Интернетда қизиқ маълумот ўқиб қолдим: ҳиндистонлик адвокат Раман Рай Ханда билан заргарлик буюмлари дизайнери Камини Чопра 1991 йилнинг 25 майида туғилган қизалоқларига Барби деб исм қўйишган экан. Шу каби ашаддий мухлислик «касали» сабаб кўплаб «фанатлар» яхши кўрган фильмлари қаҳрамонлари исмини фарзандига қўйишни одат қилишган...
«Миллий тикланиш» газетасининг 2-сонида берилган «Келажакка хиёнат бу! ёки болажонларимизнинг бир йилда фақат бир ой мультфильм кўриш имконига эга эканлигининг сабаби нимада?» сарлавҳали мақолани ўқиб, айрим мулоҳазаларимни қоғозга туширишга қарор қилдим.
Мен мактабда ишлайман. Табиийки, кунимиз болалар ва ўсмирлар орасида ўтади. Кузатсангиз, ҳар ҳар боланинг феъли ҳар хил, ҳар бирининг ўз мақсади, ўз орзулари бор. Аммо, афсуски, мактабни битириш арафасида тайинли мақсади бўлмаганлари ҳам бор. Бошқа томондан бундай ўқувчиларни мақсадсиз ҳам, деб бўлмайди. Қайси биридир блогер бўлишни кўзлаган, бошқаси «Tik Tok», «Youtube», «Instagram» «юлдузи»га айланмоқчи. Ижтимоий тармоқда машҳур бўлиш касб эмаслигини қанча тушунтирманг, уларга кор қилмайди. Куни кеча бошланғич синф қизларининг ўзаро гурунгларини эшитиб қолдим:
– Барбини киносини кўрдингми?
– Йўқ, мен фақат «Маша ва маймоқ»ни кўраман?
– Шундай «Youtube»га кириб «Барби кино», деб ёзсанг чиқади. Бир кўргин-да..
– Э, ойим телефонларини бермайдилар-да.
– Ҳа, бўпти, бизникига чиқсанг бирга кўрамиз...
Тўғрисини айтсам, педагог ҳар бир янгиликдан хабардор бўлсин, деган талаб доирасида «Барби» киносини кўргандим. Ҳа-я, неварам билан бирга кўрдиму, балога қолдим. Аввалроқ ҳамма нарсасини Барбининг кийимлари рангига қараб ўзгартирадиган қизимни ўзимизнинг қўғирчоқларга ўргатгандим. Аммо ижтимоий тармоқлар, ўйинчоқ дўконларию, Голливуд саноатини «ишғол» этган бу малласоч қўғирчоқ ҳақидаги картинадан кейин набирамнинг феъли айниди, қолди. Менга ҳам Барбиникига ўхшаган сумка, туфли, соябон...дея хархаша қила бошлади. Бола-да, кўрган нарсасига ҳаваси келади. «Маша ва маймоқ» мультфильмидаги қизалоққа тақлид қилишни эндигина унута бошлаганди-я.
Дарвоқе, шу ўринда кичкинтойларимизнинг фикру хаёлини «забт» этаётган «Маша ва маймоқ» мультфильмининг асл мазмуни ҳақидаги маълумотни ўқиб, ҳайратга тушдим. Ёзилишича, тиниб-тинчимас, жуда қувноқ ва баҳайбат айиққа сўзини ўтказа оладиган бу қизча арвоҳ, аниқроғи, ўша айиқ еб қўйган қизалоқнинг арвоҳи экан. Ёпирай, мультсериални томоша қилганимда шундайлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Шунинг учун ҳам ҳеч ўсмас экан-да бу қизча...
Очиғи, «Барби» қўғирчоғининг реал ҳаётидан ҳикоя қилувчи фильм ҳам бир қарашда кишида юқори кайфият уйғотиб, завқли томоша улашади. Аммо... менталитет ҳақида гапирсам тағин замондан орқада қолганга йўйманг. Ахир момоларимиздан қиз боланинг ҳаёси унинг соясида ҳам акс этиб туриши кераклиги ҳақидаги ўгитларни эшитиб катта бўлганмиз-ку. Балки шу боисдан ҳозирги қиз боланинг очиқ-сочиқ, замонавий кийимлари бироз эриш туюлар бизга... Балки биз ҳам замонга андаккина мослашишимиз керакдир. Лекин ўзбек қизлари қанча замонавийлашмасин бизнинг менталитет буни «ҳазм» қилиши қийин. Тўғри, бир неча бор набирамнинг хоҳишига қараб Барби қўғирчоғини олиб бердим. Аммо қўғирчоқ бир ўйинчоқ бўлгани учун ҳам устидаги либоси калта ёки очиқлиги у қадар кўзга ташланмайди. Фильмдаги Барби ва у яшаётган шаҳарчадаги барча қиз-йигитларнинг ҳам, Барбининг ҳам кийимлари ўзига ярашган, лекин жуда калта. Хаёлимда «Барби» фильми ижодкорлари ўзларининг ғарбона маданиятини тарғиб қилгандек туюлди.
Мавзудан четлашиб кетдим. Юқорида айтганимдек, Маҳбуба Каримованинг мультфильмлар ҳақидаги мақоласи анчадан буён ичимда йиғилиб ётган «дардим»ни қўзғади. Ростдан ҳам миллий мультфильмларимиз жуда кам. Таржима мультфильмларни эса бироз аввал айтганимдек, менталитетга тўғри келмайдиган жиҳатлари кўп. Мактабгача таълим ёшида бўлган болага эртак ўқиб бериб, узоқ вақт овунтириш қийин. Битта эртак тугади дегунча қўлига пультни олиб мультфильм қўйиб беришни сўрайди. Айниқса, гиперфаол бўлган бола диққатини бошқа томонга буриш машаққат. Шундай вазиятларда ўзимизни мультфильмларни такроран кўришдан безор бўлган набирамга иложсиз хориж мультфильмларини қўйиб бераман.
Эътибор беринг: болаларимизни ватанпарвар қилиб тарбиялайлик деяпмизу, уларга асосан ажнабий мультфильмларни кўрсатишга мажбур бўляпмиз. Ахир болани юраги ёки тафаккурига мажбуран ватанни севиш туйғусини жойлаб қўя олмаймиз-ку. Бу туйғу вирусга ўхшаб юқумли ҳам эмас, афсуски. У табиий равишда тарбия билан шаклланишини айтмасам ҳам ўзингиз яхши биласиз.
Гапнинг қисқаси, бу борада ҳам яхшигина ислоҳот олиб боришга эҳтиёжи бор. Мана, эртага шанба, боғчага боришмайди. Яна ўша муаммо – набираларим кўрмаган қайси ўзбек мультфильмини қўйиб берсам экан...