Талаба оналар: негадир ректорлар муаммога бефарқлар?

Талаба оналар: негадир ректорлар муаммога бефарқлар?

  • 2017 йили институт ва университетларда 110 минг хотин-қиз таҳсил олган бўлса, айни пайтда улар сони 500 мингдан ошди...

10 минг талаба қизга 68 миллиард сўмлик контракт пуллари тўлаб берилди.

 

Талаба оналар: негадир ректорлар муаммога бефарқлар?

 Янги Ўзбекистонда Олий таълим муассасалари сони 213 та (ОТМ)га етди. Шундан 112 таси давлат, 30 таси хорижий ва 69 таси нодавлат олий таълим муассасаларидир. ОТМлар сонининг ошиши ўз навбатида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини ҳам кескин оширди. 2024 йилги маълумотларга кўра, 213 та олийгоҳда 1 миллион 300 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олган. 2022 йилда бу кўрсаткич 38 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда 43 фоизга  етди. Қувонарлиси, талабаларнинг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Энг муҳими, 2017 йили олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, айни пайтда улар сони 500 мингдан ошган.

Шу ўринда  магистратура босқичида таҳсил олаётган 10 мингдан ортиқ талаба-қизлар учун 68 млрд сўмдан зиёд шартнома маблағлари давлат томонидан қоплаб берилганини алоҳида таъкидлаш жоиз...

Яқинда партиямиз фаоллари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси билан  ҳамкорликда 76 та ОТМда оилали ва яқинда она бўлган талабалар учун яратилган шарт-шароитларни назорат-таҳлил тартибида ўргандилар. Маълум бўлишича,  жами ОТМларда 47 029 нафар талаба-она бўлиб, уларнинг 14 884 нафари кундузги, 8 529 нафари кечки, 19 756 нафари сиртқи, 3 860 нафари эса магистратура босқичида ўқияпти. 1 302 нафари бола парвариши учун таътилга чиққан.

Ўрганишлар давомида 76 та ОТМнинг 49 тасида “Она ва бола” хоналари ташкил этилгани, бироқ 3 тасидагина академик боғча мавжудлиги аниқланди. Кўриниб турибдики, бу масаладаги вазият анча мураккаб. Тўғри, мавжуд ОТМларнинг 26 тасида талаба оналарни қўллаб-қувватлаш дастурлари амал қилмоқда. Аммо бу кўрсаткич умумий тизим учун етарли эмаслиги айтиляпти.

Масофавий таълим тури эса бор-йўғи 8 та олий таълим муассасасида жорий этилган. Ваҳоланки, талаба оналар учун айнан ушбу таълим шакли энг қулай ҳисобланади.

Ўтказилган сўровларда иштирок этган талаба – оналар таълим ва оилани бирдек эплаш, бола парвариши учун вақт етишмаслиги, оилавий низолар сабабли давоматнинг пасайиши, масофавий таълим олиш имкони чекланганлиги, боғча ва эмизиш хоналарининг мавжуд эмаслиги каби муаммоларга эътибор қаратганлар. Илмий тадқиқотлар натижасига кўра, талаба қизларнинг 89 фоизи репродуктив саломатликка оид етарли билимга эга эмас. Бу эса профилактик ишлар ва маърифий дастурларни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

Тўғри, айрим университетларда талаба оналар учун мослашувчан дарс жадвали, бепул тиббий хизматлар, ётоқхона учун тўловда 50 фоизли чегирма, махсус тренинг ва курслар, алоҳида ректор стипендиялари бор. Аммо бундай тажрибалар кўплаб олийгоҳ ректорлари эътиборидан четда қолмоқда.

Ўрганишлар давомида яна бир муҳим масала бўйича таклифлар билдирилди: ҳомиладорлик ва бола парвариши даврида талабани масофавий таълим шаклига ўтказиш имкониятини қонунчиликда мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба оналарни академик қарздорлик учун қайта ўқиш тўловларидан озод қилиш ёки уларга имтиёзли тартиб жорий этиш. Шунингдек, ОТМларда болалар боғчалари ва “Она ва бола” хоналарини ташкил этишни босқичма-босқич мажбурий тартибда жорий этишни назоратга олиш ҳам талаба оналар учун ниҳоятда муҳимлиги таъкидланди.

Партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Фируза Муҳаммеджанованинг фикрича, аёллар учун – энг муҳим нарса бу – ИЛМ.

– Талаба оналарни қўллаб-қувватлаш нафақат ижтимоий ҳимоя масаласи, балки мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш масаласи ҳамдир. Бугун дунё илм-фанида аёллар улуши ҳали кутилган даражага етмаган бир пайтда, Ўзбекистонда илм билан шуғулланаётган хотин-қизлар сони изчил ортиб бормоқда. Хусусан, бугун илмий фаолият юритаётган аёллар улуши 48 фоизни ташкил этаётгани жамиятимизда аёлларга бўлган юксак ишонч ифодасидир. Жорий йилда қизларимизнинг олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича ҳам рекорд натижа қайд этилди. Бу юртимизда илмли аёллар авлоди шаклланаётганининг яққол далилидир. Зеро, дунё илмли аёлларга муҳтож, – дейди Ф.Муҳаммеджанова.

Гапнинг индаллосини айтганда, талаба оналарга яратиладиган шарт-шароитлар  бу келажак авлод тарбияси учун муҳим ва ўзини оқлайдиган инвестициядир. Зотан, миллий тикланишдан миллий тараққиёт йўлига ўтаётган жамият сифатида биз илмли она – маърифатли жамият пойдевори эканини доимо ёдда сақлашимиз шарт!

 

Мухлиса Эргашева,

 Марказий кенгаши бўлим бошлиғи