Ногиронлар ҳам ўз фарзандимиз...

Ногиронлар ҳам ўз фарзандимиз...

Беш дақиқа кўзингизни юмиб, қоронғулиқда ҳаракат қилиб кўринг... Тоқатингиз ўн дақиқага ҳам етмайди. Ёки ҳассага таяниб, ҳаракатланинг. Шу вақтда нари борса, 20-30 қадам босарсиз, аммо бир неча маротаба қоқилишингиз аниқ. 

Афсуски, айни нуқсонлар билан туғилган ҳамюртларингизга баъзан адолатсизлик қиласиз. Ҳатто орамизда уларни жеркувчилар ҳам топилади. Куни кеча бир воқеанинг гувоҳи бўлдим: автобусга чиқмоқчи бўлган бир ногирон анча қийналди. Уни кутиб тоқатсизланган ҳайдовчи эса эшитилар, эшитилмас “шу аҳволида уйда ўтирса-да” деди...

Жамоатнинг вақтини олганидан хижолат тортган ногирон эса қора терга ботганди. Бир у кишига, бир ҳайдовчига қараб, кўзи ожиз бир талабанинг айтганлари ёдимга тушди:

“Ҳамма автобуслар ҳам қаерга келганини овозли хабарда айтмайди. Кўп марта манзилимдан ўтиб ёки олдинроқ тушиб қолганман. Шундан буён чиқишим билан йўловчилардан тушишим керак бўлган бекатга яқинлашсак, хабар бериб қўйишларини илтимос қиламан. Яхшики, яхши инсонлар бор. Олдиндан айтишади ва манзилимда тушаман. Лекин ҳар доим ҳам бундай бўлавермайдида...”

 Чиндан ҳам жамоат транспортларида имконияти чекланганлар учун деярли шароит йўқ. Ундан ҳам ёмони, имконияти чекланганлар учун ажратилган жойларга ўтириб олган йўловчилар жой бермасликка ҳаракат қилишади. Ногиронлиги бўлган шахслар жамоат транспортлари, метрога тушиб кетиш ёки банкоматдан пул ечиб олишда ҳам кимларнингдир ёрдамига муҳтож бўлишади.

Маълумотларга кўра, аксарият ривожланган давлатларда кўзи ожиз инсонлар учун гапирувчи банкоматлар бор. Бу ҳақда банкирларимиз ўйлаб кўрсалар фойдадан ҳоли бўлмасди.

Қайд этилишича, баъзи жойларда ногиронлик аравачаси учун пандуслар ҳам ўрнатилмаган. Борлари ҳам талабларга жавоб бермайди. Афсуски, лифтларнинг эшиклари торлиги, рақамлари юқорида жойлашгани ҳам ногиронларга муаммо бўляпти. Кўзи ожиз талабалар учун кутубхоналарда брайл алифбосидаги китобларнинг камлигини гапирмаса ҳам бўлади.

2023 йилги статистикасига кўра, мамлакатимиз аҳолисининг 2,4 фоизи, яъни 782 минг нафари ногиронлиги бўлган шахслардир. Улардан 123 минг нафари 18 ёшгача бўлган, 461 минг нафари меҳнат 198 минг нафари эса пенсия ёшидагилардир. 

Дарвоқе, Давлатимиз раҳбарининг жорий йил ёзида имзолаган “Ногиронлиги бор бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-266-сонли қарори имконияти чекланганлар томонидан узоқ кутилган қарор бўлди, десак муболаға бўлмайди. Умид қиламизки, қарор ижроси масъулият билан таъминланади ва имконияти чекланганлар юқоридаги ноқулайликлардан қутуладилар.