Ўзгарувчан палла газета...

Ўзгарувчан палла газета...

Жамоатчилик орасида сиёсий партия нашрларига истеҳзоли, кинояли қарашлар мавжуд. Гўё ўзи эмин-эркин фаолият юритмайдиган партиянинг газетаси нима бўларди эмиш!

Бу сингари иддао қанчалик асосли эканлиги алоҳида мавзу, аммо-лекин матбуотнинг сеҳри, жозибаси, фалсафаси ва миссияси шу қадар чуқур, бепоён ва мураккабки, буни ҳар ким ҳам тушунавермайди, англаб етмайди, ҳис этмайди ва қадрламайди. Зеро, матбуотнинг бош қуроли, воситаси ¬– СЎЗ! Сўздан қувватли ва қудратли кучни ҳали инсоният кашф эта олмаган.
Сўз стихиясидан мукаммал, унумли ва самарали фойдалана билиш эса ¬– маҳоратга бориб тақалади. Гап ижодий маҳорат ҳақида. 

Журналистиканинг тақдири, биринчи навбатда, журналистларнинг ижодий маҳоратига боғлиқ. Узоқ йиллик кузатишлар, таҳлил ва тадқиқотлардан шундай хулосага келганман: босма ёки ҳоказо электрон нашрми, қатъий назар, бош муҳаррир ким, шахси-камоли қандай, қай даражада маҳоратли, журналист сифатида нималарга қодир ва албатта мавзу сўз салмоғини нечоғли чуқур ва теран ҳис этади ¬– ҳамма-ҳаммаси шуларга чамбарчас боғлиқ. Мазкур талаблар ва мезонлар асосида таҳририят ходимлари, ҳатто муаллифлар ҳақида худди тажрибали шифокор ташхис қўйгани каби хулоса чиқариш қийин эмас.

“Миллий тикланиш” газетаси дастлабки йиллар миллатимизнинг улкан зиёлиси бўлмиш адиб Иброҳим Ғафуров бош муҳаррирлигида чоп этилди. Партиянинг иқтисодий имкониятлари аянчли аҳволда эди. Газета таҳририятидаги шарт-шароитни-ку, асти гапирманг! Газета уч ойлаб чиқмай қолган пайтлар бўлган. Лекин “Миллий тикланиш”ни ўқийдиган, кутадиган, унда босилган мақолалар хусусида баҳс-мунозаралар қўзғайдиган мухлислар, муштарийлар кўпчилик эди.

Ҳосил Каримов, Дилмурод Қирғизбоев бош муҳаррирлик кезлари бирмунча мураккаб даврга тўғри келди. Табиий, бу аҳвол газетанинг йўналишига таъсир кўрсатди. Бунинг устига, газетада ёритилган у ёки бу мавзу, кўтарилган муаммо юзасидан бош муҳаррир қолиб, партия раҳбариятидан сўраб-суриштириш одати шаклланди. Очиқдан-очиқ газетанинг нуфузига путур етказадиган ҳолатлар юз берди. 

Эслашга арзирли хотиралар кўп, мухтасар айтганда эса, “Миллий тикланиш” газетасининг 30 йиллик босиб ўтган йўли ўзига хос мураккаблиги, қизиқарлилиги билан замонавий миллий журналистиканинг ажралмас бир қисми, солномаси сифатида тарихга айланди. Газета саҳифалари орқали дунё юзини кўрган кўплаб мақолалар ўзбек миллий маърифати ва маънавиятининг ўлмас меросига, бисотига, тафаккур хазинасига айланди дея баралла ифтихор билан айта оламиз. 

Газета, вақтли матбуот сифатида кундалик воқеликлар қуршовида яшашга мажбур. Бироқ, ҳатто долзарбликда ҳам меъёр сақланмоғи керак. Мисол учун, сиёсий партия нашри ушбу партия ҳаётини, ғояларини тарғиб қилмоғи шарт, шу орқали ўз ўқувчиларини бохабар этади, йўналтиради, керак бўлса, тарбиялайди. Айни вақтда ҳозирги дунё ва инсон эҳтиёжлари шу қадар ўзгариб кетдики, тафаккур, дид, савия, дунёқараш шу қадар англаб бўлмас мақомларга етмоқдаки, сиёсий партия нашрлари мазкур омилларни ҳисобга олмаслиги мумкин эмас.

Айтмоқчиманки, дунё, башарият манфаатлари ҳар қандай сиёсий партия манфаатларидан бир неча ўн минг марталаб катта, кенг ва ранг-баранг. Ҳатто нисбатан оғиркарвон ва енгил-елпи эврилишларни хуш кўравермайдиган миллий қадрият тушунчаси ҳам тубдан ўзгаришларга учрамоқда. Беш-ўн йил бурунги мезонлар бугун иш бермаяпти, муттасил янгиланишни тақозо этмоқда.

“Миллий тикланиш” газетамиз жамоасига, муаллифларига мана шундай мураккаб, ўзгарувчан паллада ижодий ютуқлар ҳамроҳ бўлишига тилакдошман.