Вазир соати: Мактабгача таълим ташкилотларида қамров кўрсаткичини ошириш борасида сусткашликка йўл қўйилган

Вазир соати: Мактабгача таълим ташкилотларида қамров кўрсаткичини ошириш борасида сусткашликка йўл қўйилган

Маълумки, 2025 йилги Давлат бюджетидан боғчалар қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи “Менинг боғчам” лойиҳаси доирасида сарфланиши белгилаб берилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнлари сифатини ошириш, 1-синфга ўқувчиларни қабул қилиш ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги таълим муассасаларига қабул жараёнларини ташкил этиш масалаларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.
 
Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари, ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Вазирнинг таъкидлашича, мактабгача таълим ташкилотларига қамров кўрсаткичини ошириш бўйича қатор ишлар олиб борилаётган бўлсада, аммо айрим ҳудудларда бу борадаги ишларни ташкил этишда сусткашликка йўл қўйилган. Шу билан бирга, боғча биноларини жиҳозлаш, ўқув-методик адабиёт ва методик қўлланмалар билан таъминлашда аниқ меъёрлар қабул қилинмаган.
 
Мулоқот давомида масъуллар олдига боғча тарбиячиларининг касбий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда малакасини ошириш, шунингдек уларни зарур ўқув адабиётлари билан тўлиқ таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
 
Йиғилишда 2025-2026 ўқув йилида ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш жараёнлари ҳамда бу борадаги қилиниши лозим бўлган ишлар ҳудудлар миқёсида атрофлича таҳлил этилди.
 
Қайд этилишича, янги ўқув йилида 1-синфга онлайн қабул ташкил этиладиган туман (шаҳар)лар сони 64 тага, мактаблар сони 1 минг 920 тага етказилди. Жойларда 1-синфга қабул жараёнларини онлайн амалга ошириш ва рақамлаштириш борасидаги муаммоларни тўлиқ бартараф этиш, 1-синфга қабул жараёнларини шаффоф ташкил этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, бириктирилган микроҳудуддаги мактаб ёшидаги болалар сони, мактабларнинг қуввати, педагоглар билан таъминлангани, санитария талабларига мослиги ҳамда дарсликларга берилган буюртмаларни инобатга олган ҳолда 1-синф қабул режасини тасдиқлаш белгиланди.
 
Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман ва шаҳар бўлимларида қабул жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича штаб ташкил этилиши ва ота-оналарнинг бу борадаги ҳар бир мурожаати тезкор кўриб чиқилиши маълум қилинди. Шу билан бирга, UZINFOCOM билан биргаликда қабул жараёнида фуқароларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиб учун “Ишонч телефони” ва “Call-марказ” фаолиятининг узлуксиз ишлаши таъминланади.
 
Йиғилишда 2025-2026 ўқув йилида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги таълим муассасаларига қабул жараёнлари масаласи ҳам кўриб чиқилди. Жорий йил 1 июндан бошлаб Президент, ижод, ихтисослаштирилган ва спорт мактабларида ўқиш истагида бўлган талабгорларнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилиш жараёнлари бошланди.
 
Маълум қилинишича, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида 16 та янги ихтисослаштирилган мактаб ҳамда Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати ташкил этилган. Айни вақтда ушбу мактабларга ўқиш истагида бўлган талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинмоқда.