Томас Жефферсоннинг улкан билим саройи

Томас Жефферсоннинг улкан билим саройи

Томас Жефферсоннинг улкан билим саройи

     Конгресс кутубхонаси нафақат АҚШнинг миллий кутубхонаси, балки бутун дунё илм-фани ва маданий меросини ўзида мужассам этган улкан билим масканидир. Дастлаб 1800 йилда  АҚШнинг учунчи Президенти Томас Жефферсоннинг шахсий кутубхонаси сифатида ташкил қилинган. Жефферсон китобни инсон тафаккурининг энг буюк бойлиги деб билган ва айнан шу руҳ бугунги кутубхона фаолиятида ҳам яққол сезилиб туради.

  Бугунги кунда кутубхона фонди мислсиз даражада кенгайган. Унда 170 миллиондан ортиқ турли материаллар сақланади. 450 дан ортиқ тилларда чоп этилган 90 миллиондан зиёд китоб ва нашрлар, 30 миллиондан ортиқ қўлёзмалар, 3,5 миллионга яқин мусиқа ва нота асарлари, ноёб хариталар, тарихий ҳужжатлар, кинофильмлар ва микрофильмлар – буларнинг барчаси инсоният тафаккури ва тажрибасининг йирик хазинасидир.

  Кутубхонани тасаввур қилиш учун биргина рақам кифоя: унинг китоб токчалари узунлиги қарийб 1300 километрга чўзилган. Бу масофа айрим мамлакатлар ҳудудини кесиб ўтадиган даражада улкан. Гўё бу токчалар орасида бутун дунё тарихи, илми ва санъати сайр қилиб юргандек туюлади.

  Бу маскан доимий равишда ривожланиб боради. Ҳар куни ўртача 10–12 минг янги материал фондга қўшилади. Демак, кутубхона ҳар кун, ҳар соат бойиб бораётган тирик организмга ўхшайди. У фақат ўтмишни сақламайди, балки бугуннинг ҳам, келажакнинг ҳам билимларини йиғиб боради.

 Конгресс кутубхонаси кенг доирадаги фойдаланувчиларга хизмат қилади: давлат идоралари, илмий-тадқиқот марказлари, олимлар, талабалар, хусусий компаниялар ва оддий китобхонлар бу ерда ўзига керакли билимни топа олади. 20 дан ортиқ қироатхоналар эса ҳар куни минглаб ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатади. Бу ерга кирган инсон нафақат китоб ўқийди, балки илм муҳитини ҳис қилади.

  XX аср бошларидан бошлаб кутубхона АҚШдаги 117 мингга яқин бошқа кутубхоналарни каталоглар билан таъминлаб келмоқда. Бу эса уни нафақат билим сақловчи, балки билимни тарқатувчи марказга ҳам айлантирган. XXI асрга келиб эса рақамлаштириш жараёнлари туфайли унинг бой хазинаси бутун дунё илм аҳли учун очиқ бўлди. Энди у фақат бир мамлакат эмас, балки глобал билим марказидир.

 Конгресс кутубхонаси — бу шунчаки китоблар жамланмаси эмас. У инсоният тафаккури, тарихий хотира ва ижодий мероснинг тирик гувоҳи. Ҳар бир китоб, ҳар бир қўлёзма, ҳар бир нота варағи — бу ўтган авлодларнинг бугунги ва келажак авлодларга йўллаган сукутдаги мактубидир.

 Азизбек Чориев тайёрлади