«Турк тилини ўрганинг, чунки уларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этади»

«Турк тилини ўрганинг, чунки уларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этади»

Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 7000 га яқин тил бўлса-да, 2100 йилга бориб уларнинг 90 фоизи йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги айтиляпти. ЮНEСКОнинг «Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи»да нашр этилишича, Европада 50 та, Тинч океани минтақасида 200 та, Африкада эса 600 та тил бутунлай истеъмолдан чиқади.

Инсоният тарихида шу кунгача мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетган. Бунга глобаллашаётган дунё, урбанизация, маданий босим, шунингдек, ижтимоий ва иқтисодий омиллар сабаб бўлган.

Биламизки, ўзбек тилида дунёнинг турли ҳудудларида яшовчи 50 миллиондан ортиқ одам сўзлашади. Уларнинг 30 миллиондан кўпроғи ўзбек тилини она тилиси сифатида, қолган 20 миллиони эса иккинчи тил сифатида билади. Тўғри, тилшуносларнинг фақат бир тилда сўзлашувчилар 50 миллиондан ортиқ бўлган миллатларгина ўз тилини сақлаб қолиши мумкинлиги ҳақидаги хабаридан бироз таскин топамиз.

Аммо ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йилдан ошган бўлса-да, ҳамон тилимиз тўла мавқега эга бўлмагани бу борадаги хотиржамлигимиз барқарор эмаслигидан далолат бериши мумкин.    

Она тилимиз ҳеч бир муболағасиз энг гўзал, шу билан бирга бой ва қадимий тиллардан бири. Буни Алп Эр Тўнға (Афросиёб)дан то темурийлар ҳукмронлигининг якунигача улуғ аждодларимиздан қолган улкан моддий ва маънавий мерос қолгани ҳам кўриниб турибди.

Зеро, улкан дарёлар булоқлардан сув олганидек, адабий тил ҳам минг йиллар қаъридан бойиб, куч олиб келади. Қадимги турк тилида яратилган Ўрхун-Энасой ёдгорликлари, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг», Қошғарийнинг «Девону луғотит-турк», Югнакийнинг «Ҳийбатул-ҳақоиқ», Яссавийнинг «Девони ҳикмат» каби нодир асарлари ҳам тилимизнинг жозибадорлиги ва қадимийлигини кўрсатади. 

Шубҳасиз, Алишер Навоий ва Бобур ижодида тилимиз қудратга тўлиб, янги юксакликларга кўтарилди. Жумладан, Қошғарийнинг «Девону луғотит-турк» асарида турк тилини ўрганинг, чунки уларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этиши таъкидланган бўлса, Навоий ҳазратлари мумтоз адабий тилимизни ўзига хос жиҳатлари, бошқа тиллардан лозим даражада устунлигини очиб берганлар.

Бир сўз билан айтганда, ўз илмий меросида 26 мингдан ортиқ сўздан фойдаланиб, жаҳон аҳлини ҳайратга солган. Сўз мулкининг султони беихтиёр «Ўзбек адабий тилининг асосчиси»га айланди. 

Афсуски, мустамлакачилик сиёсати даврида тилимизнинг расмий эътибори чекланди. Бошқача айтганда, Октябрь инқилобининг «миллий тиллар тенг ҳуқуқлилиги», «мулоқот тилини танлаш эркинлиги» каби ёзувлар «шиор»лик мақомидан нарига ўтмади. 

Аммо империянинг парчаланиш арафасида унга мажбуран бўйсиндирилган республикалар бирин-кетин тил ҳақида миллий қонунлар қабул қила бошладилар. 1987 йилнинг май ойида Молдова, 1989 йилнинг 18 январида Эстония, 25 январда Литва, 5 майда Латвия давлат тили ҳақида қонунлар қабул қилди. Бу жараён нафақат миллий тиллар тараққиётига, балки миллий давлатчиликни қайта тиклаш, мустақилликни қўлга киритишга ҳам йўл очди.

Ўзбекистонда эса бу тарихий воқеа 1989 йилнинг 21 октябрида  рўй берди: «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилиниб, унда «Ўзбекистон Республикаси ўзбек тилини бутун чоралар билан ривожлантиради ва унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида амал қилишини таъминлайди», дея белгилаб қўйилди. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу улкан ютуқ аждодларимиз орзу қилган, озодликка эришиш ва мустақиллик сари қўйилган энг муҳим қадам эди. 

Аммо шунга қарамай, давлат тили ҳалигача ҳуқуқ, фан тилига айлана олмади. Шунинг учун ҳам «Миллий тикланиш» ўзининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида ўзбек тилининг мавқеини ҳақиқий маънода тиклаш, ҳар бир фуқаро давлат тилини билиши, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ҳар қандай юридик шахснинг барча ҳужжатлари, ташқи ёзувлар давлат тилида юритилиши лозимлиги ҳақидаги ташаббусларни илгари сурди.

Шу билан бирга «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннни янги таҳрирда қабул қилиш,  «Давлат тили ҳақида»ги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, давлат тилида иш юритмаган ташкилот раҳбарларига нисбатан кескин чоралар кўриш келгуси беш йилликда ҳал қилиниши лозим бўлган устувор вазифлар деб белгилаб олди. Зеро, бепарволик билан беписандликнинг ораси бир қадам деганларидек, она тилимизга ихтиёрсиз бўлиш – элга эътиборсизликдан келиб чиқади.