Янги авлод вакилларига «Оғиз солиш», «Рўмол ўраш», «Узук тақди»риш керакми?

Янги авлод вакилларига «Оғиз солиш», «Рўмол ўраш», «Узук тақди»риш керакми?

Бундан икки йилча аввал ижтимоий тармоқлар вояга етмаганларни унаштириш, никоҳ билан боғлиқ салбий удумларни бир муддат қизғин муҳокама қилдию, кейин кутилган даражада шов-шув кўтарилмаганиданми, ҳар қалай ушбу мавзу қозонини ёпди-қўйди...

Чиндан ҳам унаштириш удумларнинг тарихи узун. Улар динимиздан олдин ҳам мавжуд бўлган, дейиш мумкин. Ислом динининг ёйилиши сабаб ушбу удумлар диний маросимлар сифатида эътироф этила бошланди, таъсирлар доирасида улар ўзгаришларга ҳам юз тутди. Шу сабабдан бўлса керак, ҳозир деярли барча урф-одат, расм-русумларга диний тус бериш оддий ҳолга айланган.

Айрим давлатларда қизларни турмушга бериш билан боғлиқ ноодатий тартиб-қоидалар ва уларнинг ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалари ушбу масалага бўлган эътиборни кучайтиради, албатта.

Хусусан, Афғонистонда қизларни турмушга бериш ёши 9 ёш экани, яқиндан бошлаб Ироқда ҳам 9 ёшдан турмушга бериш мумкинлиги белгилангани, Эронда эса аслида 13 ёш белгиланган бўлса-да, 10 ёшдан турмушга бериш ҳолатларининг кузатилаётгани ушбу масаланинг тобора долзарблашиб бораётганини кўрсатди, албатта. 

Ўзимизда ҳам янги оила қуриш билан боғлиқ Фотиҳа тўй (Унаштириш) ва Никоҳ тўйларига жуда катта эътибор билан қаралади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Бахтиёр оила» китобида келтирилишича, ҳозирда кенг қўлланилаётган Унаштириш бу совчиларга берилган розилик жавобидир.

Демак, энди розиликни одамларга эшиттириб қўйиш керак. Бошқача айтганда, ўша давр қарашларидан келиб чиқсак, қиз энди эгалик бўлди дегани. Яъни бундан кейин бошқа совчиларнинг овора бўлиб юришларини тўхтатиш керак. Унаштиришни қўшнилар, қариндошлар, бутун оммага етказиш мақсадида уларни чорлаб, базм қилиб, яхши тилаклар билдирилиб, якунда фотиҳа ўқилади. Вақт ўтиши билан бу жараён – Фотиҳа тўйи номини олган.

Ўзбек Миллий Энциклопедияси, шунингдек, Ўзбек тилининг изоҳли луғатида Унаштириш ёки Фотиҳа тўйи «никоҳ тўйидан олдин йигит ва қиз томоннинг розилигини расмийлаштириш учун ўтказиладиган маросим» сифатида талқин қилинган. Яъни бу бир маросимни англатадиган иккита тушунчадир.

Айрим ҳолларда «Нон синдириш» ёки оддийгина қилиб, «Белги» ҳам дейиладиган бу жараён ҳозир адабий тилимизда умумийлаштирилиб, Унаштириш, деб аталмоқда.

Маълумотларга кўра, Унаштириш тушунчаси Ғарб мамлакатларида деярли учрамайди. Уларда никоҳга тайёрланишда ўзаро таништириш, муносабатларни ривожлантириш, никоҳга тайёргарлик кўриш тадбирлари ўтказилади. Аммо улар диний замирга асосланмаган.

Худди шунингдек, Туркияда Нишан, деб аталадиган унаштириш тушунчаси бўлиб, бу маросимда никоҳга тайёрланиш, келин-куёвнинг бир-бирини танишиши ва оилаларнинг расмий келишувига эришилади.  Турк Фуқаролик Кодексида унаштириш ва унинг оқибатларига оид бир нечта моддалар ҳам бор.

Ҳиндистонда эса унаштириш «Ашир-вад» деб аталар, унда келин-куёвга совғалар берилиб,  маросим  таомлари  тақдим этиларкан ва, энг муҳими, ота-оналарнинг аҳдлашуви келин-куёв  бир-бирларига  ваъда  бериши ҳисобланаркан.
Хитойда эса  унаштириш маросимида «хуннян» (совчи)лар иштирок этиши анъана ҳисобланиб,  «чой ичиш» маросимида ҳам келин-куёвнинг оилалари ўртасида ва биринчи навбатда,  ёшлар ўртасида бошқалар кўз ўнгида келишувга эришилади, сўнг келин-куёвга совғалар берилади.

Кўринадики, хорижда ҳам Унаштириш тушунчаси ва маросимлари мавжуд бўлиб, бизларникига ўхшаш ва ўхшамас анъаналарга амал қилинади. Ушбу маросимларда эса диний ва диний бўлмаган урф-одатларни қамраб олиш баробарида замонавий одатлар ҳам уйғунлашиб бораётганини таъкидлаш лозим.  

Шу ўринда никоҳгача ўтказиладиган маросимларнинг деярли барча босқичида қимматбаҳо совғалар, кийим-кечаклар, дастурхон атрофида ўтиришлардаги сарф-харажатлар анъана ва диний маросим талабларидан келиб чиқилишини айтиш жоиз. Бирон бир сабаб билан турмуш қуриш режаси бузилгудек бўлса, бу сарф-харажатлар бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. 

Бизда ҳам бу борада азалдан лафзга ишониб иш кўрилган. Кейин фотиҳа ўқилган. Замонавий дунёда эса айни шу масалада расмийлик талаб этилмоқда ва бу бежиз эмас. Зеро, расмий никоҳ ва у билан боғлиқ маросимларнинг мустаҳкамлигини таъминламоқда.   

Халқимизда белқуда — яқин дўст-биродарлар ўз аёлларининг ҳомиладорлиги пайтида ҳали туғилмаган болаларни бир-бирига аташтириб қўйишган. Ёки бешиккерти, қулоқ тишлади каби одатларни олайлик. Бу бошқаларни олдиндан огоҳ этиб, вақти-соати келиб, овора бўлмасликларини, қиз аллақачон эгалланганлигини билдирган, деб таъкидласак тўғрироқ бўлади. 

Бу жараёнга диний маросим эмас, балки удум сифатида қаралиши керак. Аммо вақт ўтиши билан қарашлар ҳам ўзгарди. Келин ёки куёвнинг бир-бирига ёқмай қолиши (кўриниш, бўй-баст, ранги-рўй, ишчанлиги, ақл, фаҳм-фаросат ва ҳ.к.), характерларнинг мос келмаслиги, янги йўналишдаги манфаатларнинг юзага чиқиши олдиндан белгиланган келишувларнинг бузилишига олиб келган.

Қизларнинг ҳам юзлари очилиб, кўчага чиқишлари «қишлоқ ёки маҳалланинг олди қизи» каби тушунчаларнинг пайдо бўлишига, шу қизни келин қилиш мақсадидаги ҳаракатларнинг кучайишига туртки бўлганлигини ҳам тан олишимиз зарур.

Айни пайтда бундай муносабатларнинг қишлоқ жойларда ҳам ўқиган ёки ҳунари бор қизларга қаратилаётганлиги қарашларимиз янада такомиллашиб бораётганини англатади, албатта.

Аммо ҳаёт ҳақиқати шундаки, ҳар қандай ўзгариш ва янгиланишларга қарамай, ўғил уйлантириш ташвишида юрган аёллар бўлажак келин учун қизларнинг энг яхшисини танлаш, бошқалардан олдин оғиз солиш, энг муҳими эса унга эгалик қилишга уринишда давом этмоқдалар. 

Тан олайлик, қизни кўриб, насл-насабини суриштириб, оиласининг жамиятдаги ўрни, ота-онасининг мансабига қизиқиб, мол-мулкини «чўт»га солаётганларнинг мақсади битта – тезроқ, бошқалардан олдинроқ энг чиройли, энг келишган, ўқиган ёки ота-онаси ўқитиши, ҳаёти давомида моддий қўллаб-қувватлаши имконияти бор қизларга «оғиз солиш», эгалик қилишдир.

Мана бир мисол: яқинда Қашқадарё 7-синфда ўқиётган қиз унаштирилгани ҳақида хабар тарқалди. Минг афсуски, бундай «ноёб» ҳолат кейинги пайтларда ҳар қадамда учраяпти. Яъни, ота-оналар тиниб-тинчимай, келажак учун тамал тоши қўйиш билан оворалар...

Аммо, аксарият ҳолларда тамал тошининг бу тарзда қўйилиши юртимиз, миллатимиз келажагига отилаётган тошга айланмоқда. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: айни ўқиши, илм олиши, ҳунар ўрганиши керак бўлган ёшлар шундай пайтда ўзларига мутлақо зарурати йўқ ўй-хаёллар билан банд бўлиб қолмайдиларми. Бу жараённинг улар онгига руҳий-психологик таъсири қайтмас ўзгаришларга олиб келмайдими?

Саволлар кўп, албатта. 

Олдиндан таъкидлашимиз зарур: қонунчилигимизда эрта никоҳ масаласи ҳуқуқий тартибга солинган ва бу бўйича жавобгарлик ҳам белгиланган. Масалан, Оила кодексининг 13-моддасида диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. Хусусан, халқ орасида кенг кўламда ишлатиладиган Унаштириш (Фотиҳа), Никоҳ – бу диний маросим сифатида қабул қилиниши мумкин.  

Илгарилари Унаштиришдан олдин совчилар юборилган, қуда-андачилик ҳақида оғиз очилган. Бугун эса ота-оналарнинг ўзлари олдиндан келишиб олишмоқда, кейин совчилар юбориляпти. Айрим ҳолларда ҳатто совчиларга ҳам ҳожат қолмаётир...

Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси, Ўзбек тилининг изоҳли луғатида Унаштириш  ёки Фотиҳа диний маросим сифатида тилга олинмаганини ҳам эътиборга олиш зарур. 

Яна бир муҳим жиҳат, қонунчилигимизда қандай маросимлар диний маросимлар ҳисобланиши аниқ белгиланмаган. Тўғри, худди шундай ҳолатларни Россия Федерацияси, Белорусь, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва бошқа қўшни мамлакатлар қонунчилигида ҳам кўришимиз мумкин.

Лекин нима бўлганда ҳам бугунги реаллик ушбу масалага жиддий эътиборни талаб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан қаралганда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-3-моддасининг «никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросим амалга ошириш»га ёки Жиноят кодексининг 125-1 моддасининг учинчи хатбошисига мувофиқ, айнан маросимни амалга ошириш қайта такрорланганда қўлланиладиган жавобгарликни қандай амалга ошириш мумкинлиги аниқ белгиланмаганини айтиш жоиз. Чунки, юқорида айтиб ўтилганидек, қонунчиликда қандай маросимлар диний деб эътироф этилиши қайд этилмаган.

Бугунга келиб, Унаштириш тушунчаси ҳам аниқлаштирилса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки, никоҳгача бўлган барча маросимларни биргина Унаштириш тушунчаси билан аташ тушунмовчиликларга сабаб бўлади. 

Хулоса ўрнида эса мана шу моддаларда Унаштириш тушунчасини, шунингдек, диний расм-русум ҳисобланмайдиган бошқа удумларни ҳам эътиборга олсак кўплаб тушунмовчиликларнинг ҳам олдини олган бўлардик.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Оила кодексида 18 ёшга тўлмаган йигит-қизларни Унаштириш билан боғлиқ маросимлар ва ҳаракатлар, жумладан совчи юбориш, оғиз солиш, рўмол ўраш, узук тақди кабиларни амалга ошириш тақиқланиши лозим. 

Зотан, ёшларни асраш – келажакни яратиш демакдир. Бу борада ёшларни эрта никоҳдан асрашда никоҳгача бўлган жараён ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишимиз, Унаштириш жараёнида кузатилаётган ҳаракат ва маросимларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, вояга етмаган қизларга нисбатан мана шундай ҳаракат иштирокчиларига нисбатан жавобгарлик белгилаш муҳим аҳамият касб этади.