва хатолардан огоҳлантиради.
Психологлар ҳам китоб ўқишнинг фойдасини тасдиқлайди. Тадқиқотларга кўра, атиги 6 дақиқа китоб ўқиш стресс даражасини 60 фоизгача камайтиради. Мунтазам ўқиш хотирани мустаҳкамлайди, бадиий асарлар эса эмпатия — бошқаларни тушуниш қобилиятини ривожлантиради. Ҳар куни атиги 10–15 дақиқа китоб ўқиш эса вақт ўтиши билан катта натижа беради. Бу кичик одат аста-секин ҳаёт тарзига айланиб, келажагингиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.
Машҳур ёзувчи Лев Толстой айтганларидек, ҳақиқий билим ўз устида ишлашдан бошланади. Бу йўлда китоб энг ишончли ҳамроҳдир.
Азизбек Чориев





