Халқимизга балиқ эмас, қармоқ беришимиз керак

Халқимизга балиқ эмас, қармоқ беришимиз керак


Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ишларини сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури тайёрланаётгани маълум қилинди. Унда еттита имконият ва масъулият тамойили асосида Ўзбекистоннинг навбатдаги ёндашувлари белгилаб берилиши айтилди. Таъкидланганидек, камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун камбағал оила аъзорларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш энг муҳим масала.

«Миллий тикланиш» демократик партияси ҳам ушбу йўналишда ўз қарашларига эга. Биргина партиянинг «Хизмат-беминнат» лойиҳаси асосида фанларни ўзлаштириши паст ва кам таъминланган оилалар фарзандларига қўшимча бепул таълим бериш, ёшлар ва хотин-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ижодий салоҳиятларини рўёбга чиқариш ва касбий кўникмаларини оширишга доир тизимли ишлар амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида сўнгги беш йилда таълим, касб-ҳунар, тадбиркорлик, касаначилик ва спорт йўналишларида жами 5 523 та ўқув курслари ташкил қилиниб, 11 518 нафардан ортиқ хотин-қизлар ҳамда 15 477 нафар ёшларга қўшимча таълим берилди, касб-ҳунарга ўргатилди. Лойиҳа доирасида таълим олган ёшларнинг 500 нафардан ортиғи олий ўқув юртларига қабул қилиндилар.

«Уйма-уй» лойиҳаси асосида эса уюшмаган, аниқ бир машғулотга эга бўлмаган, ишламайдиган ва чет элларга чиқиб кетган ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг хонадонларига бориб, уларнинг муаммолари ўрганилди. Лойиҳа доирасида ҳудудлар кесимида 120 363 та хонадондаги 13 092 нафар ёшлар қамраб олинди. 13 721 нафар ёшлар, 7 857 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди. 5936 нафар ёшлар ва хотин-қизларга кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди. 6 758 нафар ёшлар ва 10 146 нафар хотин-қизларга эса соғлиғини тиклаш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди.

Албатта, натижалар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Аммо партиядошларимиз қаерда ва қандай вазифада ишлашмасинлар доим таълим ва тарбия тараққиёт ва фаровонлик асоси эканини таъкидлаб келмоқдалар.

Эндиги вазифамиз эса камбағалликни қисқартириш янги иш жойлари яратиш, бу жараёнда эса билимли ёшлар сафини кенгайтириш  йўналишдаги вазифаларни янги босқичга олиб чиқишда фаол иштирок этишдир.