Нега аксарият ёшлар сиёсий партиялар фаолиятидан, уларнинг мақсад ва вазифаларидан бехабарлар?

Нега аксарият ёшлар сиёсий партиялар фаолиятидан, уларнинг мақсад ва вазифаларидан бехабарлар?

Ниҳоят, сайлов натижалари эълон қилинди. Ва, кутилганидек тадбиркорлар манфаатини кўпроқ ҳимоя қилган ЎзЛеДеПга энг кўп 5 миллиондан кўп сайловчи овоз берибди. “Миллий тикланиш” эса парламентдаги иккинчи йирик партия мавқеини сақлаб қолибди. 

Шубҳасиз, бу натижалар сайловчиларнинг партиялар фаолиятига берган баҳосидир. Хўш, бу сайловга ёшларимиз қай даражада фаол бўлдилар? Биз ушбу мавзуни чуқурроқ ёритиш, муносабатларни таҳлил этиш мақсадида сиёсий жараёнларнинг якуний босқичида ёшлар ўртасида сўровнома ўтказгандик.

Афсуски, ўшанда респондентларнинг кўпчилиги сиёсий партиялар фаолиятидан, ҳатто  энг кўп муҳокама бўлаётган ғоя ва ташаббуслар ҳақида ҳам жуда кам маълумотга эга эканликларига гувоҳ бўлгандик. Улар орасида ўта бепарво “менга тегма, мен ҳам сенга тегмайман” деганлари ҳам учраганди. Ҳаттоки, бир йигит пойтахтга яқиндагина келганини айтиб, биздан  узр сўраганди. Хўш, вилоятда яшаш мамлакатда нечта партия борлигини билишга тўсқинлик қиладими?

Аксарият тенгдошларим эса партиялар фаолияти у ёқда турсин, ҳатто сайлов санасидан ҳам бехабар эканликларини айтишганди. Тўғри, бир ҳудуд ва ниҳоятда тор доирада ўтказилган ижтимоий сўров барча ёшларнинг сиёсий қарашлари ва билими ҳақида хулоса қилиш имконини бермайди. Аммо 300 нафар ёшнинг 50 фоизи  партиялар фаолиятидан деярли бехабар экани яхши натижа эмас.

Хўш, бунинг сабаблари нимада?
Балки партиялар ўзларини жамиятга яхши таништира олишмаётгандир?
Ёки ёшларнинг ўзи уларни билишга қизиқмаяптими? 

Шу ўринда, Янги Ўзбекистоннинг янги сайлов қонунчилиги, сайлов комиссиялари ва сайловларни ўтказиш амалиёти халққа, сайловчиларга янада яқинлашганини таъкидлаётган халқаро экспертларнинг фикри бизни хар қанча қувонтирмасин, партияларнинг асосан сайловлар арафасидагина тарғиботга зўр беришлари сиёсий партияларга ярашмайдиган ҳолатдир. Зеро, такомил – дунё давлатлари интилаётган энг тўғри йўл. 

Назаримда партиялар ҳам, депутатлар ҳам сайловолди тарғиботларидаги каби сайловдан кейин янада фаоллашишлари керак. Энг асосийси кейинги сайловларгача ана шундай фаолликни ушлаб туришлари шарт! Йўқса, шундоқ ҳам китоб ўқитиш, миллий қадриятларни англатиш, ижтимоий тармоқларга қарамликни камайтириш тобора мушкуллашиб бораётган бир вазиятда ёшларни партиялар фаолиятига қизиқтириш янада қийинлашиб қолади.