Тошкент Парламентлараро мулоқот майдонига айланди

Тошкент Парламентлараро мулоқот майдонига айланди

Марказий Осиё минтақасида биринчи марта Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясининг ўтиши шубҳасиз, бирлик ва биродарлик ришталарини тиклаган Марказий Осиё минтақаси, айниқса, Янги Ўзбекистон ислоҳотларига бўлган улкан ишончдан далолатдир.

Дунё аҳамиятига  эга  бўлган ва 2 мингга яқин парламент вакилларини жамлаган ассамблеянинг парламентлараро мулоқотни янада ривожлантириш, қонунчилик тажрибасини кенг ёйиш, минтақавий ва глобал масалаларни муҳокама қилишга айнан Тошкентни танлагани эса Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг эътирофи ҳамдир. 

Президентимиз ҳам ана шу ишончга алоҳида урғу бериб: «Бундай юксак ишонч ва эҳтиромни биз юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, парламентаризм ва вакиллик ҳокимиятини ривожлантириш борасида эришилаётган катта натижаларнинг эътирофи, деб қабул қиламиз» дедилар. 

Айни пайтда дунёнинг турли минтақаларида кечаётган беқарорлик, мураккаб геосиёсий жараёнлар, кескинлик ва иқтисодий инқирозлар шароитида фаол ташқи сиёсат орқали халқаро майдонда ўз миллий манфаатларини самарали илгари суриш ҳар қандай давлат учун муҳим аҳамиятга эга.

Бундай мураккаб шароитда Ўзбекистон етакчисининг тамомила янгича мазмун касб этаётган фаол ва прагматик ташқи сиёсати  туфайли мамлакатимиз жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига ва глобал ташаббуслар муаллифига ҳам айланди. Бу жараёнда эса Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг етакчи кучи саналган мамлакат парламенти вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Хусусан, депутатлар корпуси йирик халқаро парламент тузилмаларининг тўлақонли аъзоси сифатида муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқда.

Мазкур Ассамблеянинг асосий мавзуси «Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати» доирасида жаҳон давлатларининг парламентлари вакиллари иштирокида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бу борадаги тажрибалар билан ўртоқлашишдир.

Анжуман давомида Парламентлараро иттифоқ қўмиталари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, илм-фан ва технология, ёшлар масалаларига бағишланган турли анжуманлар ҳам ўтдики, бундан турли давлатлардан келган вакиллар қатори биз тегишли ҳам хулосалар чиқардик. Шу ўринда Парламентлараро Иттифоқ  дунё ҳамжамияти ва Ўзбекистон учун қандай аҳамият касб этаётганига  эътибор қаратсак, қуйидаги тенденциялар кўзга ташланади.

Таъкидлаш жоизки,  ушбу тузилма 1889 йилда таъсис этилган бўлиб, дунё парламентларининг етакчи халқаро органи сифатида 190 мамлакатни бирлаштирган ҳолда фаолият олиб боряпти. Минтақавий парламентлараро бирлашмаларнинг 13 таси ҳам Парламентлараро Иттифоқнинг аъзолари ҳисобланади. 1971 йилдан буён бош қароргоҳи Женевада жойлашган ташкилот дунё бўйлаб ҳамкорлик ва изчил мулоқотларни рағбатлантириб келади. 

Таъкидлаш жоизки, Парламентлараро Иттифоқ жаҳон  мамлакатларининг қонун чиқарувчи органлари учун глобал мулоқот майдони бўлиб, унинг доирасида муҳокама қилинган масалаларни жаҳон ҳамжамиятига изчил етказилади.

Шунингдек, парламентлар ўртасидаги алоқаларни қўллаб қувватлаш, тинчликни ва ўзаро  ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни мувофиқлаштириш мазкур Ташкилотнинг асосий вазифаларидан биридир. 

Учинчидан, мазкур ташкилот халқаро муносабатлар мезонининг самарадорлигини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшяпти. Жумладан,  шу кунгача юздан ортиқ халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг юзага келишига намуна бўлиб хизмат қилди. Ташкилотнинг БМТ билан яқин ҳамкорлиги ва унинг мақсад ҳамда вазифаларини қўллаб-қувватлаб келаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Зеро, Парламентлараро Иттифоқ БМТнинг Бош Ассамблеяси қошидаги кузатувчи-ташкилот мақомига эга.

Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоққа 1992 йили аъзо бўлган.  2017 йилнинг 13 октябридан бошлаб эса мазкур Ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклаган. Ўшандан бери Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Парламентлараро Иттифоқ билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. 

Кейинги йилларда Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва тавсиялари асосида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар миллий парламентаризм тизимининг мустаҳкам пойдеворини яратишга ҳам хизмат қилди. Айнан мана шу жараёнлар парламентлараро мулоқотларда энг муҳим бўлган жиҳат: аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, инсон ҳуқуқи ва манфаатлари  устуворлигини таъминлаш, гендер тенгликка эришиши, илм-фан ва технологиялар, парламентлар фаолиятида ёшларга эътибор кучайтиришдан иборатдир.

Биламизки, Парламентлараро Иттифоқ ўз фаолиятида гендер тенглик ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлайди ва ушбу масалага долзарб масала сифатида қарайди.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, ушбу тарихий ва нуфузли ташкилот Юбилей ассамбелисининг Тошкентда ўтказилиши аввалом  бор мамлакатимизда амалга оширилаётган  барча қирралардаги ислоҳотларга бўлган ишонч билан боғлиқ. Зеро, Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг ортга қайтмаслиги, фуқароларни рози қилиш сиёсатининг изчиллиги, халқаро ҳамжамиятнинг Янги Ўзбекистонга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, сўнгги йилларда дунёнинг турли минтақаларида қуролли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқтисодий инқирозлар, “савдо урушлари”, терроризм ва экстремизм таҳдидлари тобора кучайиб бормоқда. Бундай ўта мураккаб шароитда жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Парламентлараро иттифоқнинг Тошкент саммити эса шубҳасиз бу йўлдаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

Якунда шуни айтиш жоизки, тадбирда иштирокчилар учун Ўзбекистоннинг парламент соҳасидаги эришган ютуқлари ва вазифалари тўғрисида кенг маълумотлар берилиб, бу соҳадаги тажрибаларни амалиётга қўллаш имконияти ҳам яратилди.

Ассамблея доирасида парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, қонунчилик тажрибасини алмашиш, минтақавий ва глобал масалаларни муҳокама қилиш имконияти яратилгани билан бирга шу кунга қадар миллий парламентимиз амалга оширган ишларни намойиш қилиш ва айни пайтда янги билимларни ўрганиш учун ҳам ўзига хос майдон яратилдики, бу ўзбек парламенти вакиллари учун ҳам ниҳоятда фойдали бўлди.