Тўй харжида юзта бой япон — бир камбағал ўзбекча йўқдир

Тўй харжида юзта бой япон — бир камбағал ўзбекча йўқдир

Нега япон юз йил яшар-у
Ўзбек бунча ёшга бормайди?
Чунки япон биздек қоронғу
Саҳар туриб ошга бормайди.

Мотамида у обрў учун
Элни чорлаб зиёфат қурмас.
Байрамида бел боғлаб уч кун
Шамдек қотиб кўчада турмас.

Гарчи биздан юз бор фаровон,
Гарчи биздан юз карра тўқдир.
Тўй харжида юзта бой япон
Бир камбағал ўзбекча йўқдир.

Бу сўзимни японга айтсам,
Деди баттар қисиб кўзини:
Япон бундоқ яшолмас ҳеч ҳам,
Харакири[1] қилар ўзини.
(1 Харакири — япон самурайларининг ор-номус учун ўз жонига қасд қилиши).

Суюкли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Нега япон юз йил яшар...” шеърини ўқиб, бугунги дабдабали тўйларимиз, ҳою-ҳавасга берилиб, ўзимизни ташвишга қўяётганимиз ҳақида мулоҳаза қилгим келди. Гарчи бу ҳақда кўп гапирилган, кўп ёзилган бўлсада, унутувчи хилқат эканимизга бораверамиз...

Тўйлар азалдан хурсандчилик, яхши кун, янги оила бунёдга келиши сифатида халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутиб келган. Қолаверса, ота-боболаримиздан, момоларимиздан мерос миллий анъана, урф-одат ва расм-русумларни ўзида мужассам этгани билан ҳам қадрли, қалбимизга, руҳимизга яқин бўлган. Шу боис, тўй-маросимларга ўзлигимизни сақловчи, халқни маънавий-руҳий жиҳатдан тарбияловчи восита сифатида ҳам қаралган. 

Афсуски, катта хурсандчилик бўлган тўйларимизни кейинги вақтларда дабдабабозликка, “отдан қолма эшагим” қабилида кимўзарлик пойгасига, ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантираяпмиз. Ҳаддан зиёд тўкин-сочин дастурхон, миллатимизга хос бўлмаган турли ёт одатлар, қиз базмию “Love Story”га ўхшаган қўшимча маросимлар, адоғи йўқ сарпою тоғоралар кўп ҳолларда ортиқча муаммоларга йўл очмоқда.

Янги қурилаётган оила аввал бошидан жанжалу тортишувлар, йигит-қиз ёки қудаларнинг ўзаро келишмовчилиги билан бошланмоқда. Қудачилик — минг йилчилик, деган қарашларимиз, афсуски, кераксиз ҳою-ҳаваслар ортидан акс таъсирини кўрсатиб, қуда-андачилик ришталарини юзкўрмасликка, дилхираликка айлантирмоқда.

Минглаб меҳмон чақириб, энг қиммат ресторанларда, энг машҳур хонандаларни таклиф этган ҳолда ўтказилаётган тўйлар оқибатида кўпгина тўй эгалари қарзга ботиб қолмоқда. Ёки ортиқча стресс ва асаббузарликлар натижасида касаллик орттириб олишмоқда. Оила қураётган ёшлар эса тўйга чақирилмаган “фалончи” артистнинг дардида ёки “Love Story” уюштирилмагани аччиғида келишолмай қолишяпти.

Аждодларимиз асрлар давомида риоя қилиб келган анъаналар, миллий урф-одатлар унутила бошланди. “Чимилдиқ” миллий фильмимизни ҳар гал мароқ билан томоша қиламан. Боиси, унда тўйларимизга оид миллий урф-одат ва анъаналаримиз гўзал тарзда намоён этилган. 

Аммо бугунги кун ёшлари бундай урф-одатларимиз ҳақида ҳатто тасаввурга ҳам эга эмас. Бироз хабари бўлганлари ҳам уларга эскилик сарқити сифатида қарашади. Асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келган, миллий ўзига хослигимиз намоёни бўлган урф-одатларимиз шу тариқа йўқолиб кетмоқда. Уларнинг ўрнини эса оврўпача одатлар, миллийлигимизга, ўзбекчилигимизга тўғри келмайдиган, ёт урфлар эгалламоқда. 

Бугунги тўй-маросимларимизда шариатимиз қоида ва аҳкомларига амал қилинмай қўйилди. Ким уйланадиган бўлса, кучи етганича, ўзини ортиқча уринтирмасдан тўй қилиб бериши суннатдир, дейилади. Пайғамбаримиз cоллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уйланганларида имконлари борича тўй қилиб берганлар.

Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда “Пайғамбаримиз (С.А.В) Сафия онамизга уйланганларида меҳмонларни хайс (хурмо ва ёғдан тайёрланадиган, кўриниши биздаги ҳолвайтарга ўхшаган таом) билан меҳмон қилдилар”, дейилади. 

Яна Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Энг баракали никоҳ – харажатлари енгил бўлганидир” (Имом Байҳақий ривояти). Демак, никоҳнинг баракалилиги сабабларидан бири никоҳ харажатлари ва дабдабаларининг камроқ, енгилроқ бўлишидир. Тўйларда ҳам мўътадиллик йўлини тутиш динимизга хос хусусиятлардан саналади. 

Коронавирус пандемияси даврида тўйларимизни дабдабабозликдан холи, камчиқим, ихчам, меҳмонлар сони чекланган ҳолда ўтказишга бироз бўлсада мослашиб, кўникиб қолган эдик. Аммо бугун тўй-тантаналаримиз яна катта-катта давраларга кўчди, минглаб меҳмонлар чақирилади, яна қанча таниш-билишлар тўйга айтилмаганидан гина-гузора қилишади. Одмилик, камчиқимлик, ихчамлаштирилган тўй ўтказиш “уят ва гап-сўзга қолиш” даражасига етди.

Қиммат ресторанлару дабдабали тўйга, кийиб-кийилмайдиган сарполарга кетадиган сарф-харажатни янги оиланинг мустаҳкамлиги учун, ёшларнинг илм, касб-ҳунар  ўрганиши учун сарфланса, кўпроқ фойдали ва манфаатли бўлармиди?!

Афсуски, бугун ёши катталаримиз ҳам, илм-маърифатли, маънавиятли инсонлар ҳам “эл қатори” бўлиш илинжида дабдабабозликка йўл қўйишмоқда. Бугунги тўй-тантаналарнинг “эл қатори”си эса бир оиланинг бир умр йиғиб-терганию яна қарз кўтариб, миллионлар харажат қилинганидир.

Шоиримиз таърифлаганидек, тўй харжида юзта бой япон битта камбағал ўзбекка тенг келолмайди. Аммо японлар бор сармоясини ўзини ривожлантиришга, илм эгаллашга, фарзандининг юксалишига сарфлагани боис ҳар соҳада илгарилаб кетмоқда. Тўғри, тинч юртга, тўқ элга тўй-томоша татийди, ярашади. Аммо тўй-тантана ва маросимларда ҳам олтин ўрталиқни, мўътадилликни унутмаслик — энг муносиб йўл.