7 ОЙДА 4 МИЛЛИОН. Бу кўпми ёки кам?

7 ОЙДА 4 МИЛЛИОН. Бу кўпми ёки кам?


Ўзбекистоннинг мўътадил иқлими, маданий мероси, халқимизнинг бетакрор меҳмондўстлиги азалдан жаҳон сайёҳларини ўзига жалб этиб келган. Охирги йилларда мамлакатнинг туризм соҳасидаги тажрибаси янада кенгайиб, хорижлик меҳмонлар сони сезиларли даражада ортиб бормоқда. Ҳукумат томонидан ташқи ва ички туризмни изчил ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ва яратилаётган имкониятлар ўзининг залворли натижаларини бермоқда.

Маълумотларга кўра, 2024 йилнинг январь-июль ойларида жами 4 миллион 242,9 минг нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга келган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан сайёҳлар оқими 15,3 фоизга ошганлигини кўрсатади. Режа бўйича йил охирига қадар сайёҳлар сонини 10,5 миллион, ички сайёҳларни эса 22 миллион нафарга етказиш кўзда тутилган. Шу йилнинг ўзида «Ўзбекистон бўйлаб сайёҳат қил!» дастури бўйича ички туристлар сони 13 миллиондан ошди.

Албатта, хорижий ва маҳаллий сайёҳларга яратилаётган шароитлар учун давлат хазинасидан салмоқли даражадаги маблағлар ажратилади. Шу билан бирга, туристик хизматдан келаётган маблағлар салмоғи ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, 2023 йилда туризм хизматлари экспорти учун давлат хазинасига 2 миллиард 143 миллион АҚШ доллари келиб тушган бўлса, 2024 йилнинг айни даврига қадар 1 миллиард 456 миллион маблағ келиб тушган.

Туризмнинг ички ва ташқи, гас­трономик, зиёрат, экологик, этник, тарихий, ёшлар ва MICE-туризм каби турларининг параллел равишда ривожланиши ҳам туристлар сонининг ошиб боришига хизмат қилмоқда. Бу эса давлатимиз раҳбари томонидан туризмни ривожлантиришга қаратилган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мевасидир.

Хўш, бу нималарда кўринади?

Мисол учун, Хоразм вилоятида хорижий сайёҳларни 1,5 кундан 4 кунга қадар қолиш муддатини узайтириш бўйича турмаршрут(турпакет)лар ишлаб чиқилди. Уларга музей, театр, маданият масканлари, спорт мажмуалари, концерт ва томошалар, жумладан, Урганч шаҳридаги «Авесто»­ боғи, «Огаҳий» театри киритилиб, туристик ташкилотларга тақдим этилди.

Ушбу тажриба асосида Бухоро вилоятида 13 кунлик, Қорақалпоғистон Республикасида 7 кунлик, Самарқанд ва Наманган вилоятларида 6 кунлик, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 5 кунлик, Андижон, Фарғона ва Навоий вилоятларида 4 кунлик турис­тик пакетлар яратилди. Музей, театр, маданият масканлари махсус дастурларга киритилиб, уларнинг ишлаш вақти кечки 22.00 гача узайтирилди.

Шунингдек, ички ва ташқи туризмни ривожлантиришнинг асосий йўналиши бу оммавий тадбирлар ҳисобланади. Хусусан, календар режа асосида мунтазам ўтказиб келинаётган турли тадбирлар сайёҳлар сонининг кескин ошишига сабаб бўлмоқда.

Республикамизнинг бир қатор ҳудудларида, жумладан, Бухоро вилоятида «Зардўзлик ва заргарлик», «Ипак ва зираворлар», Хива шаҳрида «Лазги», «Қовун сайли», Наманганда «Гуллар фестивали», Сурхондарёда «Бойсун баҳори», Тошкент вилоятида «Узум сайли», Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» каби доимий тарзда ўтказиб келинаётган фестиваллар сайёҳлар севган тадбирлар сирасига киради.

Худди шундай йирик кўнгилочар масканлар қаторида 2023 йилда Жиззах вилоятида «Зомин» турис­тик-рекрацион зонасига қарашли замонавий дор йўли, «Wyndham» меҳмонхоналари, осма кўприк ва кўнгилочар масканлар ишга туширилди. Ҳозирда Қашқадарё вилоятининг «Мираки» ва «Ғилон» туристик-рек­рацион зоналарида қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Қайд этиш жоизки, соҳанинг ҳар томонлама ривожланишида туризм логистикаси ва жойлаштириш воситалари асосий ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, 2023 йилдан бошлаб «Uzbekistan Airways» АЖ, «Qanot sharq», «Panorama airways» ва «Humo air» авиакомпанияларига қўшимча равишда «Centrum air», «Asia Union Airlines», «Tashkent air» ва «Silk avia» авиакомпаниялари ташкил этилиб, хизмат кўрсатишни бошлади.

Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Республика бўйлаб «Тошкент – Самарқанд», «Тошкент – Бухоро», «Тошкент – Хива», «Тошкент – Қарши» ва «Урганч – Шаҳрисабз» шаҳар ва вилоятлараро автобус қатновлари йўлга қўйилди.

Айни кунларда «Тошкент-Бухоро-Тошкент» йўналишида ҳар куни 3 та, «Тошкент-Қарши-Тошкент» йўналишида ҳафтасига 10 та, «Тошкент-Самарқанд-Тошкент» йўналишида ҳар куни 1 та ҳамда «Тошкент-Шаҳрисабз-Тошкент» йўналишида ҳафтасига 1 та юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари қатнамоқда. Ушбу электропоезднинг йўловчи сиғими 286 ўринли бўлиб, кунига ўртача 2,9-3,5 минг нафаргача йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.

Йўлга қўйилган мазкур янгиланишлар натижасида кўплаб ишчи ўринлари яратилгани ҳам эътиборлидир. Хусусан, 2023 йилда 70 минг, 2024 йилнинг шу даврига қадар 28 минг ишчи-ходимлар иш билан таъминланди. Туристлар учун хизмат кўрсатувчи 427 та янги туристик ташкилот фаолият бошлади, турагентлар сони эса 3238 тага етказилди. Бугунги кунда республика бўйлаб 2551 нафар гид-экскурсаводлар фаолият олиб бормоқда.

Шу билан бирга, туризм инфратузилмасини яхшилаш мақсадида автомобиль йўллари янгиланмоқда ва таъмирланмоқда, туристлар ташриф буюрадиган объектлар, барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчалари, йўл бўйлари ва аҳоли гавжум жойларда жами 480 та санитария-гигиена шохобчаси ҳолати яхшиланди.

Республика ҳудудида мавжуд 9219 та барча турдаги ёқилғи қуйиш станцияларининг санитария-гигиена шохобчалари билан таъминланганлик даражаси 96,9 фоизга етказилди. Албатта, амалга оширилган бу каби ишлар билан мазкур йўналишдаги шароитлар 100 фоиз талаб даражасига етказилди, деб бўлмайди. Қолаверса, бу борадаги вазифалар ижроси доимий равишда фаолият юритувчи республика махсус комиссияси назоратидадир.

Тан олишимиз лозим, туризм инфратузилмасини ривожлантиришда ҳали бажариладиган ишлар талайгина. Жумладан, электропоездлар барча сайёҳат ишқибозларини қамраб олиш қувватига эга эмас. Кўп ҳолларда аввалдан чипта ололмаган сайёҳлар режалаштирган манзилларига автоуловлар ёки автобусларда боришга мажбур бўлмоқда.

Асосий мақсадимиз туристларни юртимизга яна бир бор қайтиб келишларини таъминлашдан иборат экан, йўл логистикаси ва инфратузилмаси имкониятларини кенгайтириш тезкор бажарилиши зарур бўлган вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда.

Бугун республикамиз бўйича жами 5773 та жойлаштириш воситалари, 3554 та оилавий меҳмон уйлари мавжуд бўлиб, юртимизда сўнгги йилларда Hilton, Wyndham, Mercury, Marriott, Moven Pick каби таниқли брендлар меҳмонхоналари фаолият бошлади. Лекин жойлардаги кўплаб хусусий меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш, яъни сервис талаб даражасида эмаслигини ҳам тан олишимиз керак.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизни дунё танимоқда. Юртимизнинг тарихий обидалари, маданий мерос объектлари, гўзал табиати, миллий таомлари ва маданияти барча хорижий туристларни ўзига жалб этмоқда. Сайёҳлар оқимининг ошиши, ўз навбатида республикамизга келаётган инвестициянинг ошишига, юртимиз қиёфасини янада гўзал бўлишига, аҳоли ҳаёт даражасининг ўсишига ҳам хизмат қилади.