Депутатлар жойларга чиқиб, қандай “каромат” кўрсатишяпти?

Депутатлар жойларга чиқиб, қандай “каромат” кўрсатишяпти?

Ёхуд сайловчилар эътирозлари бўйича Ғузор, Қарши, Тошлоқ, Бағдод туманлари ҳамда Фарғона ва Марғилон шаҳарлари етакчи экани тўғрисида

Гарчи сарлавҳа айрим депутатларга ёқмаса-да, уни мақола мазмунини кенгроқ очиб беришга хизмат қиладиган сарлавҳа сифатида танладик. 
Тан олиш керак, кейинги йилларда миллий парламент ва халқ вакиллари саналган депутатларга нисбатан кескин талаблар қўйиляпти. Сайловчи ишончини қозонган депутат энди беш йил давомида сал салқинда ўтирадиган ва қоғоздагина фаолият юритадиган халқ вакили эмас. Депутат эса ҳаётий муаммоларини ҳал қилишга уринаётган ҳазрати сайловчининг ишончли вакилига айланяпти.       

“Миллий тикланиш”нинг 29 нафар депутати ҳам янги чақириқда ана шу талабдан келиб чиққан ҳолда иш олиб боряпти. Бунда ҳар ойнинг бошида жойларга чиқиб, ўрганишлар олиб бориш белгилангани улар зиммасидаги масъулиятни ўн чандон оширди, дейиш мумкин.  

Партия фракцияси ўрганишлар давомида асосан сайловчилар – аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди. Ижтимоий объектлар фаолияти билан танишиб, муаммоларни ўрганишди, таҳлил қилишди ва қонунчиликка таклифлар олдилар. 

Жумладан, ҳудудий кенгаш вакиллари ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатлар билан 451 та объект – 88 та маҳалла фуқаролар йиғини, 142 та хонадон, 145 та ижтимоий соҳа ташкилотлари, 56 та тадбиркорлик субъектларида бўлдилар. Аҳоли билан эса 200 га яқин учрашув, сайёр қабуллар ўтказиб, мурожаатлар қабул қилишди. Эътиборли томони: депутатлар саъй-ҳаракати билан мурожаатларнинг 10 фоиздан ортиғи жойида ҳал қилинди. Қолганларини эса маҳаллий кенгашдаги депутатлар орқали маҳаллий ижро ҳокимияти билан биргаликда ҳал этиш чоралари кўрилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, партия Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров бошчилигидаги махсус ишчи гуруҳи эса Навоий вилоятида бўлди.

– Сафаримизни бежиз Навоийдан бошламадик. Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариш камайган ва бунга 29 та туманда кўрсаткичлар пасайгани сабаб бўлган. Уларнинг учтаси ушбу вилоятда, – деди Алишер Қодиров вилоят марказидаги “Муҳташам мебеллар” корхонаси фаолияти билан танишув чоғида.

150 нафар ишчиси бўлган корхона ҳатто Россия, Тожикистон ва Қирғизистон бозорларига ҳам маҳсулот сотяпти. Гуруҳ аъзолари мутасаддилар билан ишлаб чиқариш қувватини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва миллий брендни яратиш масалалари муҳокама қилинди. 

Ишчи гуруҳ Кармана туманидаги Навоий иссиқлик энергия станциясида ҳам бўлди. Маълумотларга кўра, айни пайтда станцияда ишлаб чиқариш пасайгани боис депутатлар айнан шу масалани чуқурроқ ўргандилар.

Аниқланишча, корхона альтернатив энергия ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ва тежамкор истеъмол ҳисобига ишлаб чиқаришни камайтирган. Бу қиммат энергия истеъмолининг камайиши, альтернатив энергия истеъмоли кўпайгани, аҳолининг тежамкорлиги ортаётганини кўрсатади. Талаб камайса, албатта, ишлаб чиқариш камайиши керак. Энергияни омборда сақлаб бўлмайди-ку. Статистика эса буни ишлаб чиқариш ҳажмини салбий камайиши сифатида қайд этмоқда. 

Ишчи гуруҳ Навбаҳор туманидаги очиқ осмон остидаги музей – Сармишсой дарасида ҳам бўлиб, қоятош тасвирлар қандай сақланаётгани ва туристларга яратилган шароитлар билан танишди.

Таъкидлаш лозим, Сармишсой музей-қўриқхонаси оддий қўриқхона эмас, бутун Марказий Осиёнинг ташриф қоғози ва дунё туристлари учун ўхшаши кам бўлган жозибадор маскан ҳамдир. Шу маънода ҳам минтақамизга келадиган ҳар бир сайёҳ ўз сафарини Сармишсойдан бошлаши керак. Чунки у ердаги ҳар бир тошбитик 7-10 минг йил аввалги ҳаёт билан боғлиқ. Айримлари қолипларни бузадиган даражада ҳайратланарли: от минган ҳукмдор, скафандр кийган одамлар, инсонга ўхшаш махлуқлар ва ҳоказо. Бир тошда ҳатто эстетик мукаммал даражада ов жараёни ҳам акс этган. Бироқ кимлардир ноёб экспонатлар устига чизиб кетган.

Бошқа бир экспонатлар эса моғор босиб келмоқда. Буларни ўрганиш учун эса тадқиқотлар ўтказилмаяпти, ёш археологлар эса изланишлар олиб боришмаяпти. Туристларни жалб этиш учун тарғибот ишлари ҳам йўлга қўйилмаган. 5 минг гектар жой, аниқланган 10 мингдан ортиқ тошбитикка 1 нафар тозаловчи ва 4 нафар қўриқчи тўғри келади,холос. Маош ҳам жуда кам...

Депутатлар Сармишсойни сақлаш учун ажратилган маблағлар кам эмаслигидан келиб чиқиб, музей-қўриқхонани бошқариш профессионаллар томонидан амалга оширилиши бўйича таклифларни бердилар. Чунки бу суратлар оддий битиклар эмас. Уларда аждодларимиз маданияти, яшаш тарзи, тарихи акс этган. Шу боис, қоятош суратларни халқимизнинг бебаҳо бойлиги сифатида асраш лозим.

Давлат раҳбари раислигида маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳрида ҳам саноат ўсиши 1,1 фоизга пасайгани кўрсатилиб, уни ошириш бўйича вазифалар белгиланган эди. Шу боис, Қонунчилик палатаси депутати Васила Файзиева маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамроҳлигида “Мирзо Улуғбек кичик саноат зонаси”да бўлиб, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди ва кўрсаткичларни таҳлил қилди. 

Фарғонада бўлган Сайёра Жумаева эса Бағдод тумани “Чекмирза” маҳалласидаги “Аёллар дафтари”га киритилган 9 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган, қовоқ етиштириб, мўмай даромад кўраётган, шунингдек, супурги ишлаб чиқариш орқали ўзини-ўзи банд қилган оилалар фаолияти билан танишди. Маълум қилинишича, айни пайтда бағдод супургилари хорижга ҳам экспорт қилинаётир.

Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманида ўрганишлар олиб борган депутат Абдулҳаким Эшбоев асосий эътиборни ижтимоий дафтарларда турган фуқаролар муаммоларини ўрганишга қаратди. Сабаби ижтимоий дафтарларга киритилганларнинг аксарияти ишсиз. Депутат ҳаракати билан “Сурхон соҳили” маҳалласидан “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 11 нафар аёл “Qumtex Invest” ва “Agroprosessing group” корхоналарига ишга жойлаштирилганини айтиш жоиз. 

Шу йилнинг февралида Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Ширинов саъй-ҳаракати билан “Эски қала” маҳалласи аҳолиси мурожаатидан сўнг Қоракўл туманидаги 18-сонли мактабга қўшимча бино қуриш масаласи ҳал қилинган ва 3,6 миллиард сўм маблағ ажратилган эди. Орадан кўп ўтмай, 300 ўринли, уч қаватли замонавий мактаб қурилиши ҳам бошлаб юборилганди. Депутат яқинда ушбу маҳаллада бўлиб, қурилиш жараёнлари билан танишган бўлса, Бухородан сайланган яна бир депутат Махсуд Муҳаммедов аралашуви билан икки йиллик муаммо ҳал бўлди.   

Гап шундаки, Бухоро вилояти ҳокимининг 2023 йил 3 февралдаги фармойишига кўра, Шофиркон тумани “Нурафшон” маҳалласидаги яроқсиз бўлиб қолган 30-сонли мактабгача таълим ташкилоти ўринда янги боғча қуриш белгиланган эди. Бироқ ижрога келганда маблағ топилмади. Махсуд Муҳаммедов бу сафар ушбу масала билан шуғулланиб, 3,5 миллиард сўм маблағ ажратилишига эришди. Депутатнинг айтишича, яқин кунларда қурилиш бошланадиган бўлибди.

Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Мирғозиеванинг Юқори Чирчиқ туманидаги ўрганишлари анча тиғиз кечди. Депутат дастлаб 6-сонли боғча фаолияти билан танишган бўлса, сўнгра 7-сонли мактабга бориб, “Долзарб 90 кунлик” – ёзда ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этишга доир ишлар билан танишди. Навбатдаги манзил “Қорасув” маҳалласи бўлди.

“Еттилик” вакиллари билан учрашиб, фуқаролар мурожаати бўйича манзилли кўрсатмалар берилди. Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқаролар муаммолари ҳам ўрганилди. Депутат туман тиббиёт бирлашмасида ҳам бўлиб, туғруқ бўлими шифокорларининг соҳага оид таклифларини эшитди, беморлар билан гаплашиб, айрим камчиликларга шахсан гувоҳ бўлди...  

– Ҳақиқатдан ҳам бу гал ечимни эртага қолдириб бўлмайдиган мурожаатлар, манзилли ўрганишлар кўп бўлди, – дейди депутат. 

 “Сайловчиларимнинг ҳеч бир мурожаати эътиборимдан қолмайди. Улар ҳал бўлмагунича на менда, на масъулларда тиним бўлади”, дейди куйинчак депутатимиз Азамат Пардаев Булунғур тумани «Ғўбдин», «Лалмикор», "Нурли йўл" маҳаллалари аҳолиси билан бўлган учрашувда. Очиқ мулоқотларда аҳоли томонидан асосан йўл таъмири, ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар кўтарилди.

Депутат Дилноза Азизова фуқаро мурожаати бўйича Уйчи туманида яшовчи Муҳаббат Азизова хонадонида бўлди. Маҳалла фаолларининг билдиришича, депутатнинг фамилиядоши бўлган ушбу аёлнинг иродаси кучли, меҳнатсевар, тиним билмайди: қиш ва кузда сомса сотади, баҳор келиши билан гулчилик билан шуғулланади. “Боқиманда эмасман, лекин давлатдан биргина ўтинчим бор, – дейди аёл: – Тикув машинаси бўлса, нафақат оиламни таъминлардим, ишимни кенгайтириб, қўшимча иш ўрни ҳам яратардим”.

– Аёлнинг сўзлари юрагимга оғир ботди. Кўрдим, рўзғори ҳаминқадар, молиявий ёрдам сўрайди, деб кутгандим. Лекин кўзлари ёниб турган аёл имконият сўради ва уни ҳозироқ  бажармаслик мумкин эмаслигини ҳис қилдим. Шу куниёқ туман ҳокимлигига қўнғироқ қилиб, тикув машинаси ҳал қилдик, – деди депутат. 

Таъкидлаш лозим, фракция аъзолари бу сафарги ўрганишларда “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуннинг жойлардаги ижросига кўпроқ эътибор қаратдилар. Чунки жойлардаги ўрганишларда аҳолидан тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ушбу масалада бўляпти. 

Аҳолининг безовталиги бежиз эмас экан. Ўрганишларда республика бўйлаб 371 та кўп қаватли уйларнинг бошқарув ҳолати ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи 109 та бошқарув сервис компаниялари фаолияти ўрганилиб, таҳлил қилинганда қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди. Жумладан, 52 та кўп квартирали уйларнинг ертўласи 16 та бошқарув компанияси томонидан талаб даражасида ёки умуман чиқиндилардан тозаланмаган. 34 та уйнинг фасад қисмида 18 та бошқарув компанияси томонидан жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. 

Аҳоли билан бошқарув компаниялари фаолияти юзасидан суҳбатлар ўтказилганида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари етарлича олиб борилмаслиги, тозалик ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани бўйича кўплаб эътирозлар бўлди. Қашқадарё вилояти Ғузор тумани, Қарши шаҳри, Фарғона вилоятининг Тошлоқ, Бағдод туманлари, Фарғона ва Марғилон шаҳарлари бу борада “етакчи”.

Яқинда ўрганишлар натижаси чуқур таҳлил қилинди. Шу масалага бағишланган фракция йиғилишида натижалар таҳлил қилиниб, Ўзбекистон қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятовга “Кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши тўғрисида” Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Парламент сўровини, шунингдек, навбатдаги ўрганишларда аниқланган муаммолардан келиб чиқиб, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўровлари юбориш таклифи билдирилди.

– Ўрганишлардан мақсад йиллар давомида йиғилиб қолган муаммо ва камчиликларни ечишга кўмаклашиш ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашдир, – деди Алишер Қодиров йиғилишда.