25 йиллик уйқудан уйғонишимиз қийин бўлаяпти

25 йиллик уйқудан уйғонишимиз қийин бўлаяпти

Таъкидлаш лозим, партиямизнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг 98 фоизи бажарилгани жуда катта кўрсаткич, албатта. Лекин бажарилмаган икки фоизи бу тил, алифбо ва реклама билан боғлиқ деб ўйлайман.

Давлат тили ҳақидаги қонунимизнинг камчиликлари ҳақида жуда кўп гапирамиз. Лекин унинг ижросини таъминлашда ўзимиз ношудлик, нўноқлик қилаётганимизни кўринча очиқ тан олгимиз келмайди.

Эртага алифбомизни ҳам тўғирлаймиз. Лекин унга ҳам тўлиқ риоя қила оламизми, йўқми деган масала турибди. Биламизки, асосий реклама берувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, савдо дўконларида ўтирганлар – барчаси ўзимизнинг қоракўзлар. Уларга тил, алифбо, реклама билан боғлиқ қонун-қоидаларга амал қил деб бошида туришимиз шарт эмас.

Аслида улар бу ишни ўзлари, қалб амри билан бажаришлари керак. Лекин 125 йиллик қарамлик изтироби, уйқудан ҳамон уйғонмаганимиз, ғафлатда ётганмиз, устига-устак, кейинги 25 йилликдаги воқеалар бунга ҳалақит беряпти. Албатта, саккиз йил давомида бу ишларнинг барчасини бажариш қийинлигини тушуниб турибмиз. Аммо вақт ўтяпти. Яна кутадиган бўлсак, миллатимизни тиклаш жараёнлари чўзилиб кетиши мумкин.

Шу маънода, ҳар биримиз ўз маҳалламиз ва иш жойимизда Давлат тили, лотин алифбоси, реклама билан боғлиқ қонунларга риоя қилсак, бу борадаги ишларимиз тезроқ олдинга силжийди. Чунки бугун ҳаммага ҳам насиб қилмайдиган катта ўзгаришлар даврида яшаяпмиз. Шунга шукрона келтириб, Янги Ўзбекистон ислоҳотларида фаол қатнашмоғимиз лозим.