Яшиллик – бу тоза келажак дегани!

Яшиллик – бу тоза келажак дегани!

БМТнинг маълумотларига кўра, инсон саломатлигининг 20-40 фоизи атроф-муҳит ҳолати ва экология билан узвий боғлиқ экан. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутасаддилари эса, саломатликнинг 50 фоизи турмуш тарзига боғлиқ бўлса, қолгани атроф-муҳит, генетика, соғлиқни сақлаш хизматлари билан боғлиқ дейишмоқда.

Албатта, қулай атроф-муҳит деганда инсонга муносиб ва фаровон хаёт кечиришга имкон берадиган омилларни тушунамиз. Янгиланган Конституциямизнинг муқаддимасида ҳам атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, Конституциянинг 49-моддасига ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга экани қоида сифатида киритилган. Бундан ташқари, Конституциянинг 62-моддасига кўра, фуқароларга ҳуқуқдан ташқари атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти ҳам юкланган.

Маълумки, 20 ноябрь куни Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев янгиланган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида 2025 йилни Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф қилдилар. 

Албатта, Янги йилнинг бундай номланиши муносабати билан энг муҳим вазифалар бўйича давлат дастури ишлаб чиқилади. Бу борада Конституциянинг 115-моддасига асосан Ўзбекистон Ҳукумати ҳам ўзининг вазифаларидан, жумладан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлар ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳаларида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш чораларини ҳам кўради.

Қисқача айтганда, 2025 йилнинг Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши Ўзбекистонимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, жумладан биз ёшлар зиммасига ҳам жуда катта вазифалар юклайди. Шулардан энг асосийси, тенгдошларимиз орасида Янги йилга нега бундай ном берилганини, бу таклифнинг моҳияти ва мақсадини кенг тушунтиришдир.