Агар бугунги қурултойимиз 120 йил олдин ўтганида бу шубҳасиз жадидларнинг қурултойи бўларди. Чунки бугун биз гапираётган, муҳокама қилаётган масалалар айнан жадидлар ғоялари, уларнинг интилишлари ва мақсадлари эди. Партиямиз учун тарбия ва таълим масаласи энг устувор вазифа экан, жадидчилик ҳаракати ҳам айнан маорифни, тарбия ва таълим тизимини ислоҳ қилишдан бошланган ва пировад мақсад истиқлолга эришиб, фаровон яшаш эди.
Бугун жадидлар илгари сурган, орзу қилган натижаларга эришдик. Мамлакатимиз мустақил бўлди, она тилимизга муаммоли жиҳатлари кўп бўлса ҳам давлат тили мақоми берилди. Жадидлар туркий бирлик ғоясини ҳам илгари сурган эдилар. Бугун муҳтарам Президентимизнинг ниҳоятда катта жонбозликлари билан минтақамизда ана шундай бирлик содир бўляпти.
Аммо жадидлар илгари сурган битта масалада биз ниҳоятда сустлик қиляпмиз. Жадидлар ўз мақсадларига эришиш орқали жамиятни зиёлилаштиришни ҳам ўйлаган эдилар. Чунки улар зиёлилар ҳар қандай миллатни юксакликка кўтарадиган, тараққиётга етаклайдиган энг асосий куч эканини яхши билишарди. Ўз мақсадларига эришишда ҳам айнан зиёлилар етакчи бўлишини хоҳлагандилар.
Бу масалада ўзлари намуна кўрсатиб, тўсиқ бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатларга, ҳатто халқнинг онгидаги бидъатларга қарши курашган эдилар. Одамларни жамият тартиб-қоидаларига амал қилишга, айниқса, тўйларни дабдабали ўтказмасликка, исрофгарчилик ва ортиқча даҳмазаларга йўл қўймасликка, рисоладагидек яшаш, турмушни маданийлаштиришга ва фарзандларга таълим-тарбия беришга чақиришган.
Афсуски, бугунгача ҳам миллатимиз ортиқча дабдабалардан тўла қутула олмаяпти ва бунда зиёлиларимиз ўрни умуман сезилмаяпти.назаримда, энг аввало қадриятлар ҳимоячиси бўлган “Миллий тикланиш” партияси аъзолари бўлган зиёлиларимиз бу борада етакчи ва ўрнак бўлишлари керак.
Нима учун бугун ёқилғи энергетика, сув тежамкорлиги ҳақида кўп гапиряпмиз. Чунки, дунёда ҳеч нарса чексиз эмас, ҳамма нарсанинг чек-чегараси, яъни якуни бор. Бу исрофлар эртага инсоният учун жуда катта фожиага айланиб келиши мумкин.
Тан олайлик, бугун ниҳоятда бемалолчиликка берилиб кетаяпмиз. Фаровонмиз, тўкинмиз деяпмизу лекин бу тўкинлик қаердадир тугаши, тўхташи мумкинлигини, исрофгарчиликка эртага барчамиз жавобгар бўлишимизни ҳис қилмаяпмиз. Ана шуларни ҳис қилганимиздагина жамиятимиз зиёлилаштиришга қадам қўйган бўлади.
Партиямиз бежиз “Қадриятларга таянган тараққиёт” ғоясини илгари сураётгани йўқ. Тўғри, қадриятларга таянамиз, лекин бир кун келиб қадриятларимиз бидъатларга, ёлғонга ҳам айланиб кетиши, сохталаштирилиши мумкин. Шу боис, тараққиётимиз қадриятлар билан бирга тарбия ва таълимга ҳам асосланган бўлиши лозим. Кўнгилга таскин берадигани эса бугун шу йўлдамиз.