Янги Ўзбекистон ислоҳотлари “Текширса – қўрқади, қўрқса – солиқ тўлайди” деган қарашларни тарихга айлантирди

Янги Ўзбекистон ислоҳотлари “Текширса – қўрқади, қўрқса – солиқ тўлайди” деган қарашларни тарихга айлантирди

Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг олти аср муқаддам “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган ҳикматона ибораси аҳамиятини Янги Ўзбекистон ислоҳотларида янада теран ҳис қиляпмиз. Зеро, мамлакатимиз бугун ҳар жиҳатдан салоҳиятли кадрларга, айниқса, халқимиз фаровонлигини оширишга, давлатимиз тараққиётига кўмаклашадиган тадбиркорлар кучига кўпроқ таянмоқда. 

Кейинги йилларда тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ва яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи айнан шу соҳага тўғри келаётгани ҳам бунга мисол бўлиши мумкин. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Нукус шаҳрида бизнес вакиллари билан навбатдаги очиқ мулоқотида 300 га яқин энг кўзга кўринган тадбиркор ва инвесторлар ҳамда хориждаги 40 дан ортиқ ватандошлар иштирок этгани, шунингдек, 3 мингга яқин бизнес вакиллари ҳудудий студиялар орқали мулоқотга қўшилганлари анъанавий учрашув доираси тобора кенгайиб, ижтимоий-иқтисодий муаммолар муҳокамаси минбарига айланаётганини ҳам кўрсатди.

Шу ўринда Давлат раҳбарининг 2021 йилдан анъанага айланган бундай шаклдаги очиқ мулоқоти дунё тажрибасида деярли ўхшаши йўқ механизм эканини ҳам таъкидлаш лозим. Энг асосийси, бундай учрашувлар муҳим аҳамият касб этиб, ўзининг амалий натижаларини беряпти. Мисол учун, 2021 йилдаги илк мулоқот натижасида 57 та, 2022 йилда 55 та, ўтган йили эса 60 га яқин ташаббус илгари сурилиб, тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган кўплаб муаммоларга ечим топилди. Натижада соҳага бўлган қизиқиш кескин ошиб, тадбиркорлар сафи изчил кенгаймоқда. 2016 йили юртимизда 268 мингта тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич қарийб 415 мингдан ошди.

Энг муҳими, бугун мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятига ҳеч ким асоссиз аралаша олмайдиган даражада ҳуқуқий замин яратилди. Президентимиз таъкидлаганларидек, “текширса – қўрқади, қўрқса – солиқ тўлайди”, деган қараш билан иш юрмаслигини ҳамма, айниқса, солиқчилар ниҳоят тушуниб етдилар. Содда қилиб айтганда, мансабдорлар тадбиркор билан мулоқот қилишга ўргатилиб, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича туб бурилиш ясалди. Аҳамиятли томони, тадбиркорлар ҳам “сояда” ишлашдан кўра, қонуний фаолият, соғлом рақобат манфаатли эканини тушуна бошладилар.

Қайд этиш лозим, бу йилги учрашувга ҳар қачонгиданда алоҳида тайёргарлик кўрилди. Президентдан бошлаб Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман – барча-барча раҳбарлар йил бўйи тадбиркор билан доимий мулоқотда бўлдилар. Натижада тадбиркорларнинг 700 дан ортиқ масаласи, ташаббус ва янги лойиҳалари қўллаб-қувватланди, ушбу соҳага яна 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилди. Энг муҳими – маҳаллалардаги микролойиҳалардан тортиб, мегалойиҳаларгача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилди.

Навбатдаги учрашувнинг Нукусда ташкил қилингани ҳам бежизга эмас. Чунки Қорақалпоғистонга инвестиция киритиб, бизнес қилишни бошқа ҳудудларга нисбатан учта устунлиги бор. Биринчиси – Қорақалпоғистонда бизнес учун бирорта ҳудудда бўлмаган 50 дан ортиқ имтиёзлар пакети шакллантирилган. Иккинчиси – Қорақалпоғистонда ер ажратишнинг содда тизими жорий этилган. Учинчиси – катта бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳудуд ҳам Қорақалпоғистон ҳисобланади. 

Навбатдаги очиқ мулоқот ҳам шубҳасиз бизнес вакиллари учун аввалгиларига қараганда янада самарали ва фойдали бўлди дейиш мумкин. Хусусан, Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларни ўйлантираётган кўплаб масалаларга ечим берилди, қўшимча шароитлар яратиш бўйича бешта йўналишда муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Маълумки, бугунга келиб, қўшни давлатлар билан алоқалар мисли кўрилмаган даражада ривожланяпти. Ўзбекистон маҳаллий корхоналар учун ҳам, чет эл компаниялари учун ҳам катта бозорга, минтақадаги саноат хабига айланяпти. Яқинда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Жорий йилнинг олти ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ҳам ўтган йилга нисбатан 2 каррага ўсиб, 14 миллиард долларга етди. Бундай рақамлар 33 йиллик тарихимизда бўлмаган. 

Президентимиз таъкидлаганларидек, буларнинг барчаси саккиз йил олдин ўзаро ишонч асосида бошлаган ислоҳотларимиз, тадбиркорлар билан елкама-елка туриб, доимий мулоқотда ишлаганимиз натижасидир. 

Албатта, бундай очиқ мулоқотлар шубҳасиз ёш тадбиркорларга ҳам мотивация беради, уларни янги ғоялар сари етаклайди. Зеро, бугунги шарт-шароит соҳага оид муаммо ва камчиликларни “кабинет”да эмас, юзма-юз мулоқотлар орқали ҳал қилишни тақозо этяпти.