«Мен – порахўрман»
ёхуд тарихимизнинг “Пахта иши” деб ном олган энг қора нуқталар ҳақида
Адолат ҳақиқатни айтиш ва эшитишдан бошланади...
Миллат бошига чексиз кулфатлар солган, «Пахта ва ўзбек иши» деб номланган қатағон ҳақида ҳам кўп ёзилади... Тан олиш керак: Ўзбекнинг пешонасига порахўр, ўғри ва муттаҳам деган тамғаларни ёпиштирган Гдлян Иванов, Амбарцумян, Дидоренко, Гайданов ва бошқалар чиндан ҳам ҳақиқатнинг қаддини «букиш»га муваффақ бўлишган. Бу бор гап. Ўтган асрнинг 80-90 йилларида республика бўйича 600 минг кишининг жиноий жавобгарликка тортилиши, 70 минг кишининг ҳибсга олиниши, шундан 24 минг юртдошимизнинг руҳан майиб-мажруҳ қилиниши бунинг яққол тасдиғидир.
...Тарих бўлиб ўтган барча воқеаларга эртами, кеч ўз ҳаққоний баҳосини беради дейдилар.
Мен ушбуни қоралаяпман-у, кўз ўнгимда юк машинаси олдида сотувчига мўнғайибгина қараб, қўлидаги никоҳ узугини ечиб унга узатиб турган муштипар онам гавдаланади... Ва сотувчи – Умматали отанинг водийнинг энг сархил олмалари-ю, узумлари солинган каттакон қоғоз қутини ҳовлимизгача киритиб бериб, онамга айтган гаплари қулоғим остида ҳануз жаранглайди.
- Ҳаммасидан хабарим бор, Сиз ўйланманг қизим, ўзбек бундай балоларни кўп кўрган, эрингизни яхши танирдим, ҳалол, кўнгли тоза раҳбар эди. Бизнинг Фарғонадан 200 га яқин хўжаликни чўлни обод қилишга кўчириб келиб, ҳаммага янги уйнинг калитини берган ҳам шу йигит эди. Аллоҳ ҳар нарсани кўргувчи, билгувчи улуғ Зотдир. Миллатнинг бошига бу кунларни солганлар, албатта, бир кун келиб жазоланади. Узукни ёнингизга солиб қўйинг, ҳали болаларингизнинг тўйларида тақасиз. Мана мени айтди дерсиз, ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ...
Унинг дилга таскин берувчи сўзлари-ю, меҳрибончилигидан кўнгли бўшаб юм-юм йиғлаган онамни юпатиб, отахон ҳовлимизни тарк этганди, ўшанда.
...1986 йилнинг кеч кузида отамни «Ўзбек ва пахта иши» доирасида порахўрлик ва қўшиб ёзишда айблаб, қамоққа олишди. Сабаби ўша кезларда у Жиззах воҳасидаги пахтачиликка ихтисослашган йирик давлат хўжаликларидан бирини бошқарар эди. Уни дастлаб вилоят прокуратурасида сўнгра республика ИИВда тергов қилишди. Гдлянчиларнинг «ўта жонбозлик» билан қилган ҳаракатлари иш бермади чоғи уни охир-оқибат Москвадаги КГБ тергов изоляторига «тиқишди». Ўша вақтларда «Пахта иши» бўйича қамоққа олинганларнинг барча мол-мулки мусодара қилинарди. Гдлянчилар мина изловчи қурилмага ўхшаш асбобларни ҳам ишлатишиб хонадонимизни ағдар-тўнтар қилишгач, излаганларини топиша олишмади шекилли, онамни қийин-қистовга олишиб, йиғиб қўйилган пул ва тиллаларни топиб беришни талаб қилишди. Бундан ҳам бирор натижа чиқмагач, уйимизни шип-шийдон қилишиб рўзғор буюмлари-ю, эски палосимизгача юк машинасига ортишди...
Очиғи шундан кейин ҳеч вақосиз уйда 6 нафар боланинг қорнини тўйғазиш, устини бутлаш ёлғиз онамнинг чекига тушди. Далага чиқиб ишлайлик десак, буёғи қиш, ҳеч қандай юмуш йўқ эди. Кечагина хонадонимиздаги таомнинг энг қуюғини еб юрган отамнинг шогирди хўжаликка раҳбар этиб тайинлангач, биздан буткул юз ўгирди, онамни «порахўрнинг хотини» дея ҳеч бир ишга йўлатмай қўйди. Ҳарқалай хўжаликдаги боғча мудирасининг раҳми келди шекилли, онамни фаррошликка ишга олди. Зўр-базўр, кун кечириб юрган кунларимизнинг бирида кўчада ўйнаб юрган ука-сингилларим югургилашиб келиб онамнинг этагига ёпишишди-да, машинада олма сотишаётганини айтишди. Уларнинг тинимсиз хархашаларидан кейин шўрлик онам ўйланиб турди-да беҳолгина дарвоза томон йўл олди. Ақлимни таниб қолганлигим боис, ҳаммасини тушуниб турардим. Уйда пул йўқ эди! Ўшанда онам қўлидаги сўнгги бисоти-никоҳ узугини ечиб, сотувчига узатаркан, шунинг пулига олма беринг, дея умид билан жавдираганди... Қолган воқеани эса юқорида айтиб ўтдим...
Ҳа, дарвоқе, Умматали ота биз болаларни йўқлаб хонадонимизга кўп бора келди. Ҳар келганида эса қоғоз қутида водийнинг энг сархил мевалари...
Вақт ўтиб, унинг айтганлари вожиб бўлиб, «Ойнинг ёруғ ўн беши» ҳам келди. 1990 йилнинг айни баҳор палласида «қўшиб ёзганлиги-ю, порахўрлиги» учун ўн йилга «кесилган» отам Сибирь қамоқхоналаридан жисмонан майиб ҳолда қайтди. Ўшанда гапнинг рости, даставвал уни таний олмагандик. Сабаби қадди тоғдек келбатли одам ўтган йиллар мобайнида кичрайиб, муштдек бўлиб қолган, соч-соқоли-ю, киприкларигача оқариб, деярли мункиллаган чолга айланганди.
Мен ушбу «аччиқ ёзмиш»ларни сиз муштарийга ҳавола этишдан олдин яқин тарих «бисоти»ни анчайин титкиладим.
Маълум бўлишича, ўша йилларда Жиззах воҳасидаги беш минг нафардан ошиқ турли даражадаги раҳбарлар қўшиб ёзиш ва порахўрликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган ва уларнинг 4212 нафари узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Энг ачинарлиси, тергов жараёнларидаги адоқсиз қийноқлар, турли юқумли касалликлар ва ўз жонига қасд қилишлар оқибатида 715 нафар киши ҳатто суднинг қора курсисига ҳам «етиб боролмай» тергов изоляторларида жон берган.
Хуллас Кремль талаб қилган 6 миллион тонналик пахта хирмонини бунёд этишга мажбурланган ўзбек, алалоқибат, қилган заҳматли меҳнатларига яраша ана шундай «сийланган».
Тарихнинг қора саҳифаларини варақлаб, юқоридаги тафсилотлар билан танишиб чиққач, алп келбатли отамнинг нега мункиллаган чолга айланиб қолганлигининг асл моҳиятини англагандек бўламан.
Ҳа, халқ, миллат ҳар нарсага чидайди, бироқ адолатсизликка чидай олмайди…
Мамлакатда эсган ҳурлик шабадаси оқсоқолнинг кўкрагига теккач, у яна тетиклашиб бақувват одамга айлана бошладику-я... бироқ ҳаддан ташқари ўйчан, соатлаб хаёл сурадиган одат чиқарди.
– Мен ўзим истамаган ҳолда порахўр деган тамғани олганман, бунга мажбур қилишган, – дебди у бир куни онамга. Қамоққа олинганидан сўнг гдлянчилар менга фалончига бунча, пистончига бунча пулни пахта сотиб олиш учун берганман деб ёзиб беришимни талаб қилишди. Бироқ иймонимни ютиб, ҳеч кимга туҳмат қилмадим. Лекин ўша вақтларда бир нарсага мажбур бўлдим. Бир куни менга навбатдаги талабни қўйишди:
–Ўзинг раҳбарлик қилган хўжаликдаги 22 нафар бўлим бошлиғидан пахта иши бўйича фалон мингдан пора олганман деб иқрорнома ёзиб берсанг, уларга ва оилаларига умуман тегмаймиз...
Мен бу гапларга ишониб, улар айтганларидек, ёзиб бердим. Мақсадим, бўлим раҳбарларини сақлаб қолиш эди. Кейин билсам мени алдашган, Амбарцумяннинг буйруғи билан худди шу ҳужжатни пеш қилишиб, уларнинг барчасини ҳибсга олишган экан. Энг қизиғи, бўлим бошлиқларининг баъзилари қўлига кишан тақилгач, талвасага тушиб, собиқ директорга фалон минг маблағ берганман деб менга қарши кўрсатма ҳам беришибди. Аниқ биламан, уларни-да шунга мажбур қилишган. Хуллас, кўпчилик учун шу жирканч иллатни бўйнимга олиб, порахўрга айланиб қолдим-да онаси.
Шукурки, ҳеч қанча вақт ўтмай онамни юм-юм йиғлатган, отамнинг қаддини буккан, биз болаларни ота меҳрига зор қилган қора кунлар тарих қаъридан жой олди. Тўғри, бу биз кунларга осонликча етиб келмадик. Қанчалаб бевақт узилган жонлар, бегуноҳ тўкилган қонлар, кўзлардан мислсиз оққан кўзёшлар эвазига бу дориломон кунларнинг шоҳиди, бир бўлаги бўлиб турибмиз. Шукр қилиб яшанг азизлар дея, ҳайқиргим келади.
Абдуғаффор Омонбоев,
«Миллий тикланиш» мухбири