Ниҳоят кўпчилик кутган қонун кучга кирди

Ниҳоят кўпчилик кутган қонун кучга кирди

Экологик хавфсизлик нима? 

Бугун деярли барча ҳудудларимизда чанг кўтарилиши ҳолатлари тез-тез учраб, ҳаво таркибида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан ошаётгани фуқароларнинг турмуш тарзи, ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир этиб, оғир оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, мазкур ҳолатларга қурилиш майдонларидан чанг ва қум заррачаларининг шамол орқали ҳавога кўтарилиши ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, кейинги уч йилда қурилиш объектлари сони 3 баробарга ошган бўлиб, агар ҳеч қандай профилактик чоралар кўрилмаса, 500 кв.м.лик очиқ қурилиш майдонидан йилига ўртача 20–50 тоннагача чанг ва қум заррачалари ҳавога кўтарилиши мумкин. 

Таъкидлаш жоиз, амалдаги қонунчиликда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва шаҳарсозлик қоидалари доирасида айнан қурилишда чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишига йўл қўйганлик учун аниқ жавобгарлик назарда тутилмаган.

Президентимиз томонидан имзоланган – “Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонун айнан ана шу бўшлиқни тшлдириши билан ҳам аҳамиятлидир.

Энди ушбу қонун билан ўлчами 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудуд ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш, мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрорланса, мансабдор шахслар БҲМнинг 50 баравари миқдорида жаримага тортилади.

Маълумки, қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилиши локал таъсир кўрсатиш ҳолати ҳисобланиб, Давлат экологик назорати инспекциясининг масъул ходимлари томонидан юқори сезувчанликка эга бўлган махсус лаборатория ускуналари ва воситалари билан ўрганилади ва атмосфера ҳавосидан таҳлил намуналари олинади.

Таҳлил намуналарини олиш нуқталарида юқори сезувчанликка эга бўлган “ЭКОЛАБ” русумли кўп компонентли газоанализатор, термоанемометр “testo 425” русумидаги анализаторлардан фойдаланилади. Натижалар Санитария қоидалари ва нормалари бўйича РМ 10, РМ 2,5 моддаларнинг белгиланган меъёрлар билан солиштирилган ҳолда аниқланади.

Агар бир ҳудудда бир нечта юридик ёки жисмоний шахслар томонидан қурилишлар олиб борилаётган бўлса, ҳуқуқбузарлик уларнинг жойлашуви ва шамол йўналиши ҳисобга олинган ҳолда аниқланади.

Яна бир муҳим жиҳат: назорат тадбирларида қурилиш жараёнида дастлаб юк автотранспортларининг кириб чиқиши, кўз билан илғаш мумкин бўлган даражада чанг ҳавога кўтарилаётганлиги, чанг бостириш учун осма сув сепгичлар ўрнатилганлиги ва уларнинг ишлаётганлиги, шамол таъсирида ҳавога кўтарилиши мумкин бўлган қурилиш маҳсулотлари (қум, тупроқ, цемент, азбест в.б) ёки қурилиш чиқиндиларининг очиқ ҳолда сақланаётганлигига эътибор берилади.

Бир сўз билан айтганда, қонунда белгиланган нормалар фуқароларнинг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлашга, тартибсиз равишда ташланадиган чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф қилишга, юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва уларнинг шахсий жавобгарлиги ҳамда масъулиятини оширишга хизмат қилади.