Ютуқларни унутиб, камчиликлар устида кўпроқ ишлашимиз лозим

Ютуқларни унутиб, камчиликлар устида кўпроқ ишлашимиз лозим

Туризм ҳақиқатдан ҳам миллий иқтисодиётимизнинг драйверига айланмоқда. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотига кўра, ўтган йили дунё бўйлаб 1,4 миллиард киши хорижга саёҳатга чиққан ва бу халқаро туризм саноатининг рекорд кўрсаткичи сифатида баҳоланган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, жаҳон туризм саноати 2030 йилга бориб, беш йил олдинги кўрсаткичга нисбатан 50 фоизга ўсиши кутилаётгани ҳам бежиз эмас. 

Айниқса, туризмнинг аҳолини иш билан таъминлашдаги ўрни ошиб бораётгани эътиборга молик. Ўтган йили ушбу тармоқда дунё бўйлаб 360 миллионта янги иш ўрни яратилган. Бу эса жами иш ўринларининг ўндан бирини ташкил қилади.
Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистонимизнинг ҳам  юқоридагидек рақамларда ўзига хос улуши бор десак хато бўлмайди.

Бунинг исботини юртимизга келаётган хориж сайёҳлари сонидан ҳам билса бўлади. 2023 йили қарийб 7 миллионта хорижлик сайёҳ мамлакатимизга келган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич илк бор 10 миллиондан ошди. Туризм экспорти 1,6 каррага кўпайиб, 3,5 миллиард долларга етди. Энг асосийси, ўтган 8 йилда соҳага 6,5 миллиард доллар сармоя киритилиб, 130 мингта меҳмон ўрни ташкил этилди.

Лекин юртимиз тарихи, маданияти ва табиати имкониятларини чамаласак, бу кўрсаткичларни икки-уч баробарга ошириш мумкинлиги кўринади. 9 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам миллий туризм салоҳиятидан самарали фойдаланилмаётгани танқид қилиниб, тўсиқларни тезроқ бартараф этиш, жойлардаги имкониятларни юзага чиқариб, туризм йўналишларини кўпайтириш, сайёҳларга шарт-шароитларни яхшилаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. 

Тўғри, мамлакатимиз туризм салоҳияти “BBC”, “Euronews” каби нуфузли телеканаллар, халқаро кўргазмаларда кенг тарғиб қилиняпти. Янги авиақатновлар йўлга қўйилмоқда. Юздан ортиқ мамлакат фуқаролари учун визасиз кириш, яна 60 га яқин давлат сайёҳлари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилди. Туризм компанияларга енгилликлар бериляпти.  
Лекин тан олишимиз лозим, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар етарли. Туризм манзилларига олиб борувчи кўплаб йўлларимиз таъмирталаб, жойларда транспорт, меҳмонхона ва савдо-сервис хизматлари талаб даражасида эмас. Кўнгилочар жойлар ва қизиқарли дастурлар етишмайди. Имкониятларимизни тарғибот-ташвиқот қилиш ҳам яхши йўлга қўйилмаган.  

Видеоселекторда ана шу камчиликлардан келиб чиқиб, мутасаддиларга 36 та туман ва шаҳарни этно, гастрономик, тиббий, экстремал, маданий-тарихий, зиёрат, қишки ва агротуризм асосида ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. Тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ҳар ойнинг бир шанба-якшанбаси “оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни”, деб эълон қилинди. Бундай имкониятларни яратиш эвазига бу йил 15 миллион туристни жалб қилиш ва экспортни 4 миллиард долларга етказиш мумкинлиги айтилди.

Йиғилишда маданий мерос объектлари билан боғлиқ масала ҳам муҳокама қилинди. Сўнгги 4 йилда 327 та шундай мажмуа реставрация ва консервация қилинди. Аммо яна 485 та объект таъмирталаблигича қоляпти. Бу ишларга хусусий секторни жалб этиб, бизнес лойиҳа қилиш мумкинлиги, маданий мерос объектларини ижарага беришни такомиллаштириш, уларга тушумларни рақамлаштириш, барча тарихий обидаларга кириш имконини берадиган “ягона туристик карта” жорий қилиш вазифалари кўрсатиб ўтилди.  

Бундай вазифалар шубҳасиз “Миллий тикланиш” вакиллари, айниқса,  депутатларга ҳам катта масъулият юклайди. Шу боис, туризм масканлари – меҳмонхоналар, маданий мерос, транспорт объектлари, кўнгилочар масканларда инфратузилмани яхшилаш бўйича қонунчилик доирасида депутатлик, жамоатчилик назоратини кучайтиряпмиз.

Яқинда партиямизнинг дастурий вазифалардан келиб чиқиб, фракциямиз аъзолари, пойтахтлик маҳаллий депутатлар ҳамроҳлигида бир нечта соҳа ва тизимлар фаолияти билан танишдик. Хусусан, Марказий темирйўл вокзалида бўлиб, бугунги ишлар билан танишдик. Соҳада эришилаётган ижобий ишлар, қўлга киритилган натижаларни ҳар қанча эътироф этсак арзийди.

Айни пайтда туризм ривожига хизмат қиладиган ишлар оз эмаслигини ҳам таъкидлаш жоиз. Демак, видеоселекторда таъкидланганидек, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўп. Бас шундай экан, ютуқларни унутиб, камчиликлар устида кўпроқ ишлашимиз керак.