“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг пухта эмаслиги давлат тилининг қадрсизланишига олиб келяпти

“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг пухта эмаслиги давлат тилининг қадрсизланишига олиб келяпти

Бунинг исботини катта-кичик дўконлардан тортиб, бинолар устида ёки йўл ёқаларидаги иншоотларга ўрнатилган рекламалардан ҳам кўриш мумкин. 

Ажабланарлиси, айрим тадбиркорлар тараққий топган мамлакатлар тилига эътибор қаратсак, биз ҳам ривожланиб кетамиз деб ўйлаяптилар чоғи. Ана шундай лоқайдлик ва тилмизга эътиборсизлик туфайли давлат тили “Реклама дунёсида” истеъмолдан деярли чиқиб бўлди. Бу эса халқимиз онгига давлат тилини менсимаслик руҳи сингиб қолишига олиб келмоқда.

“Заказ сомса”, “заказ қовурма лағмон” сингари шармандали иборалар эса “Тил ҳақида”ги қонун ижросига ҳали-ҳануз қоғозлардагина амал қилинаётганини кўрсатади, холос.

Яна бир гап: “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида реклама давлат тилида ёки реклама берувчининг ҳоҳишига кўра, бошқа тилларда тарқатилади, дейилгани ҳам давлат тилини истеъмолдан чиқариб, иккинчи даражали тилга айланишига сабаб бўлаётганини айтиш жоиз.

Туркия, Россия сингари мамлакатларда бўлганимда атайлаб рекламаларга эътибор қаратганман: Москва, Истанбул ва бошқа шаҳарлардаги рекламаларнинг деярли тўқсон тўққиз фоизи давлат тилида. Тан олиш керакки, бу ҳам маҳаллий халқнинг ўз тилига бўлган ҳурмати белгисидир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тил билан боғлиқ қонунларни қайта кўриб чиқиш ва талабларини кучайтириш вақти келди, деб ўйлайман.

Хусусан, амалдаги қонунларни бажармаган, уни бузаётган ёки шунга йўл қўйган шахслар ва юридик ташкилотлар учун ҳам жазо чоралари аниқ белгиланиши зарур. Бу чоралар жиноят процессуал кодексида кўрсатилишидан ташқари “Давлат тили” ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларда ҳам аниқ-тиниқ белгилаб қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди.