Бугун Янги Ўзбекистон ислоҳотлари баҳслашадиган эмас, бирлашадиган нуқтасига келди. Биз фақат ва фақат миллий қадриятларга таянибгина тараққиётга эришиш мумкинлигини ҳар қадамда сезиб турибмиз. Зеро, жамият миллий тикланиш даврининг машаққатли довонларидан ўтиб, тараққиёт даврига қадам қўйди.
1995 йил, 3 июнь.
Шубҳасиз, ушбу сана мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири сифатида тарих саҳифларидан жой олган. Айнан шу куни миллий мустақиллик ғояларини муросасиз ҳимоя қилиш, миллий руҳ ва дунёқарашга эга бўлган авлодни ватанпарварлик ғоялари билан тарбиялаш, энг асосийси, миллий бирликни ўз мақсади деб билган фуқароларнинг қараш ва манфаатларини бирлаштирган партия – “Миллий тикланиш” сиёсий саҳнага кириб келганди.
Ўша пайтдаёқ янги партиянинг номи ва ғоялари миллий мустақиллик ғоялари билан чамбарчас боғлиқ экани, “Миллий тикланиш” миллий анъаналар ва қадриятларимизни асраган ҳолда замонавийлик касб этиши, янги авлодни – комил инсонни тарбиялашдек эзгу мақсадларни олдига қўяётгани таъкидланган эди.
Тан олайлик: гарчи 1991 йили истиқлолга эришган бўлсакда, дастлабки йиллардаги реал ҳолат “Миллий тикланиш” ғояларини нафақат кўтариш, улар ҳақида гапиришнинг ўзи қаҳрамонлик эканини кўрсатар, чунки, эндигина тўрт ёшга тўлган Ўзбекистонга нисбатан ташқи таҳдидлар кучайиб, гуруҳбозлик ва радикализм авж олган пайтлар эди.
Энг ёмони ўзликни англаш, минг йиллик қадриятларни тиклаш, аждодларимиз меросини сақлаш каби вазифалар кун тартибига бош масала сифатида чиққан эди. Булар ўша давр учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб, “Миллий тикланиш” ана шундай нозик бир даврда сиёсий майдонга чиқиб, ўз электорати манфаатларини ҳимоя қила бошлади.
Партиянинг 30 йиллик тарихи ҳақида гап кетганида, шубҳасиз, ана шу воқеалар эсга тушади. Бугунга келибгина Янги Ўзбекистон ислоҳотлари сиёсий партиялар учун катта йўл очди. Энг асосийси, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги, сўз ва эътиқод эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлиги каби масалаларда фундаментал ўзгаришларнинг тамал тоши қўйилди. Кеча ва бугунни қиёслар эканмиз, Ўзбекистоннинг генетик ривожланишида бунёдкорлик устувор нуқтадан жой олганига ишонч ҳосил қиламиз. Буюк Темур даври ёки Сизу, биз яшаётган бугунги кунми, шубҳасиз, тизимли ислоҳотлар, халқ манфаати йўлидаги уринишлар даври сифатида тарихга кирмоқда.
Гарчи Янги Ўзбекистон ижтимоий, иқтисодий ва ҳатто сиёсий муаммоларга бой бўлган бутун бошли оғриқли бир даврни мерос сифатида қабул қилиб олган бўлса-да, қисқа бир даврда одамлар розилиги бирламчи масалага айланди. Миллионлаб уйсизлар, қоровчисиз қолганлар, айниқса, ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламга давлат таянч бўлди ва бу жараён ҳануз давом этмоқда.
Ўз фаолиятининг биринчи кунлариданоқ “зиёлилар партияси” дея ном олган “Миллий тикланиш” учун ҳам Янги Ўзбекистон ислоҳотлари чин маънода имкониятлар даврига айланди.
XXI асрга келиб, глобаллашаётган дунёда ўзаро ишонч камайиб, қарама-қаршиликлар кучаяётир. Ўзаро низолар тўқнашувларга айланиб, шафқатсиз рақобатни юзага келтирмоқдаки, бу ўз-ўзидан тинчлик ва тотувликка чақирадиган аждодлар ўгити, инсонпарвар ғояларга тўйинган миллий қадриятларнинг аҳамиятини оширяпти.
Халқаро ҳамжамият ҳам ушбу мураккаб ва ўзаро боғлиқликдаги муаммоларни фақатгина инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлаш ҳамда ушбу мақсадда дунё давлатлари, парламентлари, бизнес ҳамжамияти, фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро самарали ҳамкорлигига таянган ҳолдагина ҳал этиш мумкинлигини эътироф этмоқдалар. Бундай талаблар эса, энг аввало, хавфсизлигимизни асраш, айниқса, миллий қадриятларимизни қаттиқ ҳимоя қилишни тақозо этади.
Шундан келиб чиқиб, партиямиз 2023 йилда конституциявий ислоҳотлар ташаббускорларидан бири бўлди ва кўп ўтмай халқ хоҳиши билан ҳақиқий маънодаги Халқ Конституцияси қабул қилинди.
Шундан келиб чиқиб, партиямиз 2023 йилда конституциявий ислоҳотлар ташаббускорларидан бири бўлди ва кўп ўтмай халқ хоҳиши билан ҳақиқий маънодаги Халқ Конституцияси қабул қилинди.
Унда эса дастурий мақсад ва вазифаларимизгача акс этиши учун бор имкониятлардан фойдаландик. Ва, бунга маълум бир маънода эришдик ҳам. Пировардида миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигимиз, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниш, давлат мажбуриятларида нафақат маданий ёдгорликлар, балки тарихий, маънавий, маданий, илмий меросимизни қонун билан муҳофаза қилинишигача эришдик.
Бош Қомусимизда тарбия ва таълим ўчоғи бўлган оилани барпо этишда Ўзбекистон халқининг анъанавий қадриятларига, никоҳ тузувчиларнинг розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.
Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш мақсадида эса давлат ва жамият ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, ўз мамлакати ҳамда халқининг бой маданий маънавий меросидан фахрланиш, Ватанга меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишига оид нормаларгача ўз ифодасини топди.
Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш мақсадида эса давлат ва жамият ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, ўз мамлакати ҳамда халқининг бой маданий маънавий меросидан фахрланиш, Ватанга меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишига оид нормаларгача ўз ифодасини топди.
“Миллий тикланиш” бундай ташаббусларни энди илгари сураётгани йўқ. Ўтган 30 йил давомида партияга таниқли олим, академик Азиз Қаюмов, Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос Иброҳим Ғофуров, таниқли ҳуқуқшунос, профессор Ахтам Турсунов, филология фанлари доктори, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад ва социология фанлари доктори Сарвар Отамуродов каби инсонлар раҳбарлик қилганининг ўзиёқ бундай ташаббуслар илдизи партиянинг дастлабки йилларига тўғри келишини кўрсатади. Ўшандаёқ партия илгари сурган ғоя ва мақсадлар атрофида минг-минглаб зиёлилар бирлашган эди.
Бугун ҳам ана шу жараён изчил давом этмоқда. 2025 йил бошига “Миллий тикланиш”нинг 770 мингдан зиёд аъзоси бўлиб, Янги Ўзбекистон ислоҳотлари даврида партия ғояларига бўлган қизиқиш кескин кучайганини айтиш жоиз. 2024 йилги сайловлар якуни бўйича эса маҳаллий кенгашларга 1800 нафар (1100 нафарга яқин) вакилимиз сайлангани ҳам ғоя ва ташаббусларимизни қўлловчилар доираси кенгаяётганини кўрсатади.
Бугун ҳам ана шу жараён изчил давом этмоқда. 2025 йил бошига “Миллий тикланиш”нинг 770 мингдан зиёд аъзоси бўлиб, Янги Ўзбекистон ислоҳотлари даврида партия ғояларига бўлган қизиқиш кескин кучайганини айтиш жоиз. 2024 йилги сайловлар якуни бўйича эса маҳаллий кенгашларга 1800 нафар (1100 нафарга яқин) вакилимиз сайлангани ҳам ғоя ва ташаббусларимизни қўлловчилар доираси кенгаяётганини кўрсатади.
Бунинг асосий сабабларидан бири сайловолди дастуримизда берилган ваъдаларнинг бажарилгани билан боғлиқ. Маълумки, партиямиз 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида 300 та банддан иборат кенг кўламли вазифаларни бажаришни ўз зиммасига олган эди. Кўп ўтмай уларнинг 294 таси, яъни 98 фоизининг ижроси таъминланди.
Ўтган йиллар давомида партия сиёсати ҳам қатъийлашди, ислоҳотларга нисбатан қарашларимиз, эртанги кунга бўлган муносабатларимиз ўзгарди, сайловчи талабидан келиб чиқиб, депутатлар зиммасидаги вазифалар кучайди, парламентда ҳам, маҳаллий кенгашларда ҳам депутат том маънода халқ вакили бўлиши шарт, деган ҳаққоний талаб фаолиятимиз асосига айланмоқда.
Зеро, бугун партия фракциясининг асосий минбари бўлган парламент сўз ва эркин қарашлар асосида ҳар қандай масалага ҳуқуқий ечим берадиган миллий майдонга айланяпти. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, бугун ана шу вакиллик органининг аъзоси бўлган “Депутат – бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсонга, кучли парламент ва халқ вакиллик органлари эса Янги Ўзбекистоннинг таянчи”га айланиб боряпти. Бундай янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида “Миллий тикланиш”нинг ҳам парламент қуйи палатасидаги 29 нафар депутати фаол иш олиб боряпти.
Бир пайтлар ҳатто ўз биносига эга бўлмаган партиямиз Янги Ўзбекистон парламентида “Инсон ўзгарса жамият ўзгаради” шиори остида мустаҳкам позицияси ва қарашларини ҳимоя қила оладиган иккинчи йирик кучга айланди. Партиянинг илк даврларида эса “Миллий тикланиш” ғоясини сиёсийлаштира оладиган даражада тажрибаси ҳам йўқ эди. Бугун эса ҳар бир партия аъзоси жамият ривожига тўсиқ бўлаётган долзарб муаммолардан тортиб, халқаро масалаларни ҳам дадил кўтариб чиқмоқда.
Зеро, бугун, Янги Ўзбекистон ислоҳотлари баҳслашадиган эмас, бирлашадиган нуқтага келгани, қадриятларга таянибгина, миллий тараққиётга эришиш мумкинлигини ҳар қадамда ҳис этяпмиз. Амалдаги қонунчиликни таҳлил қилиш, янги қонунлар қабул қилишда ҳам “Миллий тикланиш”нинг ўзига хос ўрни борлиги бежиз эътироф этилмаяпти.
Айни дамларда асосий эътиборимиз тарбия ва таълим тизимини такомиллаштириб, кучли авлоднинг шаклланишига хизмат қиладиган тизим яратишга қаратиляпти. Шунингдек, баркамол авлодни тарбиялаш учун, энг аввало, зиёли педагогларни, ўқимишли ота-оналарни тарбиялаш керак, деган ғояни ҳам кун тартибига қўя олдик.
Бир сўз билан айтганда, бугун “Миллий тикланиш” мамлакат сиёсий маконидаги иккинчи йирик партия сифатида “Қадриятларга таянган тараққиёт” ғоясига таяниб, мавжуд муаммоларни борича кўрсата оладиган партияга айланди. Ишонаманки, бундан кейин ҳам минг-минглаб аъзоларимиз эзгу ғоя ҳамда улуғ мақсадлар сари шижоат ва қатъият билан ҳаракат қиладилар!