Женевада бозор ислоҳотлари бўйича эришилган ютуқларимиз тақдим этилди
Женевада Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича ташкил этилган Ишчи гуруҳнинг 10-йиғилиши доирасида “Ўзбекистонда бозор тамойилларига асосланган иқтисодий ислоҳотлари” мавзусидаги панел сессияси бўлиб ўтди. Тадбир ЖСТ, Жаҳон банки ва ХВФ кўмагида ташкил этилди.
Сессиянинг асосий мақсади – Ўзбекистонда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг устувор йўналишларини тақдим этиш, ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида юзага келадиган муаммолар ва имкониятларни муҳокама қилиш, шунингдек, инвестиция муҳити ва макроиқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш борасидаги натижаларни таҳлил қилишдан иборат.
Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов Ўзбекистонда 2017-2024 йилларда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижалари ҳақида маъруза қилди.
Халқаро экспертлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга содиқлигини юқори баҳолаб, мазкур ислоҳотларнинг сўнгги йилларда мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига қўшган сезиларли таъсирини алоҳида қайд этди.
Эксперт ўз нутқи давомида 2017-2024 йилларда Ўзбекистон макроиқтисодий барқарорлик соҳасида сезиларли натижаларга эришганини алоҳида таъкидлади. Аҳоли жон бошига ЯИМ 1781 доллардан 3092 долларгача ошди, ишсизлик даражаси 9,3 фоиздан 5,8 фоизгача камайди, аҳолининг реал ялпи даромади 83 фоизга ошди. Шу билан бирга, инфляция, ташқи хатарларга қарамай, 9,8 фоиз даражасида сақланиб қолмоқда, бу Марказий Осиё ўртача кўрсаткичидан (16,7 фоиз) пастдир.
О.Ҳакимовнинг таъкидлашича, асосий капиталга тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 2,8 баробар ошиб, 39 миллиард долларга етган. Бу маблағлар инфратузилма, энергетика, саноат ва логистика тармоқларини модернизация қилишга йўналтирилди. Яширин иқтисодиётга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилди – рақамли назорат-касса машиналари, электрон ҳисоб-фактуралар ва таваккалчиликка асосланган солиқ мониторингини жорий этиш унинг улушини 45,1 фоиздан 34,8 фоизга камайтириш имконини берди.
Эксперт хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ролини кучайтириш доирасида Ўзбекистон 2030 йилга бориб хусусийлаштириш, давлат-хусусий шериклик муносабатларини ривожлантириш, бозор рақобатини яхшилаш ва инвестиция жозибадорлигини ошириш орқали ялпи ички маҳсулотдаги улушини 85 фоизга етказишни режалаштираётганини таъкидлади.
Маъруза давомида иқтисодиётнинг тармоқ тузилмасидаги юз берган туб ўзгаришларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, саноат ишлаб чиқаришининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 14 фоиздан 20 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 28 миллиард доллардан 62 миллиард долларга, яъни 2 баробардан кўпроқ ошди. Бундай натижалар ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган сиёсат ва саноат лойиҳаларига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш натижасида эришилгани таъкидланди.
Эксперт Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда эришган ютуқларини алоҳида таъкидлади. «Harvard Growth Lab» томонидан тузилган иқтисодий мураккаблик рейтингида мамлакат 5 йил ичида 28 поғонага кўтарилиб, 145 давлат орасида 70-ўринни эгаллади.
Марказ раҳбари ушбу индекс экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг хилма-хиллиги ва технологик ривожланишини ўлчашини тушунтирди. Ўзбекистоннинг ушбу индексдаги ўрни ортиб бораётгани иқтисодиётни диверсификация қилиш, норесурс экспортини кўпайтириш ва янги маҳсулот турларини ўзлаштиришдаги муваффақиятлардан далолат беради. Бу узоқ муддатли иқтисодий ўсиш салоҳияти билан бевосита боғлиқ бўлиб, иқтисодиётнинг таркибий модернизацияси, саноат ишлаб чиқаришининг ривожланиши ва мамлакатнинг хомашё қарамлигидан чиқиш имкониятидан далолат беради.
Шундай қилиб, Ўзбекистон экспортнинг барқарор ўсиш суръатларини йилига ўртача 13,4 фоизга кўрсатмоқда, хомашё ресурсларидан ташқари тайёр маҳсулотлар экспорти эса бундан ҳам тезроқ – йилига 17 фоизга ўсди. Бу кўрсаткичлар жаҳон миқиёсидаги ўртача даражадан юқори. Натижада сўнгги 15 йилда мамлакатимиз жами 2,1 миллиард долларлик 68 та янги турдаги экспорт маҳсулотларини бозорга чиқарди, шундан 8 фоизи умумий экспортда салмоқли ўрин тутади. Бу Ўзбекистон иқтисодиётида босқичма-босқич диверсификация жараёни амалга ошиб бораётганидан далолат беради.
Жаҳон бозорида рақобатбардошлигини кўрсатувчи муҳим жиҳат шундаки, Ўзбекистон томонидан экспорт қилинаётган 162 турдаги маҳсулот нисбий устунликка эга.
Ишлаб чиқариш диверсификацияси даражаси бўйича мамлакат 145 давлат орасида 46-ўринни эгаллаб, минтақадаги кўплаб давлатлардан илгарилаб кетган. Бу эса мамлакатда технологик жиҳатдан ривожланган, турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти мавжудлигини англатади.
Шунингдек, Гарвард лабораториясининг прогнозларига кўра, Ўзбекистон 2033 йилгача дунёдаги иккинчи энг тез ривожланаётган иқтисодиёт бўлиб, ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиши 5,75 фоизни ташкил этади. Бу эса олиб борилаётган ислоҳотлар, саноат сиёсати ва экспортни қўллаб-қувватлаш чоралари барқарор иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам замин яратиб бораётганини тасдиқлайди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг қатор халқаро индексларда эришган натижалари алоҳида қайд этилди. Хусусан, «Heritage Foundation» томонидан тузилган «Иқтисодий эркинлик индекси»да мамлакат 14 поғона юқори кўтарилди (100-ўринни), «e-Government Development Index»да (БМТ) Ўзбекистон рақамли давлат бошқаруви жуда юқори даражада ривожланган давлатлар гуруҳига киритилди. «WIPO» томонидан тузилган «Глобал инновацион индекс»да эса мамлакат Жанубий ва Марказий Осиё минтақасида 4-ўринни эгаллади.
Эксперт таъкидлаганидек, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган кенг қамровли сиёсат амалга оширилмоқда. Миллий валюта тўлиқ конвертация қилиниши таъминланди, икки ёқлама курс бекор қилинди, импорт божлари ўртача ставкалари 15,3 фоиздан 8 фоизгача пасайтирилди. Шунингдек, 59 та озиқ-овқат маҳсулотлари тоифаси бўйича божхона божлари ноль даражасига туширилди. Бу эса инфляция даражасининг пасайиши ва ички истеъмолнинг ўсишига кўплаб ижобий таъсир кўрсатди. Натижада, мамлакатнинг экспорт ҳажми 2,2 баробарга ошди.
Шу билан бирга, 2021 йилдан Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан савдо муносабатларида GSP+ имтиёзли режимидан фойдаланиб келмоқда.
Инвестицион фаолиятга келсак, асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 14 миллиард доллардан 39 миллиард долларгача, яъни 2,7 баробарга ошгани, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эса деярли 5 баробарга кўпайгани (2,4 миллиард доллардан 11,9 миллиард долларгача) таъкидланди.
Тақдимот доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар алоҳида таъкидлаб ўтилди. Жумладан, 2019 йилда қабул қилинган ва 2024 йилда қайта кўриб чиқилган “Инвестициялар тўғрисида”ги қонунга масъулиятли бизнес тамойиллари, миллий режим, ерга фойдаланиш ҳуқуқини 49 йилгача соддалаштирилган тартибда бериш ҳамда имтиёзли иштирок этиш чегараси (10 фоиздан бошлаб) каби муҳим меъёрлар киритилди. Шу билан бирга, инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 50 дан ортиқ инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимлар ва 54 та икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги келишувлар имзоланди.
Шунингдек, Президент ҳузурида Инвестициялар бўйича экспертлар кенгаши ташкил этилди, йирик инвесторлар учун инвестиция визалари ва яшаш гувоҳномалари жорий этилди. Махсус иқтисодий зоналар сони 3 тадан 22 тагача оширилди, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳалари сони 366 тага, уларнинг умумий қиймати эса 140 миллиард АҚШ долларига етди.
Бундан таршқари, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, 2017-2024 йилларда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 38 фоизга ўсди, ўрнатилган қувват эса 79 фоизга кўпайиб, 24,4 ГВтга етди. 2024 йилга қадар умумий қуввати 4,1 ГВт бўлган 14 та қуёш ва 3 та шамол электростанцияси барпо этилди. 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича умумий қувват 18 ГВтга етказилиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон минтақада биринчи бўлиб “яшил сертификатлар” ва углерод квоталари савдосини йўлга қўйди. 2017–2024 йилларда зарарли моддалар чиқиндиси 11 фоизга камайди, 2030 йилга қадар 2010 йилги даражадан 30 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.
Эксперт Ўзбекистон ўз олдига қўйган улкан мақсадларни — ялпи ички маҳсулотни 200 миллиард долларгача, умумий экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларгача ва ҳар бир киши ҳисобига тўғри келадиган ЯИМни 5 минг долларгача етказишни таъкидлади. Бу мамлакатни ўртадан юқори даромадли давлатлар қаторига олиб чиқади ва инвесторлар ишончини мустаҳкамлайди.
Айниқса, экспортда қўшилган қиймат улушини 50 фоизгача ошириш, импортга боғлиқликни 50 фоизга камайтириш, ДХШ лойиҳаларини ривожлантириш ва инфратузилма, энергия самарадорлиги ҳамда ижтимоий соҳаларга 30 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, инфляция ва ишсизлик даражасини 5-6 фоиз атрофида ушлаб туриш асосий мақсад қилиб белгиланган.
Дарҳақиқат, сўнгги 8 йилда амалга оширилган туб иқтисодий ислоҳотлар барқарор ўсиш ва жаҳон иқтисодиётига интеграция учун мустаҳкам замин яратди. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш эса мамлакатнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, ўрнатилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда.
Шунингдек, халқаро ҳамкорларнинг ишончи ортиши, инвестициялар ўсиши ва иқтисодиётдаги диверсификациянинг чуқурлашуви Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги янги ўсиш марказига айланишига туртки бераётир.