Ёзги таътил ўқувчилар учун нафақат дам олиш вақти, балки шахсий ривожланиш, қобилиятларини намоён қилиш учун қулай имкониятдир.
Президентимиз ташаббуси билан ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш, уларни маданий, маърифий ва спорт тадбирларига фаол жалб қилиш мақсадида "Долзарб 90 кун" лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида ёшларнинг вақти таътил давомида унумли ўтади, улар керакли машғулотларга жалб этилади.
Аммо ижтимоий тармоқларда “Долзарб 90 кун” тадбирлари тўғрисида турли фикрлар тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳар йили ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг мароқли дам олишлари ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, бугунга қадар мактабларда кундузги оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилган. Турли маданий ва спорт тадбирлари, танлов ва мусобақалар ўтказиб келинган ва уларда ўқувчиларнинг қатнашиши ихтиёрий бўлиб, болалар ота-оналарининг розилиги билан жалб қилинган.
Жорий йил ташкил этилаётган “Долзарб 90 кун” тадбирларига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги 1 минг 239 та умумтаълим мактабида кундузги оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилган ҳамда унга 170 минг нафарга яқин ўқувчи ихтиёрий жалб қилиниши режалаштирилган. Лойиҳани амалиётга татбиқ этиш учун меҳнат таътилидан бўш вақтларда ихтиёрий жалб қилинган педагоглар бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.
“Долзарб 90 кун” тадбирлари сабабли ўқитувчилар меҳнат таътилидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум этилмайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги “Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрларини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан умумтаълим мактаблари педагог ходимлари учун 56 календар кунлик меҳнат таътили муддати белгиланган. Республикадаги мавжуд барча умумтаълим мактаблари педагогларининг ёзги таътил даврида меҳнат таътилига чиқиши учун тегишли режа-график тасдиқланган ва мазкур режага асосан педагогларнинг белгиланган кунларда меҳнат таътилига тўлиқ чиқиши таъминланади.
Қайд этиш лозимки “Долзарб 90 кун” бу —Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари учун амалга оширилаётган тарбиявий-маънавий лойиҳа бўлиб, ёзги таътил даврида болаларнинг интеллектуал, ахлоқий ва жисмоний ривожини қўллаб-қувватлашга қаратилган.